Ижтимоий тармоқ алгоритмлари шунчаки товар сотувчи механизмгина эмас. Улар бугунги кунда маданият, янги ғоя ва ижтимоий нормаларни бевосита шакллантирувчи, баъзида эса мажбурлаб сингдирувчи асосий воситага айланиб улгурган. Алгоритмлар бизга бутунлай нотаниш бўлган янги маданият ва қадриятларни мисли кўрилмаган тезликда олиб киради. Япониянинг аниме эстетикаси, Корея поп маданияти ёки маълум бир чекка ҳудуддаги турмуш тарзи бир зумда глобал трендга айланиши айнан шу шахсийлаштирилган тизимларнинг хизматидир. Қайсидир мавзудаги видео кўпроқ фойдаланувчиларни эътиборини тортгани учун, алгоритм бу видеоларни бошқа фойдаланувчилар лентасига ҳам тиқиштира бошлайди. Яъни инсон ва машина ўртасидаги бу тинимсиз мулоқот жараёнида алгоритмлар нима муҳим, нима «тренд»да эканини ҳал қилиб берувчи энг қудратли ахборот дарвозабони вазифасини ўтайди.
Дўстингиз билан қайсидир бренднинг янги маҳсулоти, қизиқарли бир китоб ёки яқинда бўлиб ўтадиган халқаро сиёсий форум ҳақида шунчаки суҳбатлашдингиз. Бир неча дақиқа ўтиб, смартфонингизни қўлга оласизу, Instagram, TikTok ёки YouTube лентангизни очганингизда айнан ўша маҳсулот, ўша давлат ёки ўша мавзуга оид видео, реклама ва постлар қаршингиздан чиқа бошлайди. Ваҳоланки, сиз у саҳифаларга аъзо эмассиз, у инсонларни танимайсиз ва қидирув тизимига ҳеч нарса ёзганингиз ҳам йўқ.
Таниш ҳолат, шундай эмасми?! Бугунги кунда миллионлаб одамларни бир хил савол ўйлантирмоқда: «Ижтимоий тармоқлар бизни эшитадими? Мен ўзим хоҳлаган видеоларни кўряпманми ёки тизим мен учун қарор беряптими?».
Аслида эса гап анча чуқурроқ ва мукаммалроқ тизим — Алгоритм кучи ҳақида бормоқда. Биз ҳар куни фойдаланадиган ижтимоий тармоқлар шунчаки контент жамланган оддий платформалар эмас. Бугун ҳар бир инсоннинг ижтимоий тармоқ лентаси худди бармоқ изи каби ўзига хос. Сизнинг смартфонингиздаги контентлар тартиби ва таркиби дунёдаги бошқа ҳеч бир инсоннинг телефонида айнан шу кўринишда такрорланмайди. Ҳар бир саҳифа, ҳар бир фейд шахсийлаштирилган. Хўш, тизим биз нимани хоҳлаётганимизни, нима ҳақида ўйлаётганимизни қаердан билади? Умуман, бизнинг маълумотларимиздан қандай фойдаланилмоқда?
Келинг, рақамли дунёнинг парда ортига назар ташлаймиз: алгоритмларнинг ишлаш механизми, улар биз қолдираётган кўринмас рақамли изларни қандай таҳлил қилиши ва бу «шахсийлаштирилган дунё» бизнинг фикрлашимиз ва қарор қабул қилиш жараёнларимизни қандай шакллантираётганини таҳлил қиламиз.
Алгоритм нима? У қандай ишлайди?
Алгоритм – аниқ бир мақсадга эришиш ёки маълум бир муаммони ҳал қилиш учун бажарилиши керак бўлган кўрсатмалар (қадамлар) кетма-кетлигидир. Алгоритмлар фақат компьютерларга тегишли тушунча эмас. Биз улардан кундалик ҳаётимизда ҳам фойдаланамиз. Масалан, ошхонада таом тайёрлаш рецепти инсонлар учун ёзилган алгоритмдир: унда қайси маҳсулотни биринчи солиш, қанча вақт қайнатиш ва неча градусда пишириш қадам-бақадам кўрсатилади. Агар кетма-кетлик бузилса, таом ўхшамаслиги мумкин.
