Фольклоршунос олим Шомирза Турдимов билан суҳбат
– Наврўз байрамининг ёши ҳаммани қизиқтиради. Олимлар орасида Наврўз уч минг-беш минг йиллик тарихга эга деб, исботига қоятошлардаги суратларни мисол келтирадиган тадқиқотчилар ҳам бор. Ёзма манбаларда ҳам унинг қачон пайдо бўлгани тўғрисида турли фикрлар учрайди. Бу ҳақда сиз нима дейсиз?..
– Наврўзни Одам ота ва момо Ҳаво ҳақидаги тасаввурлар сингари қадимий десак тўғрироқ бўларди. Инсон аввал кузатган, англаган – қуёш қачон чиқади, қай пайт ботади; кун-тун қандай узайиб, қисқаради. Бу англамдан ташқари, қон хотирасида сақланадиган билим-кўникмалар ҳам бор. Яъни, инсон илҳом орқали оладиган улкан билимга тегишли яхлит хулосалар ҳам мавжуд. Наврўз инсоннинг ўзи англаб етган ва унга англатилган билимлар хулосаси, хотиралар мажмуидир.
Табиатда кун ва тун тенг келадиган пайтлар бор. Улар йилда икки марта такрорланади: бири кўкламдаги, иккинчиси куздаги тенгкунлик, кунтурар. Ҳар кунтурардан сўнг табиат ўзгаради: кўкламда уйғониб, кузда уйқуга кетади. Румий ҳазратлари қишни йиғилиш фасли, кўклам ва ёзни сарф қилиш даври деган. Булар бир-бири билан боғлиқ ва бири иккинчисини тўлдиради. Масалан: “боласин ичида ётур онаси, тарбия қилса бўлар боболаси”[1] дегани каби бир-биридан туғиладиган табиат ҳодисаси булар. Инсон табиатни шундай англаган, кўрган, кузатган.
– Қадимда йил фасллари астрономик кузатувлар, табиат белгиларига асосланиб ажратилган. Қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кун узайиб, нурнинг кўпайиши, табиатнинг жонланиши каби ҳодисалар Наврўзнинг коинот ва табиат қонуниятларига ҳамоҳанг жорий этилганидан дарак беради. Қиш ва ёзни аниқ белгилашда қуёш тақвими қанчалик муҳим ўрин тутган?
– Қадимгиларнинг ҳисобида йил иккига – ёз ва қишга ажратилган. Олти ой ёз, олти ой қиш. Қиш ва ёз сўзлари моҳиятида ҳам бор бу тушунчалар: қуёшли куннинг узайиб, ёйилиши – ЁЗ аталган. Аксинча, туннинг чўзилиб, ёруғ кунлар қисқариши (қисилиши) – ҚИШ деб билинган. Одатда 22 мартдан кун, 22 сентябрдан бошлаб тун узайиб боради. Буларнинг орасида энг узун кун ва энг узун тун бор. Қуёшдан келаётган нурнинг кўпайиши эътиборга олинадиган учта манзил: 22 декабр, 21 март ва 22 июн кунлари куннинг чиқиш нуқталари – қўрўтлари дейилган. Қуёш чиқувчи ва ботувчи манзилларнинг ҳар бирида қуёшга аталган ибодатхоналар тикланган.
Нурнинг камайиши жиҳатидан ҳисобланадиган вақт нуқталари қиш ҳисобидаги манзиллар дейилган. Юртимизда лангар деган жойлар бор – Лангар ота, Нурота лангари, Туркистон лангари. Бу лангарлар қуёш ботадиган жой, яъни қуёш лангар соладиган – қуёш тўхтайдиган манзиллар ҳисобланган.
Биламизки, ой тақвими ҳам мавжуд. Бу тақвим Қамбар ва Ҳулкар юлдузлари ой билан тўқинадиган вақтларга қараб тузилган. Тўғал деб юртилувчи бу ҳисобга кўра, Қамбар тўғал – ёзги олти ойликда ўтган, Ҳулкар тўғал қишки олти ойликда кечган. Биринчисида нишонланувчи байрам ёзнинг бошланиши – Наврўз бўлса, иккинчиси қишнинг боши – 22 сентябр кунига тўғри келган. Илгари вақтларда уни сомон байрам – сомонтўй деб аталган.
