Стадиондаги ижодкорлар – қайси мамлакатнинг адабий терма жамоаси кучли?


Сақлаш
15:35 / 18.06.2026 190 0

Бутун дунё футбол байрами – жаҳон чемпионати шукуҳи билан яшаяпти. Футбол шунчаки ўйин эмас, у характерлар синаладиган, маҳорат ўз сўзини айтадиган, миллий терма жамоаларнинг умумий руҳи намоён бўладиган спорт. Ўзбек миллий терма жамоасининг мундиал тарихидаги илк иштироки эса футбол ва Ватан сўзларини ёнма-ён айтишга ундайди. Таниқли шоир оғаларимиздан бирининг “миллатнинг адабиёти ва футболи бир-бирига ўхшаш бўлади” деган ифодаси сабаб, бу икки соҳанинг кўп умумийликларини излайдиган бўлиб қолдим. Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов шеър ва шахматни қиёслаб: 

 

Шахматни шеър билан қиёс айладим,
Билимдон ўқувчим, қилма эътироз.
Шеър ахир эмасми шахматдек қадим,
Шахматда йўқми ё шеърий эҳтирос…”
дея лутф қилган эди.

 

Биз эса бир муддат аввал миллий шеъриятимизда чарм тўп усталарига бағишланган шеърларни таҳлилга тортишга уриндик. Дунё футбол билан нафас олаётган шу кунларда бирига мухлислик, бирига муҳиблик иддаоси билан яна бир бор футбол ва адабиёт мавзусига мурожаат қилишга журъат қилдик.

 

Дунё адабиёти футбол майдонига кўчса… Хўш, нима бўлади? Футбол бўйича миллий терма жамоалар ўз чемпионатларида ўйнаётган энг кучли спортчилар билан мундиалга боради. Тасаввурга эрк берайлик, дунёнинг кучли адабиётга эга мамлакатлари ўз адабий терма жамоаларини тузса, қандай бўлади? Албатта, бунда майдондаги ампулалар – номзодларга жиддий талаблар билан ёндашиш зарур. Масалан, дарвозабон – ярим жамоа, деймиз. Демак, бу жойга миллий адабиётнинг асосий пойдеворини қўйган, бутун миллат адабиёти у белгилаб берган эстетик мезонларга асосланиб ривожланадиган адиблар қўйилиши керак. Ҳимояда миллий адабиётнинг тикланишида муҳим ўрин тутган, ижтимоий зарбаларни ўзига олган, адабиётни бўҳронли даврлардан олиб чиқишда иштирок этган ижодкорлар ўрин олиши мантиқан тўғри. Майдон марказида адабиётга янги экспериментлар билан кирган, адабий услубларни янгилашга уринган “плеймейкер”лар жой олади. Қанот ярим ҳимоясида эса ижоди билан миллий тафаккурда адабий резонанс ярата олган ва адабий мезонларни янгилашга уринган қалам соҳиблари макон тутади. Ҳужумда миллат адабиётининг дунёга чиқишида муҳим рол ўйнаган, ўзидан кейинги авлодларга ижодий маёқ бўлиб келаётган “марказий ҳужумчилар” ва бу йўлда ўзига хос тажрибаларга эга “вингер”лар ўйнайди. Тасаввурга эрк беринг, футбол ва адабиёт майдонлари ўртасидаги чегараларни олиб ташланг. Келинг, футбол ватани Англиядан бошлаймиз…

 

Англия адабиёти терма жамоаси

 

 

