Давлат хизматчиси деганда кўз олдимизга оқ кўйлак, қора шимда салқин кабинетда компьютер клавиатурасини тиқиллатиб ўтирган ходим келади. Лекин ҳар куни соат 9 да келиб, баъзан 12 соатлаб ишда қоладиган, раҳбар мажлис қилса, бир қўлида блокнот, бошқаси кўксида, табассум билан кириб келадиган ходимнинг хаёлида нималар бор, у ҳар куни қандай ўйлар билан уйғонади, шахсий ҳаётида нима гап, булар кўпинча эътибордан четда қолади.
Ваҳоланки, дунё бўйича давлат хизматчилари маънавий чарчоқ рейтинглари бошида туради. Нега замонавий технологиялар ҳаётимизни енгиллаштириш ўрнига, “олмахон пойгаси”ни аввалгидан ҳам тезлаштириб юборди? Нима учун миллионлаб одамлар жамиятга реал фойда келтирмаган ҳолда офисларда кечгача қолиб кетмоқда? Тез-тез қулоғимизга чалиниб турадиган “work-life balance” (иш ва ҳаёт ўртасидаги мувозанат)га қандай эришса бўлади? Мақоламизда шу мавзулар ҳақида сўз юритамиз.
Стресснинг уч асосий омили
Кеннеди Гарвард мактаби (The People Lab) ва халқаро меҳнат ташкилоти тадқиқотлари маълумотларига кўра, дунёда ҳар учинчи давлат хизматчиси чуқур психологик чарчоқ ҳолатини бошидан кечиради. Улардаги ҳафсала сўниши бизнес муҳитникидан фарқли ўзига хос табиатга эга.
Ходимнинг 80% вақти реал ўзгаришлар эмас, охири йўқ мажлислар, раҳбар маъқулловини кутиш, ҳисоботлар ва текширувларга тайёрланишга кетади. Қилаётган ишининг мазмунсизлиги қисқа вақт ичида одамни маънавий ҳорғинликка етаклайди. Мансабдорнинг хатоси, одатда ҳуқуқий жавобгарлик, мисқоллаб йиғилган обрўни йўқотиш, омма олдида “шарманда бўлиш” каби оқибатларга олиб келади.
Мана шу каби омилларни ҳисобга олган ҳолда Республика Маънавият ва маърифат марказининг лойиҳалар бўлими томонидан 2025 йил сентябрь ойида вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган 30 858 нафар давлат хизматчиси иштирокида онлайн ижтимоий-психологик тадқиқот ўтказилди. Унда давлат хизматчиларининг иш юкламаси, руҳий чарчоқ, вазифаларнинг тартибсиз тақсимланиши ва меъёрлашмаган иш жадвалининг ижтимоий ҳамда психологик таъсири, меҳнатдан қониқиш даражаси, шунингдек, қабул қилинган ташкилий қоидаларнинг шахсий ҳаётга таъсири каби омиллар таҳлилига эътибор қаратилди.
Сўровномада иштирок этганларнинг асосий қисмини 25-44 ёшдаги фаол меҳнат давридаги шахслар қамраб олди. Ундаги аёллар улуши 57% ни, эркаклар улуши 43 % ни ташкил этди. Респондентларнинг 86% оила қурган, шундан 81,2%и фарзандли бўлиб, шахсий ҳаёт деганда, кўпчилик учун оила билан вақт ўтказишни тушуниши (67,1%) маълум бўлди.
Сўровномада қатнашганларнинг 40,9%и иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанат бузилиши кўпинча эмоционал чарчоқ орқали намоён бўлишини билдирган. Асосий стресс манбалари – молиявий муаммолар (55,6%) ва оиладаги салбий муҳит (24,3%).
Ортиқча ишлаш ва «презентеизм» феномени
Аксарият давлат хизматчилари 9 соатлаб ишда ўтириши, баъзида дам олиш кунлари ҳам ишхонадан чақириб олишлари, меҳнат кодекси амалда ишламаслигидан нолийди. Ваҳоланки, хусусий компания ва фирмаларнинг кўпида ходимнинг қиймати унинг ишда ўтказган вақти эмас, кўрсатаётган натижаси билан баҳолана бошлаган. Онлайн ва гибрид иш форматларида бахтиёр яшаётган, спорт билан шуғулланиши, шифокор кўриги ёки болаларининг мусобақасига бориб келиш учун раҳбардан рухсат олиши шарт бўлмаган инсонларни шахсан танийман.
Демак, гап шунчаки иш кўплигида эмас. Ўзбекистонда ўтказилган ижтимоий-психологик сўровнома натижалари муаммонинг туб илдизи бошқарув маданияти ва вазифалар тақсимотидаги тизимли нуқсонларга бориб тақалишини кўрсатди.