Кейинги вақтларда уни нимагадир Меҳржон деб юритишди, аммо оммалашмади. Халқ олқишларида айтиладики: “омонлик-сомонлик, ҳеч кўрмайлик ёмонлик”. Омонлик – туғилиш билан боғлиқ, сомонлик-чи? Бу қишнинг келиши сомон – пишиқчилик, ҳосилларнинг етилиши даври билан белгиланган атама ҳисобланади. Халқ тасаввурида экилган уруғ ҳамалдан кейин кўкарса, гуллаб, мева бериб, кузга етиб яна уруғга айланган. Шу тушунчалар таъсирида йилбоши ва сомонтўй тимсоллари пайдо бўлган.
Йилбоши – Наврўзнинг тимсоли аввало гул, баъзан майса. Майса ўсади ва кузга бориб донга айланади. Майсанинг муқобилида куз/қишнинг тимсоли дон туради. Қўшиқда айтилади:
Ёмғир ёғалоқ,
Эчки чақалоқ,
Бойнинг қизининг
Қорни юмалоқ.
Бу ерда бойнинг қизи ким? Эчки нима? Аслида эчки кўкламнинг тимсоли, унинг муқобилида қишнинг тимсоли бўри туради. Кўкбўри деган ўйин бор, кўпкари ҳам дейилади. У қиш мавсумида ташкил этилади. Кўпкари ёзда ўйналмайди. Қўшиқда айтилган бойнинг қизи – ер тимсоли. Ерга уруғ экилди, лекин ёмғир ёғмаяпти, чунки ҳали кўклам ёш – эчкининг чақалоқлиги шундан. Кўклам тўлиқ амалга кирмади. Ёғингарчилик бошланмаяпти, агар ёғингарчилик бўлса, уруғ унади, ўсимлик ўсади ва халқнинг муроди ҳосил бўлади дейилмоқда. Бу қўшиқ кўкламни улуғловчи қўшиқдир.
Масалан, бойчечак ҳақидаги қўшиқни кўкламнинг мадҳи, мадҳияси дейиш мумкин:
Бойчечегим бойланди,
Қозон тўла айронди,
Айронингдан бермасанг,
Қозон-товоғинг вайронди.
Бойчечакни тутдилар,
Тут ёғочга осдилар,
Қилич билан чопдилар,
Бахмал билан ёпдилар.
Ким у – қилич билан чопиладиган, бахмал билан ёпиладиган қаҳрамон? Булар бари кўкламда ўтадиган маросимнинг таърифи, тавсифи. Бойчечакнинг таърифи. Кўклам келганда, Наврўз пайтида, бойчечак маросими ўтказилган. Бу маросимда ҳар бир хонадонга бойчечак кўрсатилган. Қўшиқда айтилади:
Бота-бота бойчечак,
Уйингизга чош тилла,
Худойим ўғил берсин,
Отгинаси Раҳматилла.
Ўтириб чиқинг, ўтириб чиқинг,
Қозон-товоқни тўлдириб чиқинг.
Бойчечакни олиб келганларга уй эгаси ҳадя берган. Бу ҳадялар йиғилиб, битта қозонга солинган ва “қозон тўлди” маросими ўтказилган. Бу маросим кўкламда йиғилган ҳадяларнинг битта қозонга тушганини билдиради. Гўёки, халқнинг йил аввалида келадиган ризқ-насибаси бир жойга йиғилган. Барча ҳадялар жамланиб, ўйин-кулгу бошланган. Халқ икки гуруҳга – Ёз тимсоли бўлган бойчечаклар ва Қиш рамзи – бўриларга ажралган. Бойчечакчилар гуллар билан безанса, бўрилар телпакларига қулоқ ўрнатиб қиш кийимини кийиб, ўзаро рамзий жанг қилган. Ўйин охирида бойчечаклар тўпи – ёз тўпи ғалаба қилган, бўрилар – қиш енгилган.
