Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Мустақиллик тўйи” фестивали бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг 17 июнь кунидан бошлаб таниқли адиблар, санъаткорлар, маданият арбоблари ва зиёлилардан иборат тарғибот гуруҳи Навоий вилоятида ўз фаолиятини бошлади.
Ягона Ватанимиз равнақи, халқимиз бирдамлиги ва Янги Ўзбекистон бунёдкорлик ғояларини тарғиб этишга қаратилган ушбу фестивал доирасида аҳоли билан маънавий-маърифий учрашувлар, адабий суҳбатлар, маданий тадбирлар ва кўнгилочар дастурлар ташкил этилди.
Дастлаб Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрида фестивал доирасида “Кинокарвон” лойиҳаси кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда аҳоли ва ёшлар учун миллий қадриятлар, ватанпарварлик ва юртга садоқат ғояларини тарғиб этувчи бадиий ҳамда ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.
Нурота туманида давом этган байрам тадбирлари доирасида аҳоли, айниқса ёшлар учун маданий-маърифий дастурлар, концерт чиқишлари ва қизиқарли учрашувлар ташкил этилиб, юртимиз тараққиёти ва халқимиз бирдамлигини тараннум этувчи байрамона муҳит ҳукм сурди.
Фестивал доирасида Томди туманидаги Томдибулоқ, Ақтов овулларида “Яхшилик карвони” лойиҳаси амалга оширилди. Шунингдек, мазкур тумандаги “Ақтов”, “Шарқ” ОФЙ аҳолиси иштирокида “Шукроналик” учрашувлари ташкил этилди. Унда узоқ йиллар турли соҳаларда фаолият юритган фахрийлар, шунингдек, эътибор ва меҳрга муҳтож аҳоли ҳолидан хабар олинди.
Байрам шукуҳи Зарафшон шаҳридаги болалар оромгоҳида давом этди. “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” лойиҳаси асосида 200 нафар оромгоҳ тарбияланувчилари учун қизиқарли чиқишлар, миллий қўшиқлар, рақслар ҳамда интерактив саҳна кўринишлари тақдим этилди. Мазкур лойиҳа ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади, десак адашмаймиз.
Таъкидлаш жоиз, фестивал иштирокчилари Жаҳон чемпионатида муносиб қатнашаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг дастлабки ўйинини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан томоша қилиб, қўллаб-қувватлашди. Футбол учрашуви жамоавий тарзда томоша қилиниб, ҳар бир муваффақиятли ҳаракат қизғин олқишлар билан кутиб олинди.
Фестивал иштирокчилари, Нурота чашмасини зиёрат қилиб, муқаддас қадамжонинг тарихи ва маънавий аҳамияти билан танишдилар.
Навбаҳор туманидаги “Сармиш” оромгоҳида ҳам “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари” лойиҳаси доирасида 300 нафар бола иштирокида маданий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, “Бешработ” ва “Келачи” маҳаллаларида “Яхшилик карвони” тадбирлари ўтказилиб, нуронийлар ҳолидан хабар олинди. Жумладан, туманнинг “Қалқон ота” маҳалласида истиқомат қилувчи Шоди бобо Азимов хонадонида бўлишди. Отахон туманнинг фахрли нуронийларидан бири. У киши узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, туман тараққиётига муносиб ҳисса қўшган.
Фестивал давомида тумандаги “24/7” масканида 1500 нафар аҳоли иштирокида гала-концерт ташкил этилиб, санъаткорларнинг чиқишлари намойиш этилди.
Навбатдаги локация Зарафшон шаҳридаги Мудофаа вазирлиги қўмондонлигига қарашли ҳарбий қисм бўлди. Ушбу масканда фестивалнинг ўзига хос лойиҳаларидан бири – “Шижоат” ватанпарварлик тадбири бўлиб ўтди.
Давлат мудофаа қудратини намойиш этиш ва ҳарбийларнинг халқ билан мулоқотини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбир давомида Ватанга садоқат, миллий ғурур, ҳарбий хизматнинг шарафли бурчи ва Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маърифий мулоқотлар ўтказилди.
Навоий шаҳридаги Машинасозлик заводида ҳам маърифий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда юртимизнинг таниқли санъаткорлари, шоир ва шоиралар иштирок этиб, Ватанга муҳаббат, тинчлик, бирдамлик ва мустақилликнинг бебаҳо неъматлари ҳақида самимий фикр-мулоҳаза билдирдилар. Учрашув давомида шеърлар, куй-қўшиқлар ва маънавий-маърифий чиқишлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Фестивалнинг “Маърифат тур” лойиҳаси доирасида маҳаллалардаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оила фарзандларини Самарқанддаги Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуасига зиёрат ва саёҳатлари ҳам ташкил этилди.
Фестивал доирасида адиблар, санъаткорлар, маданият арбоблари ва зиёлилардан иборат тарғиботчилар гуруҳи “Мурунтов” конига ташриф буюрди. Улар конда тоғ жинсларини қазиш ва ташиш, замонавий кончилик техникаларининг ишлаши билан яқиндан таништирилди. Марказий кон бошқармасида эса фестивал тарғиботчилари иштирокида ишчи-ходимлар билан “Шукроналик” маърифий учрашуви ташкил этилди.
Фестивал доирасида Зарафшон шаҳрида ҳам катта байрам тадбири бўлиб ўтди. Шаҳар марказида ташкил этилган гала-концертда таниқли санъаткорлар, ёш ижодкорлар ва ҳаваскор жамоалар ўзларининг бетакрор чиқишлари билан иштирок этиб, томошабинларга унутилмас лаҳзаларни туҳфа этди. Ватан мадҳини тараннум этувчи куй-қўшиқлар, миллий рақслар ва саҳна кўринишлари йиғилганларда юртга садоқат, тинчлик ва бирдамлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилаётган “Мустақиллик тўйи” фестивали Навоий вилоятининг шаҳар ва туманларида кенг жамоатчиликни қамраб олган ҳолда, ватанпарварлик, миллий бирлик ва инсон қадри ғояларини тарғиб этган ҳолда давом этмоқда.
Тарих
Адабиёт
Жараён
Тарих
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