Тадқиқот давомида респондентлар жамоадаги мувозанатни бузувчи асосий омиллар сифатида интизом ва адолат етишмаслиги (33,8%) ҳамда вазифаларнинг нотўғри тақсимланишини (20,1%) қайд этишган. Бу натижаларни тушуниш учун замонавий менежментнинг иккита муҳим концепциясига мурожаат қилиш лозим.
Адолатсизлик ва намойишкорона овертайм (33,8%)
Илмий тилда «презентеизм» (инглизча presenteeism — «ишда бўлиш эффекти») деб аталадиган бу феномен иш жойида намойишкорона, керагидан ортиқ ўтириш маданиятини англатади. Британиянинг IPPR тадқиқот институти ва Хизматчилар ривожланиши институти (CIPD) давлат идораларидаги ушбу инқирозни қуйидагича тушунтиради:
Давлат секторида интеллектуал меҳнатнинг реал самарадорлигини ўлчаш мезонлари кўпинча мавҳум бўлгани сабабли, раҳбарият ходимлар содиқлигини классик усул — иш жойида ўтказган соатлари миқдорига қараб баҳолайди. Соат 18:00 бўлиши билан уйига кетадиган ходим, гарчи ўз вазифаларини сифатли бажарган бўлса-да, «тизимга бегона» ёки «масъулиятсиз» деб қабул қилиниши мумкин. Шу сабабли, лавозими ёки маоши ошишини кутаётган ходимлар «раҳбар кетгунича» кабинетда бемақсад ўтиришга мажбур бўлишади.
Ташкилий адолат назарияси (Ж. Гринберг) бўйича, агар жамоада қоидалар ҳамма учун бирдек ишламаса (интизом дефицити) ва меҳнатни баҳолашда шаффофлик бўлмаса, ходим учун ортиқча ишлаш ўзини ҳимоя қилишнинг ягона қуролига айланади. Жиддий топшириқ кутилганидек бажарилмай қолган тақдирда ҳам, тунги соат 22:00 гача офисда ўтирган ходим раҳбарга: «Ахир мен деярли ишхонада ётиб қолиб ишлаяпман, қўлимдан келганини қилдим!» дея ўзини ҳайфсан ёки ишдан бўшатилишдан асраб қолади.
Сўровномада қайд этилган вазифаларнинг нотўғри тақсимланиши кўрсаткичи (20,1%) дунёга машҳур «Ишга бўлган талаблар ва ресурслар модели» (Job Demands-Resources model, муаллифлар Баккер ва Демероути) орқали мукаммал тавсифланади.
Ушбу моделга кўра, стресс ва сурункали чарчоқ иш ҳажмининг кўплигидан эмас, балки талаблар (иш юкламаси) ва ресурслар (вақт, ваколат, вазифаларнинг аниқлиги) ўртасидаги номутаносибликдан келиб чиқади. Бу ерда иккита асосий муаммо намоён бўлади:
· Ролларнинг ноаниқлиги (Role Ambiguity): Раҳбарият томонидан топшириқлар хаотик тарзда («уни қил, буни қил, ким қилишининг фарқи йўқ» ёки аслида бошқа бўлим бажариши керак бўлган ишларни юклаш) берилганда, ходим ўз масъулият чегарасини тушуниш учун жуда катта маънавий энергия йўқотади.
· Ролларнинг ҳаддан ташқари юкланиши (Role Overload): Баккер ва Демероути тадқиқотлари исботлайдики, вазифалар нотўғри тақсимланганда ходим кундузги вақтини тизимли ишга эмас, балки бошыа биров томонидан «ўт қўйилган жойни ўчиришга» ва ўзига хос бўлмаган функцияларни бажаришга сарфлайди. Натижада, ўз асосий мажбуриятларини бажариш учун у фақат иш вақтидан ташқари — тунги соатлардагина вақт топа олади.
Когнитив тузоқ
Энг хавфли жиҳати шундаки, бу жараён тизимли инқирозни келтириб чиқаради. Ҳафтасига 50 соатдан ортиқ ишлайдиган одамнинг мияси қатъий энергия тежаш режимига ўтади. Диққат тарқалади, қарор қабул қилиш тезлиги кескин пасаяди. Оқибатда, руҳий ва жисмоний жиҳатдан дам олган ходим 1,5 соатда осонгина ҳал қиладиган масалага, кундузи бемақсад вазифалар билан чарчаган ва тунгача офисда қолиб кетган ходим 5 соатлаб ҳам тўғри ечим топа олмайди. Шу тариқа, жамоадаги адолатсиз муҳит ва хаотик бошқарув ходимларни офисга занжирлаб қўяди, аммо бундан давлат бошқаруви тизими учун ҳеч қандай реал наф ва самарадорлик юзага келмайди.