Яна бир “Кичкина” номли қўшиқ бор: бияданам кичкина, туяданам кичкина, охирида тариқданам кичкина дейилади. Бу қишнинг йўқ бўлиб кетишини, уруғга айланиб, ерга кириши ва қайта уйғонишга ҳозирлик кўришини ифодалайди.
Келтирилган қўшиқлар ва маросим айтимлари мағзида халқимизнинг Йилбоши – Наврўз ҳақидаги қадим қарашлари, одат ва маросимлар тизимини кўрамиз. Унутилган узувларини қайта тиклаш имкони туғилади. Ушбу қаторда сюжети бевосита ўлиб тирилувчи табиат ҳақидаги мифга тегишли “Гўрўғли” эпосини келтириш лозим. Гўрўғли образи қуёш ўғли сифатида ёз тимсоли, унинг муқобилида турган Райҳон подшо эса қиш тимсоли бўлиб келади. Бу аввало қаҳрамонларнинг макони тасвирида ойдинлашади.
Гўрўғли ва Райҳон яшовчи ҳудудларни дарё ажратиб туради. Уларнинг макони ўз ва ўзга дунё сифатида аниқ белгилари билан кўрсатилади. Ғайритабиий куч вакиллари дарёнинг нариги томонида яшайди. Ўзга олам фуқаролари айри туёқли дейилади, ёввойи сифатида баҳо олади. Достонда қаҳрамонлар тасвири ва кураши мағзида ҳам ёз билан қиш муносабатининг изоҳи турибди.
– Модомики, достонда Гўрўғли ва Райҳон ёз ва қиш тимсоли бўлиб келар экан, унда кўкламга хос ҳовли-жойларни тозалаш, мавсумий саришталик маросимлари ҳам акс этганми?
– Қадимда йилига икки марта маросимий кир ювилган. Маросимни юрт ҳукмдорининг оиласи бошлаб берган. Худди ўлим маросимида майитга тегишли нарсаларнинг оммавий ювилгани каби. Халқ ёз ва қиш мавсумига ҳам жисман ва руҳан тозариб ўтиши лозим деб англанган. Бу инсон ҳаёти бошланиши ва тугашига уйқаш келади. Ўлиб-тирилиш нафақат табиатда, балки ҳар бир инсонда, жамиятнинг барча босқичларида ҳам рўй беради. Оммавий кир ювиш маросими сакрал маъно ташиган.
– Наврўз қайси пайтдан бошлаб байрам сифатида нишонлана бошланган?
– Наврўзни ҳар хил даврларга боғлашади, уни маълум йил ва давр билан чегаралаш мушкул. Байрам сифатида қачондан нишонланганини тахмин қилиш мумкин, холос. Манбаларга мурожаат қилсак, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Рабғузий, Беруний ва Алишер Навоий асарларида у ҳақда маълумотлар келтирилган. Энг асосийси, Кошғарий асарида “Қиш билан Ёз мунозараси” турибди. Бу халқ маросимининг шеърий шакли, қиш билан ёзнинг бадиий кўринишда келган варианти. “Қиш ва Ёз мунозараси”да икки сўзамол, истеъдодли ижрочи бир-бирига зид тимсолларда гавдаланади.
Қиш билан ёз тўқнашди,
Қинғир (ёмон) кўз билан бир-бирига қарашди.
(Бир-бирини) тутиб олишга интилишди,
(Бир-биридан) ғолиб келишга тиришди.
Ёз билан қиш қарама-қарши бўлишди,
(Уларнинг ҳар бири) мақтаниш ёйини қуришди.
Қўшин тузиб, (бир-бирини) таъқиб қилишди,
Ўқ отиш учун (бир-бирига) яқинлашишди.
(Натан Маллаев. Ўзбек адабиёти тарихи. Т. 1993. 64-бет.)
Демак, одамлар орасида шундай маросим доимо бўлган ва унинг ёзма шакли шуни кўрсатади. Оғзаки манбадан ёзма манбага кейинроқ ўтилишини ҳисобга олсак, бу маросим ген хотирада доимо яшаб келганлигига, Наврўз бизнинг қон хотирамизда келаётган жуда қадимий байрам эканига амин бўламиз.
