ХХ аср бошларида Туркистон тараққиёти учун жон куйдириб, ислоҳотлар олиб борган жадидлар жамиятнинг ҳар бир бўғинига эътибор қаратиб, жумладан оиланинг муқаддаслиги, унинг бола тарбиясидаги аҳамиятини ёзиб ўтганлар. Маърифатпарвар Абдулла Авалонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деб таъкидлаши бежизга эмасди [1,13]. Жадид зиёлилари узоқни ўйлаб, Туркистоннинг ўтмишига назар солган. Давлатларнинг ютуқ ва камчиликларини ўрганиб, жамиятнинг ҳар бир бўғинини таҳлил қилганлар. Шу боис ҳам улар биринчи навбатда ислоҳотни таълим ва тарбиядан бошлаган. Бу ўринда оиланинг ўрнига ҳам урғу берганлар.
Жадидлар оила асосини тўғри қуриш орқалигина жамиятни ислоҳ қилиш, тарққиёт сари йўналтириш мумкин деб билган. “Садои Туркистон” газетаси 1914 йил 6 май сонида Холид Саидхўжаевнинг “Жим ўтир, жувонмарг, гапирма, ҳароми” номли мақоласи нашр этилади. Сарлавҳада қўпол сўзлардан фойдаланилгани беъжизга эмас. Муаллиф оилада маънавий тарбия боланинг келажаги, камолотини ўйлаб дастурланиши лозимлигини тарғиб қилади. Унда ёш авлоднинг истеъдоди, дунёқараши, эркин ва мантиқий фикрлаши учун тўсқинлик қилувчи муаммолар ҳақида фикр юритади. Тарбияни маълум бир муассасага боғлаб қўймай, жамиятнинг ҳар бир бўғини масъуллигини кўрсатади. Болани ёшлигидан тарбия этиш, таълим бериш лозимлигини уқтиради. Холид Сайид тили билан айтганда: “Бир миллатнинг боласи ул миллатнинг бақои номи учун дунё боғчасиға ўтказган ниҳолидир” [2].
Тараққийпарвар Обиджон Маҳмудов ташаббуси билан Қўқонда нашр этилган “Садои Фарғона” газетасида Ҳолид Саид “Тарбият иксири азимдур” номли мақоласида ҳам тарбия масаласини кўтариб, ўз замонасининг тарбиявий аҳволидан хабар беради ва унинг оқибатини айтади. Яъни, “Бизлар саришта тарбиятни йўқотдик, бу шарафдан маҳрум бўлдик, ҳақиқатни кетмон қилмоқға виждоним қабул қилмади. Вужудимда бор нидо қилурман ким бизда на асослик тарбия аҳлоқия қолди, на тарбия илмия қолди, бутун маҳв бўлди. Эй миллат, инонинг ва муқаррар билингким, сиз бу ҳол билан кетсангиз маҳшарда юзингизга аждод ислофингиз ҳам тупурур, авлодингиз ҳам тупурур”, деб ёзади [3].
Холид Саид ушбу мақоласида “Биз миллатнинг вужуд ва бақоси учун лозим бўлган тарбия аҳлоқия ва тарбия илмияси бўлмаса у миллатнинг ҳоли нима бўлур?”, деб савол бераркан, жавоб сифатида тарбиянинг этагидан тутишни тавсия этади. Оиладан бошланган тарбия тўғри бўлмас экан, фарзанднинг камолоти қандай кечиши барчамизга аён. Маърифатпарвар ўз даврида ана шу жиҳатларни тўғри англаган ҳолда ҳамиша тарбия масаласини олдинги ўринга қўйган.
Маърифатпарвар Ҳожи Муин ҳам ўз замонаси кишилари тарбиясига назар ташлаб: “Бутун Туркистон авомларининг кўбиси адабсиздур. Мунинг сабаби, аввал ўз уйида, сўнгра мактабда лозиминча тарбия кўрмаслиги ва жаҳолатдур”, деб ёзади. Кўриб турганимиздек, биринчи айб оиладаги тарбияга юкланмоқда. Бугун жамиятимизда мактабдаги таълим-тарбияга кўп танқид тошлари отиляпти. Бу борада зиёлиларимиз каби фикрлаш оқилроқ йўл бўларди. Оилада яхши тарбия бермай туриб, боланинг келажагидан буюк орзулар кутиш унчалик тўғри эмас. Оиладаги тарбиянинг яхшилиги ўқувчининг мактабдаги таълимига ижобий таъсир этади. Акс ҳолда, Луқмон (ҳаким бўлган доно бир шахс)нинг боласи ҳам золим бўлиб вояга етиши ҳеч гапмаслигидан далолат беради. Бу борада Абдулла Авлонийнинг қуйидаги тўртлиги ўринлидир:
“Туғиб ташлаш билан бўлмас бола, бўлғай бало сизга,
Вужуди тарбият топса бўлур ул раҳнамоқ сизга.
