Кундошлар адовати, овга “ихлос”, “юмшоқ” шафқатсизлик – Қўқон хонлари фожеаси


Сақлаш
14:26 / 17.06.2026 58 0

ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасининг тарихи, маданияти, географияси ва этнографиясига оид энг нодир маълумотларни ўзида жамлаган улкан қомусий манба шубҳасиз “Туркистон тўплами” (Туркестанский сборник) ҳисобланади. Россия империясининг мустамлакачилик ва илмий мақсадлари асосида машҳур библиограф В.И. Межов томонидан тузилган ушбу тўплам 594 жилддан иборат бўлиб, ўша давр матбуоти, архив ҳужжатлари ва жонли гувоҳликларини ўз ичига олган. Тўпламнинг 423-жилдида (97-106 саҳифалар) жой олган ва эски ўзбек  тилида битилган Қўқон хонлари ҳаётидан (“Из жизни Кокандских ханов”) номли мақола хонликнинг энг мураккаб даврлари – Шералихон ва Худоёрхон ҳукмронлиги йилларининг сирли воқеаларини очиб берувчи тарихий манбадир.

 

Қўқон хонлигининг тахтига ўтиришидан аввал Шералихон Наманган тоғларида, қирғизлар орасида оддий, дабдабалардан узоқ ҳаёт кечирар эди. У дастлаб Суна ойим, кейинчалик эса Жарқун ойим исмли қирғиз аёлларига уйланиб, тоғ анъаналари бўйича умргузаронлик қилган. Шералихон ўта тақводор, сўфий табиатли ва одамлар билан юмшоқ муомалада бўлгани, энг муҳими – ҳокимият ишларига мутлақо қизиқмагани ўша пайтдаги Қўқон ҳукмдори Муҳаммадалихонга жуда маъқул келади. Шунинг учун Муҳаммадалихон унга тез-тез инъом-эҳсонлар юбориб турарди. Қирғиз бойлари эса “бир кун келиб Шералихонни тахтга ўтқазамиз” деган мақсадда унга яширинча маблағ йиғиб, моддий кўмак бериб келишган.

 

Шералихоннинг биринчи хотинидан фарзанд бўлмагач, у Умар исмли қирғиз боласини асраб олади. Кейинчалик суюкли хотини Жарқун ойимдан тўнғич ўғли Саримсоқ, қизи Норчучук ҳамда Худоёрхон ва Султон Муродлар туғилади. Иккинчи хотини Суна ойимдан эса Маллахон, Сўфихон, Офтоб ҳамда Моҳлар исмли қизлар дунёга келади.

 

Хон хонадонидаги энг катта бахтсизлик ўчоғи икки хотин ўртасидаги ашаддий кундошлик эди. Суна ойим ва Жарқун ойим ўртасидаги душманлик шу даражага етган-ки, Жарқун ойим ўғли Худоёрхонни кундошидан ўта қаттиқ эҳтиёт қилган. Ҳатто ўчоқ бошида қозонни тушураётган маҳалда ҳам кичкина Худоёрхонни этагига солиб, кийимининг четини тишлаб туриб иш қилган. Оналар ўртасидаги бу ғаразгўйлик ва совуқчилик вақт ўтиб улғайган фарзандлар қалбига ҳам кўчди ва ака-укаларнинг бир-бири билан душман бўлиб ўсишига асосий сабаб эди.

 

Бухоро амири Насрулло Қўқонни босиб олиб, Муҳаммадалихонни ўлдиргандан сўнг, юрт пароканда бўлиб қолади. Қўқон халқи Бухоро тайинлаган ноиб Иброҳим хаёлдан қутулиш ва тахтни эгаллаш учун элчилар воситасида тоғдаги Шералихонга хат йўллайди. Иброҳим хаёл Бухорога қочиб кетгач, кекса Шералихон тинчлик билан тахтга ўтиради.

 

Шералихон ўзидан кейин тахт мустаҳкам бўлишини ўйлаб, катта ўғли Саримсоқни ўзига ворис қилиб, барча аскарларни унга бўйсундиради. Бироқ сиёсий ўйинлар қурбони бўлган Саримсоқни қипчоқлар шафқатсизларча ўлдиришади. Шундан сўнг хон бошқа ўғилларини турли шаҳарларга ҳоким қилиб, эндигина тўққиз ёшга тўлган Худоёрхонни Тўрақўрғон ва Наманган беки қилиб тайинлайди, ёнига эса энг ишончли, ишбилармон одамларни қўяди. Шералихон ўз хавфсизлигини ўйлаб, ўрда атрофини баланд лой девор билан ўраб олган бўлса-да, бу уни қутқариб қололмайди. Шаҳрисабзлик қариндоши Муродхон озгина аскар билан хуфёна ўрдага кириб, Шералихонни қатл этади.

