Илк миллиардер ёзувчи


Сақлаш
11:53 / 29.06.2026 294 0

XXI асрда инсоният кўп азалий қадриятлардан узоқлашиб бораётгандай. Бир пайтлар одамларнинг уйида оила тарихини ҳикоя қилувчи албомларга кўзингиз тушарди. Кўпчилик кундалик тутарди. Бир-бирига мактублар битарди. Янги чиққан китоблар эса қўлма-қўл ўқиларди. Ҳозир китоб кўтариб юрган кишилар бармоқ билан санарли. Олиму мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолга замонавий технологиялар айбдор. Компютер, планшет ва мобил телефонлар одамларни дангаса қилиб қўйган эмиш. Демак, ҳаммасига замонавий технологиялар айбдор! Шундайми? 

 

Келинг, йигирма йилча бурунги кунларни эсга оламиз. Ўшанда ҳам одамларнинг уйида компютер, қўлида мобил телефон бор эди. Айниқса, ёшлар замонавий технологияларга муккасидан кетган, куну тун бош кўтармай компютерда ўйин ўйнарди. Кутилмаганда ҳаммаси бир кунда ўзгариб кетди. Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган, ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Худди эртакларга ўхшарди ўзиям. Болалар бирданига китобни қўлидан қўймай ўқий бошлади. Уларнинг айримлари ҳаётида илк марта янги китоб чоп этилишини интиқлик билан кутадиган бўлди. Китоб ўқиш баҳонасида дарсларга бормай, мактаб кунлари атай “касал” бўлиб қолишни ўйлаб топишди. Ота-оналар ҳам мутолаадан бош кўтармай қўйганига нима дейсиз? Қойилмисиз?

 

Лондон, Нью-Йорк, Сидней, Торонто ва дунёнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳали китоб дўкони очилишига ўн-ўн икки соат вақт бўлишига қарамай, одамлар навбатда турадиган бўлди. Харидорлар кўплигидан китоб дўконлари фаолиятини ўзгартириб, оқшомлари ҳам мижозларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Масалан, Лондондаги “Waterstones” ҳамда “WHSmith” китоб дўкони олдида бир кунда беш минг китобхон тўпланарди. Нью-Йоркдаги “Barnes & Noble” китоб дўкони олдидаги навбат эса бир нечта кварталга чўзилиб кетарди. Ҳали номини фақат қариндош-уруғлари ва таниш-билишлари биладиган Жоан Кетлин Роулинг хоним бир куни бутун дунёнинг адабиёт ва китобхонликка муносабатини ўзгартириб юборишини ўзи ҳам хаёлига келтирмаган бўлса керак.

 

 

Хўш, Жоан Кетлин Роулинг ким ўзи?

 

Жоан Кетлин Роулинг 1965 йилнинг 31 июлида жануби-ғарбий Англиянинг Глостершир графлигидаги кичик шаҳарчада дунёга келди. Отаси “Rolls-Royce” компаниясида муҳандис, онаси уй бекаси, сўнгроқ мактабда лаборант бўлиб ишлаган. У болалик чоғидаёқ ёзувчи бўлишни истарди. Беш ёшида эртак тўқиб, синглиси Дайанга, кейинроқ дўстларига айтиб берарди. Ўсмир чоғи жуда кўп китоб ўқир эди.

 

Англиянинг жануби-ғарбидаги Эксетер университетига ўқишга кириб, классик филология ҳамда француз тилини ўрганди. Францияда бир йил амалиёт ҳам ўтаб қайтди. Университетни тамомлагач, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Халқаро амнистия” ташкилотида икки йил тадқиқот олиб борди.

 

Орадан бир мунча вақт ўтиб, Жоан Роулинг инглиз тилидан дарс бериш учун Португалияга келди. У ерда маҳаллий журналист билан оила қурди. Кўп ўтмай қизи Жессика туғилди. Бироқ эри билан келишолмай оиласи бузилди. Жоан қизалоғи билан Буюк Британияга – опаси яшаётган Шотландия пойтахти Эдинбургга кўчиб ўтди.

 

Шундан сўнг Жоан Кетлин Роулинг ҳаётини бутунлай адабиётга бағишлади. Охирги бир неча йилда “Bloomsbury” нашриёти томонидан адибнинг етти романи нашр этилди: “Ҳарри Поттер ва ҳикматлар тоши” (1997), “Ҳарри Поттер ва махфий ҳужра” (1998), “Ҳарри Поттер ва Азбакан асири” (1999), “Ҳарри Поттер ва аланга кубоги” (2000), “Ҳарри Поттер ва Феникс жамияти” (2003), “Ҳарри Поттер ва тилсимот шаҳзодаси” (2005) ва “Ҳарри Поттер ва ўлим туҳфалари” (2007).

 

 

Аслида ҳаммаси 1990 йили Лондондаги “Кингс-Кросс” вокзалида бошланган эди. Ўша куни Манчестердан пойтахтга қатнайдиган поездни кутиб ўтирган ёзувчи илк марта афсунгар бола ҳақида ёзишни хаёл қилади. Сўнг беш йил давомида ёзилажак асарлари ва уларнинг эскизини чизиб яшайди.

 

Биринчи китобини Жоан Роулинг Португалияда ёзишни бошлаган эди, бироқ айрим сабабларга кўра давомини Шотландияда – Эдинбургдаги поччасига тегишли “Nickolson's” емакхонасида қизалоғини ухлатиб қўйиб ёзишига тўғри келди. Ҳозиргача ушбу емакхонанинг эгаси бир неча марта ўзгарган бўлса ҳам мазкур бино деворида осиғлиқ турган портрети ёзувчига ва унинг мухлисларига синовли, оғир ўтган ўша кунларни эслатиб туради.