Инглиз адабиёти дарвозасини Шекспир қўриқлаши шубҳасиз. У адабий майдонда жасорат ва улуғворликни куйлайди. Инсоннинг юксак ахлоқи ва тубан истаклари зиддиятга киришади унинг фожиаларида. Унинг адабий “сейв”лари бугунга қадар дунёни ҳайратга солиб келмоқда. Ҳимоянинг ўнг қанотида Оскар Уайлд “Дориан Грейнинг портрети” билан жой олади, унинг гўзаллик асосига қурилган ҳимоявий ўйини инглиз эстетик тафаккурини ҳимоя қилади. Марказий ҳимоядан ўрин олган Жон Милтон нафақат ҳимоячи, жамоанинг Шекспирдан кейинги таянчи ҳам. Милтон “Ареопагитика” каби асарлари билан жамоанинг нафақат майдондаги, балки “раздевалка” (ижтимоий ҳаёт)даги руҳиятига ҳам жиддий таъсир ўтказади. Унинг ёнида ўйнайдиган Чарлз Диккенс жамоани руҳлантиришда муҳим ўринга эга. У ўзи яшаган Виктория давридаги ўта оғир ижтимоий ҳолатларни қаламга олиб ҳам, умид ва эзгулик ҳақида куйлай олади. “Оливер Твистнинг саргузаштлари” бунга мисол бўла олади. Чап қанот ҳимоясида Англия адабиёти шарафини бетакрор Жейн Остин ҳимоя қилади. У ўзининг жозибали эстетик услуби билан инглиз адабиётини дунёга кўз-кўз қилиб келмоқда. “Андиша ва ғурур” романи ўзбек китобхонлари учун севимли асарга айлангани ҳеч кимга сир эмас.

 

Ярим ҳимояда майдон марказини Бернард Шоу эгаллаган. Унинг рақибни истеҳзо билан алдаши, ўта қатъий финтлари, ҳужумни марказданоқ зарарсизлантира олиши билан жамоага барқарорлик бағишлайди. “Плеймейкер” сифатида инглиз адабиётига интеллектуал драма жанрини ривожлантиришга ҳисса қўшган. Унинг услуби роматикага ва сўз ўйинларига асосланмайди, у ақл ва тафаккурни тан олади. Шу маънода уни дунё адабиётининг энг яхши марказий ярим ҳимоячиларидан бири деса арзийди. Унинг бир томонида яна бир “нобелчи” Томас Элиот ўзининг ўткир модернизми билан ўрин олган бўлса, бошқа томонида нафис, шу билан бирга бўйсунмас, худди ўз қаҳрамони Жейн Эйр каби жасур Шарлотте Бронте Англия адабиёти ярим ҳимоясини ташкил қилади.

 

Инглиз адабиёти ҳужуми уч босқичда ривожланади. Марказда Жон Толкин муҳташам “Узуклар ҳукмдори” каби асарлари билан фентези услубида ҳужум қилса, қанот “вингер”лари бўлмиш Агата Кристи детектив йўналишда, Жорж Оруел антиутопик йўналишда ҳужумни ровижлантиради. Инглиз адабиёти ҳужум чизиғи дунё адабиётининг энг илғор жанрларига асослангани билан яққол замонавий жаҳон “адабий футбол”ида яққол “фаворит” десак адашмаймиз.

        

Франция адабиёти терма жамоаси

 

 

Дунё адабиётининг энг улкан классицизм оқими асосчиларидан ва назариётчиларидан бири Никола Буало француз адабиётининг дарвозасига қўйсак, адабиёт мухлислари қарши бўлмаса керак. Унинг “Шеър санъати” манифести дунё классикаси қонунларининг “йўл харитаси”ни чизиб берган. Ҳимоя марказининг “темир қалқони” Александр Дюма асарлари номиёқ ҳар қандай ҳужумчини саросимага солишга қодир. “Уч мушкетёр”, “Граф Монте Кристо”, “Асканио”, “Икки Диана” каби асарлари ўзбек ўқувчиларига яхши таниш. Дюмадек қизиққон адабий футболчи билан ёнма-ён “эссе отаси” саналган Мишел де Монтен каби совуққон ва донишманд ижодкор туриши француз адабий футболининг тизимли ҳимоясини мустаҳкамлайди. Ҳимоянинг бир қанотини Густав Флобер банд қилади. Унинг “Бовари хоним”идаги бешафқат психологизми ҳимояга куч бағишлайди. Иккинчи томонда Флобернинг издоши Ги де Мопассан совуққон услуби билан ўзининг фош этувчи қудратини намоён қилади.