Рақамли дунёдаги алгоритмлар ҳам компьютер, дастур ва ижтимоий тармоқлар учун худди шундай йўриқнома вазифасини бажаради. Улар ўз-ўзидан мавжуд бўлолмайди, балки махсус тарзда компьютер, ижтимоий тармоқ ва дастурлар учун ишлаб чиқилади.
Алгоритмлар ижтимоий тармоқ (Instagram, TikTok, YouTube) ва қидирув тизимлари тўрт асосий босқичда ишлайди:
Биринчи босқич – маълумотларни йиғиш. Сиз тизимга кирганингиздан бошлаб, алгоритм сиз ҳақингиздаги ҳар бир кичик детални кузатади ва ёзиб боради. Бу маълумотлар икки турга бўлинади: биринчиси – очиқ сигналлар: бунда сиз «лайк» босган контент, ёзган изоҳ, қидирувга киритган сўзларингиз ва обуна бўлган саҳифаларингиз инобатга олинади. Иккинчиси эса яширин сигналлар бўлиб, сиз бирор видеони тўхтатиб, охиригача кўрдингизми ёки шунчаки ўтказиб юбордингизми? Экранингиз айнан қайси пост устида бир неча сония тўхтаб турди? Мана шу яширин сигналлар сизнинг ҳақиқий қизиқишларингизни очиб беради.
Иккинчи босқич эса фильтрлаш ва таҳлил қилиш жараёнидир. Алгоритм йиғилган триллионлаб маълумотлар ичидан айнан сизга мос келадиганларини ажратиб олиш учун махсус фильтрлардан фойдаланади. Бунинг ҳам икки асосий усули бор. Биринчиси, агар сиз аввал машиналар ҳақида видеоларни кўрган бўлсангиз, тизим сизга яна машиналарга оид бошқа видео ва постларни тавсия қилишни бошлайди. Иккинчи усулда эса алгоритм сиз ва бошқа бир фойдаланувчининг қизиқишлари ўхшашлигини аниқлайди. Агар ўша фойдаланувчи янги бир видеони қизиқиб кўрган бўлса, алгоритм: «Бу видео фалончига ёқди, демак, Лейлага ҳам ёқиши мумкин» деб, уни сизнинг лентангизга ҳам олиб киради.
Учинчи босқичда эса тизим мураккаб ҳисоб-китобни амалга оширади, видеоларни саралайди ва сизга энг мос бўлган контентни тахминий баҳолайди. Ушбу босқичда Сунъий интеллект (СИ) ва Машина ўргануви моделлари ишга тушади. Алгоритм минглаб контентлар ичидан қайси бири сизга энг кўп ёқиши мумкинлигини фоизларда ҳисоблаб чиқади. Масалан: «Ушбу видеони Лейла охиригача кўриш эҳтимоли 92%, унга «лайк» босиш эҳтимоли 78%».
Якуний босқич – натижа. Энг юқори балл ёки фоиз тўплаган видео, реклама ёки постлар сизнинг шахсий лентангизда биринчи ўринларга жойлаштирилади. Тизим сизга тавсия қилаётган видеоларга сиз тарафингиздан қаратилган эътибор ва юқорида таъкидланган очиқ ва яширин сигналлар асосида сизнинг шахсийлаштирилган лентангиз доимий равишда шаклланиб боради. Бу жараён эса узлуксиз равишда давом этади.
Нима учун тизим бизни «эшитаётгандек» туйилади?
Сиз муҳокама қилган нарса телефонда чиқиб қолса, «тармоқлар мени яширинча эшитмоқда» деб ўйлашингиз табиий. Аслида, замонавий алгоритмлар шунчалик ақллики, уларга сизни тинглашнинг кераги ҳам йўқ.