 

Шу тариқа 1995 йилда биринчи китоб битди. Муаллиф асарнинг дастлабки уч бобини қатор адабий агентларга юбориб кўрди. Улардан фақат биттаси – Кристофер Литтл унга жавоб хати йўллаб, асарнинг давомини ҳам юборишини сўради. “Ҳаётимда олган энг яхши мактубим эди бу”, – деб хотирлайди ёзувчи.

 

 

Ниҳоят “Bloomsbury Children’s Books” нашриёти 1997 йилда афсунгар бола ҳақидаги илк китоб – “Ҳарри Поттер ва ҳикматлар тоши”ни чоп этишни бошлайди (бу вақтгача ўндан ортиқ нашриёт асарни босишдан бош тортган эди). Фақат нашриёт адибга бир шарт қўйди. Нима эмиш, ёзувчи китоб муқовасида тўлиқ исмини эмас, балки унинг бош ҳарфи ва фамилиясини кўрсатиши лозим. Ноширнинг фикрича, китоб муқовасида аёл ёзувчининг номи туриши ўғил болалар аудиториясида қизиқиш уйғотмаскан. Шу боис адиб китобларига J.K.Rowling деб имзо чекишга мажбур бўлди (бу ерда K ҳарфи Кэтлин номидан олинган бўлиб, ёзувчининг ота томонидан бувисининг исми).

 

Орадан беш йил ўтиб, китоб ўзининг илк мукофоти – “Nestlé Smarties Book Prize”ни қўлга киритди. Кейинчалик асар “British Book Award”, сал вақт ўтиб “Children’s Book Award” – йилнинг энг яхши болалар китоби деб эътироф этилди.

 

Орадан бир йил ўтиб асар АҚШда ҳам чоп этилди. “Scholastic” нашриёти асар номини “Ҳарри Поттер ва сеҳрли тош” деб ўзгартирган эди.

 

Адибнинг илк романи муваффаққият қозонганидан сўнг унинг кейинги китоблари ўқувчилар орасида талаш бўлди. Китоб савдоси бўйича рекорд ўрнатди. Масалан, 2008 йилда дунё бўйича Ҳарри Поттер сериясидаги китоблар 500 млн (баъзи манбаларга кўра 600 млн) нусхада сотилиб, 7 млрд АҚШ доллари миқдорида даромад келтирди. Бу китоб савдоси бўйича энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Бу романлар дунёнинг 80 дан ортиқ тилига таржима қилинди.

 

Ҳар сафар ёзувчига янги асарлари катта шуҳрат олиб келди. Ҳарри Поттер сериясидаги иккинчи ва учинчи жилдлар нашр этилганидан бир ой ўтиб-ўтмай улар Британия бестселлерлари рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Тўртинчи жилд эса Буюк Британия учун рекорд ҳисобланган бир миллион нусхада чоп этилди. Сотувга чиққан биринчи кунда энг кўп сотилган китобга айланди. Қизиғи, китобнинг бешинчи, олтинчи ва еттинчи жилдларида бу рекорд янгиланиб борди (энг охирги жилд биринчи савдо кунида 8,3 млн нусхада сотилган).

 

Ёзувчининг хотирлашича, Ҳарри Поттер ҳақидаги сўнгги романни меҳмонхонада ёзиб тугатганидан сўнг йиғидан ўзини тўхтата олмаган. “Бор овозда бақириб йиғладим, – дейди адиб. – Уйга бир аҳволда кириб келгандим. Ҳа, бу мен учун жуда оғир эди”.

 

 

Маълумки, 1990-йилларда болаларга бағишланган кўп китоблар кичкина ва реалистик руҳда бўлиб, фантастик асарларни асосан катта ёшдаги ўқувчилар ўқирди. Жоан Роулинг эса “семиз” ҳамда оғир асарларга ҳам болаларнинг тиши ўтишини исботлади. Ҳарри Поттер серияси атиги тўрт йилда болалар китоб бозорининг 28 фоиз улушига эга чиқди. Яна бир муҳим жиҳат – ёш афсунгар боланинг саргузаштлари катта авлод вакилларини ҳам ҳайратга сола олди. Истасак-истамасак-да бу жараён ҳамон давом этмоқда.

 

Ҳарри Поттер серияси фақат китобларда қолиб кетмади. Асарлар асосида бир қатор филмлар суратга олинди, энди сериалларга қўл урилмоқда. Товарларнинг брендига номи қўйилмоқда. Турли мамлакатлардаги истироҳат боғлари унинг номи билан аталаяпти.

 

Одатда ўсмирлик чоғларида одам китоб мутолаасидан анча узоқлашади деб ҳисобланади. Аммо бу борада барчанинг фикри ҳар хил. Китобхонликнинг ўсишида Жоан Руолинг асарларининг ҳиссаси катта деб биладиганлар ҳам талайгина. Хусусан, кўпгина ўқитувчилар, ота-оналар ва албатта ўқувчилар бу фикрни қўллаб-қувватлайди. “Yankelovich and Scholastic” нашриёти томонидан 260 нафар ота-она ўртасида бу борада сўров ўтказилган: иштирокчиларнинг 85 фоизи Ҳарри Поттер сабабли фарзандларининг китоб ўқишга қизиқиши ортганини билдирган бўлса, 76 фоизи айнан Жоан Руолинг асарлари ўқувчиларга мактабда яхши натижага эришишда ёрдам берганини таъкидлаган.