 

Майдон марказини “Завол топган вақт изидан” эпопеяси билан Марсел Пруст банд қилади. Назар Эшонқул таъбири билан айтганда, психологик роман жанрини бошлаб берган, онг оқими услубини адабиётга дадил олиб кирган Прустдек “плеймейкер” француз адабиётини ғалабага бошлайди. Унинг икки ёнида эса дунё шеъриятини романтикадан ажратиб олган даҳо Шарл Бодлер ва унга нисбатан мутлақо тескари услубдаги прозаик Стендал “Қизил ва қора”си билан қур тўкиб туради.

 

Франция адабиёти ҳужум чизиғи ҳақиқий футболда бўлгани каби дунёнинг энг даҳшатли фигураларидан ташкил топган. Улардан бири адабиёт тарихидаги энг меҳнаткаш адиблардан бири Балзак бўлса, иккинчиси Никола Буало ўрнатган классицизм қолипларини парчалаб романий тафаккурда романтизм ҳукмронлигини ўрнатган Виктор Гюго, бошқаси жаҳон насрида абсурд фалсафаси ва модернизм даврига асос солган Албер Камю бўлади. Бу уч гигант билан ўз услубларида дунё адабиётининг “олтин тўп”ига эга, десак адашмаймиз.

 

Германия адабиёти терма жамоаси

 

        

Немис футболи ўзининг интизомли ва совуққон ўйинлари билан танилган. Германия футболида гўзалликдан кўра аниқлик устун. “Немис машинаси” – бу терма жамоаси учун топиб айтилган таъриф. Француз адабиётидан кирган Буало классицизм фалсафасига қарама-қарши равишда немис адабиётининг мустақил йўлини белгилаб берган санъат назариётчиси, немис миллий драматургияси асосчиси Готхолд Эфраим Лессинг Германия адабиёти дарвозасини мустаҳкам қўриқлайди.

 

Марказий ҳимояда Ғарб адабиётида магик реализм ва бугун урфга кирга ҳоррор жанрларининг тамал тошини қўйган Ҳофман (Эрнст Теодор Амадей Ҳофман) ва буюк немис драматурги Фридрих Шиллер бор экан, “немис адабий машинаси” мустаҳкам туради. Бу ҳимояга чап қанотда романтик ва айни пайтда ўткир сатирик оҳанглар устаси Ҳайнрих Ҳайне ўз шеърияти билан, ўнг қанотда Нобел мукофоти соҳиби Томас Манн ўзининг интеллектуал насри, “Сеҳрли тоғ”, “Доктор Фаустус” каби асарлари билан ҳимояни мустаҳкамлайди.

 

Немис адабий тактикаси бошқа адабий терма жамоалардан бироз фарқ қилади. Немис адабиёти анча марказлашган футбол намойиш қилади. Шу сабаб ҳам майдон марказини энг кучли адабий футболчилар тўлдирган. Ярим ҳимояни эгаллаган 5 нафар ижодкорнинг икки нафари марказий ярим ҳимоячи: Ремарк ва Ҳессе. Эрих Мария Ремаркнинг мустаҳкам позицион адабий тактикаси унинг икки қанот ва ҳужумкор ярим ҳимояни эгаллаган “Уч оғайни”га “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ”лигини билдириб турса, Ҳерман Ҳессе “Чўл бўриси”дек рақиб ҳужумчиларига ташланиб, майдон марказини хавфсизлантиради. Икки қанотда тезкор ва адабий IQ даражаси юқори “вингер”лар – шеъриятда Бертолд Брехт ва насрда Стефан Свейг ҳаракат қилади. Майдон марказидан ҳужумга отилиб чиқишда тенги йўқ ёзувчи, асли австриялик Франс Кафка ҳам “Жараён”ни тўлиқ назорат қилиб, ярим ҳимоя “Қўрғон”ини ўзининг адабий “плеймейкер”лик тажрибаси билан тўлдиради.