Шундай бўлса-да, агар сиз илова ўрнатаётганда микрофондан фойдаланиш учун рухсат берган бўлсангиз, тизим сизни эшитади ва маълумотларни эслаб қолади. Алгоритм эса яна қўшимча омиллар орқали «башорат» қилади.
Масалан, бирор манзилни геолокация орқали қидирганингизда, «сиз турган манзилни аниқлаш учун рухсат» сўралади. Натижада, тизим фойдаланувчи қаерда эканини аниқлайди ва шу асосда унинг ижтимоий тармоқлари ёки Google рекламалари орқали қидирилган объектнинг яқин атрофдаги вариантларини тавсия қилади. Бундан ташқари, cooki файллари, реклама идентификаторлари ва берилган розилик орқали ҳам реклама асосида маълумот алмашинуви содир бўлади.
Фойдаланиш шартларига берилган розилик ва Wи-Фи тармоқлари йиғадиган маълумотлар
Кўпинча сайтлар тезроқ очилиши учун шартларни ўқиб ҳам ўтирмасдан «ҳаммасига розилик бериш» тугмасини босиб юборамиз. Натижада, маълумотларимиз йиғилиб, таҳлил қилинади ва улар ҳам алгоритмлар учун яхши пойдевор бўлади.
Бундан ташқари, WиФи тармоқларидан фойдаланилганида ҳам фойдаланувчи маълумотлари серверга узатиб турилади. Европада шахсий интернетнинг ойлик тўлови қанчалик қиммат бўлмасин, бундан хабардор инсонлар Wи-Фи тармоғидан фойдаланмай, шахсий трафик ишлатишни маъқул кўради.
Шунингдек, алгоритмлар фойдаланувчининг ёши, жинси, яшаш жойи ва ўтган ҳафтадаги кайфияти асосида бугун нима ҳақида ўйлаётган бўлиши мумкинлигини ҳам математик аниқликда топа олади.
Фойдаланувчи диққати – йирик сармоя
Ижтимоий тармоқларда вақт қандай ўтиб кетганини мутлақо сезмай қоламиз. Бу шунчаки тасодиф эмас, ирода етишмаслигидан ҳам далолат бермайди. Шунчаки, экранда чиқаётган ҳар бир контент айнан ўша фойдаланувчи учун, унинг ҳис-туйғуларию яширин хоҳишларига мос келади. Юқорида саналган барча деталлар чуқур таҳлил қилиниб, маълумотлаштириш тизимининг бир қисмига айланади.
Платформаларнинг ягона мақсади – фойдаланувчи миясида дофамин гармонини ишлаб чиқаришдан тўхтамаслик саналади. Бизга тинимсиз завқ берадиган ёки қизиқишимизни оширадиган видео ва постлар сабабли, саҳифани скроллинг қилиш(варақлаш)да давом этамиз. Иловада қанча узоқ қолсак, эътиборни харид қилишни истаган рақамли маркетинг олами ва йирик брендлар учун шунчалик қимматли сармояга айланамиз.
Дунё мамлакатлари аҳолиси ижтимоий тармоқларда қанча вақт ўтказади?
Қизиғи шундаки, инсонларнинг ижтимоий тармоқларга бўлган муносабати ва ажратадиган вақти дунёнинг қайси нуқтасида яшашига қараб кескин фарқ қилади. Халқаро рақамларга юзлансак, фарқли манзарага гувоҳ бўламиз. Масалан, Жануби-Шарқий Осиё, хусусан Филиппин ва Индонезия аҳолиси кунига ўртача 3,5–4 соатгача вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказади ва бу мутлақ жаҳон рекорди саналади. Лотин Америкаси мамлакатларида бу кўрсаткич 3–3,5 соатгача етса, Яқин Шарқ давлатларида ўртача 3 соатни ташкил этади. Бизнинг тасаввуримизда технология энг кўп ривожланган АҚШда бўлса фойдаланувчилар кунига 2 соат-у 20 дақиқа, Ғарбий Европада яшовчилар тахминан 2 соат атрофида вақтини ижтимоий тармоқларга сарфлайди. Энг қисқа вақт сарфланиши японларга хос бўлиб, улар ижтимоий платформаларга кунига бор-йўғи ўртача 55 дақиқа ажратади.