Темирчининг боласи тарбият топса, бўлур олим,
Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса, бўлғуси золим” [4,12].
Мазкур мавзуда Абдурауф Фитратнинг ушбу сўзлари ҳам муҳимдир: “Халқнинг давлатманд ва бахтли бўлиб, иззат-ҳурмат топиши, жаҳонгир бўлиши ёки заиф бўлиб, хорликка тушиши, фақирлик жомасини кийиб, ўзгаларга тобеъ, қул ва асир бўлиши болаликдан ўз ота-оналаридан олган тарбиялариға боғлиқ” [5,262]. Бу фикрлар муаллифнинг узоқ кузатишлари ва таҳлили хулосаси бўлиб, у шулар асосида “Оила” (1915) асарини яратди. Асар чин маънода ёш авлод учун ҳаётий қўлланма. У тарбиянинг бош қисмини оиладан бошланади деб кўрсатади. Яъни, “Тарбиянинг ҳар бир қисми туғилишдан етти ёшгача аввал ота-она зиммасига тушади. Саккиз ёшдан йигирма ёшгача мактаб ва мадраса зиммасига, кейинг умрининг охиригача одамнинг ўз бошига тушади” [6,62]. Муаллиф оиладаги муҳит ва тарбия фарзанднинг кейинги камолотида муҳим рол ўйнашини, қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва қудратли бўлишини таъкидлайди.
Бугун жамоат орасида ёшларнинг кичик бўлса-да ахлоқий ёки муомала маданияти, хатти-ҳаракатидаги нуқсонларга кўзимиз тушади. “Оммавий маданият” ниқоби остида бутун дунёга кенг тарқалаётган ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм каби бузғунчи ғоялар тарғиботи интернет орқали кучайиб бормоқда. Замонавий техналогияни чеклаб бўлмайди, албатта. Аммо улардан тўғри мақсадларда фойдаланишни йўлга солиш учун, биринчи навбатда, оиладаги маънаий тарбияни тўғри йўлга қўйсак, ҳар бир ота-она фарзандининг қизиқишларига эътибор бериб, уларнинг фикрини тингласа, ижобий ва салбий жиҳатларни кўрсатиб, ахлоқий тарбиясига жиддий ёндашса, бола камолоти ҳам ўзгача тусга киради. Боланинг қорнини тўқ, устини бут, дарсидан берилган вазифаларини назорат қилиш, кундалигидаги баҳоларидан хурсанд бўлиш билан чекланмай, унинг маънавий тарбиясига ҳам вақт ажратилиши шарт. Бу борада Фитрат шундай ёзади: “Ахлоқий тарбия талаб даражасида бўлмаса, ақлий ҳамда жисмоний куч ўзи ёки атрофдагилар зарарига ишлайди” [7,83]. Боланинг ақлий ва жисмоний тарбияси ҳабада бўлмаслиги учун фарзанднинг ахлоқий тарбияси билан жиддий шуғулланиш лозим. Маърифатпарвар Абдурауф Фитрат назарида ҳаётнинг фарзандлар шаклида давом этиши, фақат оила эмас, балки миллатнинг ҳам куч-қудратини, шаън-шавкатини билдирувчи омил ҳисобланади.
Фитратнинг “Нажот йўли” асаридаги қуйидаги фикрни хулоса ўрнида келтирсак: “Фарзандининг бахтсиз бўлишини истамаган ҳар бир ота-она уни мустақил ҳаётга қўйиб юборишдан олдин жисмонан соғлом, солим фикр ва чиройли хулқ билан қуроллантириб қўйиши керак”. Санаб ўтилган жиҳатлар тўкис қилинар экан, ўйлаймизки, жамиятда ҳеч ҳам ёмонликка ўрин қолмайди. Бунинг асосини эса оиладан бошлаш зарур.
Абдували ЙЎЛДАШЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
1. Маърифатпарвар шоир. А.Авлоний таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан. Тошкент. 2003. – Б. 13.
2. Холид Саид. “Жим ўтир, жувонмарг, гапирма, ҳароми” // Садои Туркистон. 1914 йил 6 май.
3. Холид Саид. Тарбият иксири азимдур // “Садои Фарғона” газетаси. 1915 йил 15 май.
4. Маърифатпарвар шоир. А.Авлоний таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан. Тошкент. 2003. – Б. 12.
5. Абдурауф Фитрат. Оила ёки оилани бошқариш тартиблари. Танланган асарлар. 4-жилд. Тошкент. 2006. – Б. 262.
6. Фитрат А. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. Масъул муҳаррир Д.А.Алимова. 2-нашр. Тошкент: Маънавият, 2000. – Б. 62.
7. Фитрат А. Оила ёки оила бошқариш тартиблари. Масъул муҳаррир Д.А.Алимова. 2-нашр. Тошкент: Маънавият, 2000. – Б. 83-84.
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