 

Аммо Муродхоннинг даври ҳам узоққа чўзилмади. Атиги икки ҳафтадан сўнг, айёр ва қудратли қипчоқ беки Мусулмонқулнинг ҳаракати билан Муродхон ўлдирилади ва 1845 йилда тахтга тўққиз ёшли сағир (кичик) Худоёрхон ўтқизилади. Тахтга аслида улуғ ёшли, қатъиятли Маллахон ўтириши керак эди. Аммо халқ ва амалдорлар Маллахоннинг ўта золим ва шафқатсиз сиёсатидан қўрқиб, уни ёмон кўришарди. Мусулмонқулнинг асл мақсади эса мутлақо бошқа эди: у ёш Худоёрхонни қўғирчоқ қилиб, бутун давлат бошқарувини ўз қўлида ушлаб туришни мақсад қилганди.

 

Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Мусулмонқул хон номидан иш юритиб, амалда мутлоқ ҳукмдорга айланди. Худоёрхон эса кўчманчи қирғизлар муҳитида ўсгани боис мутлақо саводсиз, ўқиш-ёзишни билмас эди. У тахтга ўтиргачгина зўр бериб ўқишни ва савод чиқаришни бошлади. Бироқ Мусулмонқулнинг фақат ўз уруғ-аймоқларига ён босиши ва ўзбошимчалиги халқнинг ғазабини қўзғатди. Охир-оқибат ғалаён кўтарган халқ хондан Мусулмонқулни ўзларига топширишни талаб қилди. Худоёрхон ўз жонини асраш учун чорасиз қолиб, бу талабни бажарди ва Мусулмонқул қатл этилди.

 

“Туркистон тўплами”даги мақолада қайд этилишича, Худоёрхон табиатан тинчликни хоҳлайдиган, давлат ишларига унчалик ҳам иштиёқи бўлмаган шахс эди. Бироқ у узоқ йиллар акаси Маллахоннинг даҳшатли зулмидан (Маллахон кичик бир гуноҳ учун одамларнинг бошига қайноқ сув қуйдириб жазоларди) юраги безиллаб, доим ваҳима ва хавфда яшади. У атрофидагиларга ишонмас, фақат ўз отасидек ҳурмат қиладиган, доно ва ақлли вазири Отабек ноибга қаттиқ ишонар ҳамда ҳамма нарсани унга ишониб топширарди. Хон овга ёки боғларга кетганда, давлат бошқаруви бутунлай Отабек ноиб қўлида қолар эди.

 

Ўрда ичидаги энг обрўли аёл эса хоннинг отаси томондан қариндоши, қирғиз қабиласидан бўлган “Зиёда додхоҳ” лақабли Қарбоқ хотин эди. У саройдаги барча аёлларнинг бошлиғи (мубошири) бўлиб, уларнинг дард-у илтимосларини хонга етказувчи асосий шахс бўлган. Ундан нафақат аёллар, балки эркак амалдорлар ҳам қаттиқ ҳайиқишган. Хоннинг энг суюкли хотини эса Дарбоз хони Исмоилхоннинг қизи Шоҳ ойим бўлиб, ундан тўнғич ўғли Ўрмонбек туғилган эди. Худоёрхон уйланиш масаласига ҳам сиёсий иттифоқ деб қараган: таъсирини кучайтириш учун доим нуфузли, обрўли бекларнинг қизларига уйланган. Агар тўрттадан ошиб кетса, шариат қоидасига кўра, хотинларидан бирининг номини расман “суфия” (яъни руҳан ажралган) қилиб қўйиб, кейин бешинчисига уйланган.

 

Саройда фарзандларнинг хатна тўйлари бир неча ойлаб давом этадиган улкан дабдабага айланарди. Карнай-сурнайлар садолари остида дорбозлик, туя уруштириш, улоқ кўпкарилар ва албатта, масхарабозлик томошалари ўтказилган. Матнда келтирилган қизиқарли эпизодлардан бири – халқ масхарабозлари етакчиси Зокир Эшон ва бошқа қизиқчиларнинг саҳна кўринишларидир. Улар ўз ўйинларида халқ ҳаёти, содда чўпонлар, порахўр раислар ва тарозидан урадиган қассобларни ҳажв остига олишган. Масалан, порахўр раис тунда унинг уйига гўшт билан келишини тайинлаган қассобни фош қилувчи қизиқарли халқона театр саҳналари хон ҳузурида ижро этилган.