Давлат ишида энг ҳимоясиз бўғин – аёллар
Иш ва шахсий ҳаёт мувозанати ҳақида гап кетганда, гендер омилини четлаб ўтишнинг асло иложи йўқ. Ўзбекистонда ўтказилган давлат хизматчиларининг иш ва ҳаёт ўртасидаги мувозанатига доир тадқиқотда иштирок этганларнинг 57 фоизини аёллар ташкил этган – айнан улар тизимдаги муаммолар ва босимни кучлироқ ва оғриқлироқ ҳис қилмоқда. McKinsey & Co. («Women in the Workplace») ва Deloitte компанияларининг глобал ҳисоботларига кўра, аёллар эркакларга нисбатан ворк-лайф баланси бузилишидан анча кўп азият чекади ва раҳбарлик лавозимларида бу фарқ 10 фоизгача етади (маънавий ҳорғинликни бошидан кечираётган аёллар — 60%, эркаклар эса 50%).
Бу тафовутнинг бош сабаби – социологлар «Иккинчи смена» деб атайдиган феномендир. Халқаро меҳнат ташкилоти статистикасига кўра, аёл киши давлат хизматида тўлиқ иш кунини тамомлаб уйга қайтгач, уй-рўзғор ва фарзандлар парвариши бўйича иккинчи, ҳақ тўланмайдиган сменага киришади. Дунё бўйича аёллар маиший юмушларга кунига ўртача 4 соат 25 дақиқа, эркаклар бор-йўғи 1 соат 23 дақиқа сарфлашади.
Ўзбекистондаги сўровнома натижалари бу маиший юкларни яққол кўрсатиб берди: таътил даврида респондентларнинг 62 фоизи уйда маиший ишлар билан банд бўлишини баён қилган. Яъни, расмий дам олиш вақти ҳам аёллар учун уй-рўзғор мажбуриятларини бажариш палласига айланади.
«Анъанавий модел» тузоғи ва ёлғиз оналар муаммоси
Давлат хизматидаги мавжуд меҳнат маданияти ва қатъий иш жадвали тарихан бир қолип асосида шаклланган: давлат хизматчиси — бу уйида маиший юмушларни тўлиқ зиммасига олган аёли (рафиқаси) бўлган эркак. Уйда фарзандлар таълими, шифокор кўриги ва рўзғордаги юмушларни эплаб ўтирган аёли бор эркак офисда соатлаб ушланиб қолиши мумкин, аммо, аёл-чи?
Боласини боғчадан олиши, дарс тайёрлатиши ёки касал бўлганда парваришлаши керак бўлган ёлғиз оналар тизимдаги намойишкорона овертайм (презентеизм) талабларига жисмонан мослаша олмайдилар. Натижада уларнинг зиммасидаги руҳий ва жисмоний юклама каррасига ортиб кетади, карьерадаги ўсиш имкониятлари эса адолатсиз равишда чекланади.
Бундан ташқари, аёллар ўта юқори «когнитив солиқ» тўлайдилар. Монитор қаршисида ўтирганда ҳам аёлнинг миясида ўнлаб маиший вазифалар (болани шифокорга ёздириш, кечки овқатга масаллиқлар етарли экани, мактаб тадбирлари) айланаверади. Бу узлуксиз «шовқин» мияни психологик жиҳатдан қайта тикланиш (detachment) имкониятидан маҳрум қилади.
Шахсий ҳаёт “истилоси” ва уйқуга тўймаслик
Рақамли технологиялар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда: ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар иш билан боғлиқ муносабатларнинг шахсий ҳаёт билан аралашиб кетишига сабаб бўляпти. Сўровнома натижаларига кўра, бу кўрсаткич 74,7 фоизни ташкил этди. Мессенжерлардаги чексиз ишчи чатлар ва тунги топшириқлар ходимларни уйда ҳам доимий стрессда ушлаб туради.
Давлат хизматида оммавий уйқу инқирози юзага келишида бу омилнинг таъсири бор, албатта: ходимларнинг деярли ярми, яъни 43 фоизи тўйиб ухламасликдан азият чекишини билдирган. Респондентларнинг фақат 50 фоизи тунда тўлиқ тиклана олишини айтган. 21 фоиз ходимда эса доимий чарчоқ ҳолати сурункали тус олган.