 

Немис терма жамоаси ҳужумида мутлақ марказий ҳужумчи, жамоанинг “10” рақамли сардори Иоанн Волфганг Гёте ҳаракатланади. Мустаҳкам марказий ярим ҳимоя ва бетимсол истеъдод уни Германия адабий терма жамоаси қиролига айлантиради. Футболда ҳам шундай шахслар бор-ку, уларнинг шуҳрати футбол даражасидан ҳам ошиб кетади. Истеъдоднинг қуввати уларни коинот даражасидаги машҳурликка олиб чиқади. Гёте ана шундай адабий “футболчи”.

 

АҚШ адабиёти терма жамоаси

 

 

2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати мезбонларидан бири АҚШ ҳам ўзининг адабий терма жамоаси билан фахрланса бўлади. Дарвозада бешафқат капитализмга қарши “Америка фожиаси” билан майдонга чиққан Теодор Драйзер турган бўлса, марказий ҳимояда ирқчиликнинг ашаддий душмани бўлган Гарриет Бичер-Стоу “Том тоғанинг кулбаси” билан ва оддий меҳнаткашлар ҳимоячиси Жон Стейнбек “Ғазаб шингиллари” билан ҳаракат қилади. Уларга ҳимоянинг икки қанотида детектив жанри асосчиларидаб бири Эдгар Аллан По ва американча эрк куйчиси, демократик лирика вакили Уолт Уитмен ёрдам беради.

 

Майдон марказини Френсис Скот Фитсжералд ўзининг “Буюк Гэтсби”си билан эгаллаган бўлса, унинг ёнида Уилям Фолкнер “Шовқин ва ғазаб”и билан жамоа ҳужумларини ўзининг онг оқими ва полифоник услуби асосида бошлаб беради. Ҳужумкор ярим ҳимояда Америка адабиётининг ҳақиқий вакили Марк Твен бор экан, жамоа “ҳужумлари” ўткир сатира ва қувноқ юморга бой бўлади. Ҳужум марказида ўзининг содда, шу билан бирга шиддатли услубидаги “Алвидо, қурол” ҳамда “Чол ва денгиз”и билан Эрнест Ҳемингуэй ҳар қандай рақибга хавф сола олади. Унинг ҳаётда ҳам ҳақиқий жангчи ҳаётини яшаб кўрганини ҳисобга олсак, бундай ҳужумчи билан ҳазиллашмаган маъқул. “Инсонни йўқ қилиш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди” деган шиор билан майдонга тушган адиб сардорлик қиладиган Америка адабий терма жамоаси бемалол чемпионлик курашига кира олади. Унинг бир қанотида илмий-фантастика жанри даҳоси Рей Бредбери жой олган. Майдондаги кураш “Фаренгейт бўйича 451 даража”га чиққанда “Марсга ҳужум” бошлангандек космик тезликда Бредберининг фантастик олами жангга киришади. Рей Бредбери – келажак адабий футболининг ҳақиқий Марадонаси.

 

Бу жамоанинг шиддатли ҳужумига гўзаллик бағишлаш яна бир қанот ҳужумчиси Эмили Диккинсоннинг зиммасига тушади. Диккинсон лирик услубига кўра, аргентиналик Месси ёки ўзимизнинг Аббос Файзуллаевга ўхшайди: нозик, аниқ ва заргарона.