Бу рақамлар йирик брендлар, глобал ПР кампаниялар ва инфлюенсерлар нега ўз ҳаракатларини биринчи навбатда айнан шу минтақага қаратишларини яққол тушунтиради. У ерда аудиториянинг контент истеъмол қилиш чегараси Ғарб бозорларидагидан анча баланд ва мослашувчан саналади.
Алгоритмлар шунчаки ҳаммага бир хил «тўр» ташламайди, балки ҳар бир минтақанинг ижтимоий хулқ-атвори ва психологик табиатига аниқ мослашади. Филиппинлик фойдаланувчини тўрт соат давомида зериктирмай экранга «михлаб» қўядиган динамик стратегия, япониялик фойдаланувчи 55 дақиқа сарфлаганида ҳам худди шундай ишлаши керак. Аммо бу сафар тизим қисқа вақт ичида асосий рекламаларни кўрсатиш ва фойдаланувчи онгига сингдириш учун ишлайди. Оқибатда, гўёки ўзимиз танлаган қизиқишларимиз асосида қурилган бу ёқимли рақамли реаллик, аслида кўринмас иплар орқали ҳаммамизни йирик корпорацияларга миллиардлаб доллар фойда келтирувчи улкан экотизимнинг марказига жойлаштириб қўяди.
Алгоритмлар бизнинг дунёқарашимизни қандай шакллантиради?
Масаланинг анча оғриқли томони шундаки, маълумотлаштириш жараёни орқали ҳаётимизнинг ҳар бир жиҳати рақамли кўрсаткичларга айланади. Алгоритмлар бизни чалғитмаслик ёки зериктирмаслик учун кўпинча фақат ўзимизнинг қизиқишларимизга «мос» келадиган ғояларни кўрсатади. Бу эса бизни ўзига хос «фильтр пуфакчалари» ва «акс-садо хоналари»га қамаб қўяди. Платформалар бизга фақат биз эшитишни хоҳлаган фикрлар ва бизнинг дунёқарашимизни тасдиқловчи маълумотларни қайта-қайта тақдим қилади. Янги, аммо бизнинг аввалги қидирув тарихимизга зид бўлган теранроқ ғоялар, муқобил маданиятлар эса шунчаки тасмамиздан тушиб қолади. Худдики, дунёни «ўз фильтрлашимиз» билан кўришни бошлаймиз.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалар, чиндан ҳам шахсий истак ва қизиқишларга мослашган. Улар дунёқараш ва қадриятларимизни аста-секинлик билан ўз қолипларига солувчи кўринмас ва мураккаб тизимдир. Биз ҳар сафар экранга термилиб, узлуксиз тасмага шўнғир эканмиз, «ўзим танлаяпман» деган иллюзия ичида яшаймиз. Масаланинг асл моҳияти ҳам шу ерда кўринади.
Навбатдаги қисқа видеони кўриш учун саҳифани айлантираётганингизда, бир он тўхтаб, ўзингизга савол беринг: сиз кўраётган видеолар ва улардаги маълумотларни ростдан ҳам ўзингиз хоҳлаб танладингизми ёки алгоритм сизнинг психологик заиф нуқталарингизни топиб, контентни моҳирлик билан «сотдими»? Аслида ижтимоий тармоқлар сизга хизмат қиляптими ёки сиз уларга? Фойдаланиш «бепул» бўлган бу ижтимоий тармоқларга фойдаланувчи сифатида нима билан тўлов қиляпсиз? Вақтингиз, эътиборингиз ёки маданий ва ғоявий қадриятлар ўзгариши биланми?
Машҳура РАҲМОНОВА
Oyina.uz
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