Респондентларнинг 59 фоизида ҳозирча руҳий барқарорлик сақланиб қолаётган ва соғлиқ ҳамда оила устуворлиги (62,2%) фонида вақтни тўғри режалаштиришга (57,4% режа асосида ишлайди) ҳаракат қилишаётган бўлса-да, шахсий вақтидан атиги 45 фоиз ходим мамнун, холос. Энг хавотирли сигнал келажак билан боғлиқ режаларда акс этган: давлат хизматчиларининг 61 фоизи келгусида ўз соҳасидан кетиб, кўпроқ даромад ва эркинлик берадиган йўналишларни изламоқда.
Стратегик манифест: давлат хизматида инсон қадрини ошириш йўналишидаги 5 қадам
Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанати борасидаги тадқиқот таҳлиллари вазиятга аниқ ва тизимли ёндашув зарурлигини кўрсатади. Меҳнат маданиятини тубдан ўзгартиришга эҳтиёж мавжуд. Дунёдаги энг самарали амалиёт ва миллий ўзига хосликларни инобатга олган ҳолда, лойиҳа офиси томонидан қуйидаги тавсиялар таклиф этилади:
1. «Ишдан узилиш» ҳуқуқини (Right to Disconnect) жорий этиш
Франциянинг муваффақиятли тажрибасидан келиб чиқиб, “офлайн вақт” сиёсатини қонун даражасида мустаҳкамлаш зарур. Раҳбарлар ишдан ташқари вақтларда ишчи чатлар ва электрон почта орқали ходимлардан жавоб талаб қилиш ҳуқуқини йўқотиши керак. Белгиланган «core hours»дан ташқари ҳар қандай иш ходим розилиги билан қилиниши ва молиявий ҳамда қўшимча дам олиш кунлари билан қатъий компенсация қилиниши лозим.
2. Мослашувчан форматлар ва “ақлли” тақвимга ўтиш
Сингапур ва Буюк Британия тажрибасидан фойдаланган ҳолда, миллий қонунчиликка ходимнинг мослашувчан график ёки масофавий иш форматини талаб қилиш ҳуқуқини киритиш зарур. Сурункали чарчоқнинг олдини олишда японларнинг «Premium Friday» модели иш бериши мумкин. Бунда ходимларга ойнинг дам олиш кунларидан бирида ишдан эртароқ кетиб, оиласи билан вақт ўтказишга шароит яратилади.
3. HR'ни автоматлаштириш ва юкламаларнинг мустақил аудити
Офисда бесамар ўтириш ва презентеизм маданиятига чек қўйиш учун KPI (асосий самарадорлик кўрсаткичлари) баҳолашни автоматлаштириш ҳамда реал иш юкламасини мунтазам равишда мустақил аудитдан ўтказиш зарур. Ходимлар самарадорлиги уларнинг иш курсисида неча соат ўтирганига қараб эмас, балки шаффоф, рақамлаштирилган натижалар асосида баҳоланиши шарт. Жамоалар ичида аноним қайта алоқа (фидбек) каналлари фаол жорий этилиши лозим.
4. Корпоратив фаровонлик дастурларини (Workplace Wellbeing) жорий қилиш
Давлат ўзининг энг асосий ресурсини асраб қолиш учун инвестиция киритиши шарт. Идора ва вазирликларда ихтисослаштирилган психологик қўллаб-қувватлаш марказлари ва стрессни бошқариш дастурлари (Stress Management Programs) йўлга қўйилиши зарур. Иш куни давомида ходимларнинг психологик дам олиши ва миянинг когнитив функцияларини қайта тиклаши учун қисқа танаффуслар (micro-breaks) расман қонунийлаштирилиши керак.
5. Институционал ислоҳот ва Адолат кодекси
Янги корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш учун «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунни модернизация қилиш ва унга ворк-лайф балансининг замонавий стандартларини сингдириш лозим. Ички «Адолат ва шаффофлик кодекси»нинг ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши ҳар бир хизматчининг шахсий чегараларига бўлган ҳурматни кафолатлаган ҳолда, жамоалардаги микроиқлимни соғломлаштиришга хизмат қилади.
Ҳақиқий мувозанат қатъий назорат ўрнатилган жойда эмас, балки ўзаро ишонч пайдо бўлган ерда бошланади. Бахтли, уйқуга тўйган ва куч-қувватга тўла ходим давлатга ҳам, фуқароларга ҳам, тун ярмида кўзларини ишқалаб, мониторга тикилиб ўтирган ходимга қараганда бир неча баробар кўпроқ фойда келтиради.
Висола ҚАРШИБОЕВА,
журналист
Санъат
Тарих
Тарих
Жараён
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