 

Худоёрхоннинг энг катта эрмаги ва хоббиси ов эди. У ов учун жуда кўп маблағ ва вақт сарфларди. Саройда бургут, қарчиғай, лочин каби йиртқич қушлар боқилган. Ҳар йили куз (мезон) фасли келиши билан хон сарой аъёнлари, саркардалар ва мерганлар ҳамроҳлигида улкан карвон бўлиб овга чиқиб кетарди. Ҳатто овга ихлоси йўқ баъзи амалдорлар ҳам хон билан ов баҳонасида еб-ичиш, сафога берилиш учун бу сафарларга қўшилишган. Улар Шоҳимардон, Учқўрғон, Роваш, Тахти Сулаймон, Ҳазрати Аюб, Андижон, Эски Шаҳрихон ва Марғилонда кунлаб тўхтаб, кайф-у сафо қилишган. Айниқса, Қозоғистон ҳудудидаги Чимкент ов учун энг қулай жой бўлган, чунки у ерда қирғовул (тустовуқ) ва какликлар бениҳоя кўп эди.

 

Ҳазрати Аюб атрофидаги тўқайларда парранда овидан бошқа тамошо учун тўнғуз овини ҳам қилар эдилар. Ойим қишлоқ билан Сузоқ ўртасида ҳар хил парранда ва ҳайвонлар кўп бўлар эди. Чунончи, ғоз, ўрдак, тустовуқ, тулки, бўри, қуён ва шунга ўхшаш парранда ва ҳайвонларнинг кўплигига хон қизиқиб, у ҳатто қилич билан ҳам ов қиларди. Худоёрхон овни шунчалик яхши кўрганидан кўплаб миришикор ва  мерганлардан солиқ олмай, балки инъомлар берар эди.

 

Хон қушлар ва ов итларининг орқасидан қувиб, ўзи шахсан ов қилишни хуш кўрган. Ҳатто қушлар оч қолмасин деб, маълум ҳудудларга инъом сифатида дон туширтирган. Масалан, Ойим қишлоғи атрофидаги қирғовуллар учун 1000 пуд дон сочилгани қайд қилинган. Ов сафари пайтида хон кўчалардан ўтаётганда, қизлар ва аёллар томларга чиқиб уни томоша қилишган. Агар хонга у ердаги қизлардан биронтаси маъқул келиб қолса, дарҳол ўша жойнинг ўзида никоҳлаб, ўрдага олиб кетаверган.

 

Хон ўз онаси, миллати қирғиз бўлган Ҳоким ойимни ниҳоятда яхши кўрган ва эъзозлаган. Ҳоким ойим ўрда ичида бўлса ҳам ўзининг кўчманчилик анъаналарини тарк этмай, сарой ўртасига қозоқча ўтов тиктириб, ўша ерда яшаган ва бир неча йилдан кейин вафот этган. Хон уни дабдабали маросим билан дафн этган. Шунингдек, ўғли Ўрмонбекни шунчалик яхши кўрган-ки, зиндонда ётган айбдорларни Ўрмонбек ўртага тушиб озод қилишни сўраса, хон дарҳол уларни озод қилган.

 

Бироқ, бу юмшоқлик ортида мудҳиш шафқатсизлик ҳам яширин эди. Худоёрхон воқеанавислар ва чақимчиларнинг сўзига тез ишониб, айбсиз одамларнинг қулоқ, бурун ва қўлларини кесишга буйруқ берар, оғир жиноят содир этганларни шаҳар ўртасида халқ кўз ўнгида ваҳшийларча қатл эттирарди. Тергов остидаги гумондорларни оёқларига қозиқ қоқиб, муздек сувга тушириб қўйишар ва оёққа қоқилган қозиқ сувда шишиб, гумондорга кўп азоб берган. Бундан ташқари, оёқ остига мих қоқиб қийнаш усули ҳам бўлган. Шунингдек, Худоёрхон ўта иримчи бўлиб, фолбинларнинг сўзига ишонар ва ўзи ҳам қўйнинг курак суягига қараб ром очишни яхши кўрарди.

 

Тарих чархи тез айланиб, 1876 йилга келиб Россия империяси Қўқон хонлигини батамом тугатди ва ўз тасарруфига киритди. Худоёрхон тахтдан айрилгач, дастлаб Тошкентга келди, у ердан Оренбургга сургун қилинди. Кейинчалик ҳаж зиёрати баҳонасида Макка ва Мадинага қочиб кетди. Умрининг охирида мусофирлик ва дарбадарлик исканжасида қолиб, Ҳирот яқинидаги Карух қишлоғида вафот этди.

 

“Туркистон тўплами”даги ушбу қисқа мақола орқали биз Қўқон хонлигининг ички инқирози, хотинлар ўртасидаги адоватнинг давлат тақдирига таъсири, шу билан бирга фожиавий якунини яққол кўришимиз мумкин.

 

 

Абдуллажон УСМОНОВ,
ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 36699
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//