 

***

Бундай таркибларни яна давом эттириш мумкин. Дейлик бу йилги мундиалда иштирок этмайдиган Россия, Италия каби давлатлар адабиётида жаҳоний ижодкорлар бор. Ёки Лотин Америкаси адабиёти терма жамоасини тузиш, ҳатто Ўзбекистон МТЖ билан бир гуруҳдан ўрин олган Колумбия адабиётидан Габриэл Гарсия Маркес бошчилигида алоҳида жамоа тузиш мумкин, эҳтимол. Бу ёқда Мураками бошчилигидаги япон терма жамоаси, Сервантес сардорлигидаги испан терма жамоаси, Ҳофиз Шерозий етакчилигидаги Эрон адабиёти жамоаси ҳам бор.

 

Мундиалда иштирок этаётган яна бир туркий давлат Туркия адабиёти жамоасида Меҳмет Акиф Эрсой, Ҳусайн Ниҳол Отсиз, Нозим Ҳикмат, Сабоҳиддин Али, Ўрхон Помуқ, Ўгуз Атай каби буюк адиблар ўрин олган. Хуллас, дунёнинг ҳар бир миллат адабиётининг футбол майдонидаги терма жамоасини тузиш имкони бор экан.

 

Ўзбекистон-чи?

 

Ана шундай буюк жамоалар билан бир қаторда ўзбек адабиёти жамоалари бўлмаслиги мумкин эмас. Фақат бир муаммо бор: минг йиллардан узоқ илдизга эга ёзма адабиётимиздан фақат 11 ижодкорни танлаб олишнинг имкони борми? Албатта йўқ. Шу сабаб ҳам бошқачароқ танлов таклиф қиламиз. Ўзбек мумтоз адабиёти терма жамоаси, замонавий ўзбек насри ва шеърияти терма жамоаларини алоҳида қилиш мумкин-ку. Бу ўйиннинг қоидаларининг ўзимиз яратиш ва тасаввурдаги адабий футбол жамоасини мукаммалроқ тузиш ўз қўлимизда. Демак, давом этамиз.

 

Ўзбек мумтоз адабиёти терма жамоаси

 

 

Ўзбек, умуман барча туркий тилларга оид энг фундаментал асар “Девон-у луғатит-турк” муаллифи Маҳмуд Кошғарий миллат адабиёти дарвозасида туришга муносиб. Ҳимояда энг қадимги ёзма адабий асарлар муаллифлари Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг”, Яссавий “Девони ҳикмат”, Югнакий “Ҳибат-ул ҳақойиқ”, Рабғузий “Қиссаси Рабғузий” билан қўр тўкиб турибди.

 

Ярим ҳимояда мумтоз адабиётимизда тил софлиги жиҳатдан юқори ўринга эга Мавлоно Лутфий, халқоналикда тенги йўқ Бобораҳим Машраб, Алишер Навоийдан кейинги даврда энг катта адабий муҳит яратган, ҳам адабий мерос жиҳатдан, ҳам адабий ташкилотчилик жиҳатдан муҳим шахс Умархон – Амирий номзодларини таклиф қилдик.

 

Ҳужум чизиғи марказида ўзбек адабиётининг “Пеле”си – Амир Алишер Навоий ярим минг йилдан буён асосий “тўпурар” бўлиб келмоқда. Унинг икки ёнида “Бобурнома” маҳобати билан Заҳириддин Муҳаммад Бобур” ва Алишер Навоийдан кейин адабиётимиз тарихида энг кўп адабий мерос қолдирган, девонида мумтоз адабиётнинг барча лирик жанрларига мурожаат қилган Муҳаммадризо Огаҳий ўрин олишини муносиб кўрдик.

 

Феруз, Убайдий, Мунис, Фурқат, Нодира, Муқимий каби ижодкорлар қолиб кетди, деб эътироз билдириш ҳам мумкин. На қилайлик, майдонда 11 футболчи ўйнайди. Камина вақтинча адабий футбол жамоалари бўйича мутахассис вазифасини бажарувчи ходимингиз ТОП-11 рўйхатни ўз фикри ожизига таяниб тузишга журъат қилган, холос.

 

Ўзбек насри терма жамоаси