Қадимда аждодларимиз йилнинг қандай келишини Наврўз куни кечадиган ҳолатлар, белгиларни кузатиб билиш мумкин деб ишонишган, ирим қилиб, эътибор қилишган. Бизда ҳозир ҳам қўчқор, хўроз уриштирилади. Бугун бу курашларнинг фақат шакли қолди. Аслида булар қадимда Наврўз маросимида йилнинг қандай келишини фол кўриш учун қилинган амаллар бўлган. Хитой манбаларида “Фарғонанинг одамлари қизиқ экан, иккига бўлиниб олиб, уришар экан, кейин туя, қўчқор, хўроз уриштирар экан. Уларнинг уришганига қараб, йилнинг қандай келишини фол қилишар экан” деб ёзиб қолдирилган.
Хитой сайёҳлари қадимда кечган бойчечак маросимини кузатишган. Халқ иккига бўлиниб, бир томон ёз, иккинчи томон қиш бўлиб, гўёки рамзий жанг қилганини кўришган. Аммо унинг моҳиятини тушунмасдан, шаклини қабул қилишган ва борича ёзиб қолдирган. Демак, бу хитой манбаси уч ярим минг йиллик тарихдан сўзлаётган бўлса, шунинг ўзини ҳам Наврўзнинг қадимдан келаётганини билдирувчи далил сифатида олса бўлади.
Яна бир муҳим факт Самарқандда ўтадиган Наврўз ҳақида. У ерда олтин қобиқ ўйинининг тавсифи бор. Бунда халқ юпқа олтин тангани баланд шох ёки ёғочга илиб, ўқ узишган. Қайси киши олтин тангани ура олса, ғолиб бўлган ва бир кунлик Наврўзнинг подшоси этиб тайинланган. Қобиқ юпқа дегани бўлиб, кейинчалик қовоқ, қобоқ шаклига ўзгарган. Халқ бахшилари репертуарида “Олтин қобоқ” деган достон ҳам бор. “Гўрўғли” туркумига кирувчи бу достонда ҳам Наврўздаги каби беллашув уюштирилади. Албатта, шарт достон мазмунига уйғун. Аммо Наврўздаги шартга кўра, сайланган подшо байрамни ташкил қилишга масъул бўлган. Қадимда Самарқандда ўтказилган Наврўз байрамида Наврўз кириб келишига олти кун қолганда халқ рамзий равишда “подшо”нинг ҳалок бўлган ўғлининг жасадини даладан излашган, яъни ер ҳайдашган ва еттинчи кун уни топиб, тахтга ўтқазишган. Буларнинг бари рамзий, албатта.
Эҳтимол, Бойчечак қўшиғида куйланган саҳна: “Бойчечакни тутдилар, Тут ёғочга осдилар, Қилич билан чопдилар, Бахмал билан ёпдилар. Қаттиқ ердан қаталаб чиққан Бойчечак, Юмшоқ ердан юмалаб чиққан Бойчечак” айнан ана шу тафсилотни айтаётган бўлиши ҳам мумкин.
– Туркий халқларда қуёш ва ой тақвимидан бошқа тақвимлар бўлганми?
– Халқимиз орасида ҳозиргача сақланиб қолган деҳқон ва чорва ҳисоби деб юритилувчи икки тартибдаги тақвим ҳам мавжуд. Улар ўзаро бир ҳафта ё саккиз кунлик тафовутга эга бўлиб, бири деҳқонлар орасида, иккинчиси чарвадорлар ўртасида амал қилган. Яна “Тўқсон оғди” ва “Қантар оғди” деган кун ўлчамлари ҳам бўлган. Халқ қантар оғганда ердан ҳовур кўтарилади деб айтади. “Қантар оғса, қор турмас” деган мақол шундан. “Тўқсон оғганда тўрғай қадам кун узаяди, қантар оғганда қарға қадам кун узаяди” дейилади маталда. Қарға қадам тўрғай одимдан анча катта бўлгани сабаб кунлар анча узайиб, хийла исиб қолган. Шу пайтдан далага қўш чиққан. Наврўз арафасидаги биринчи рамзий қўшда “шох мойлар” маросими ўтган.
Йилнинг келиши, нишонланиши муқаддас таомлари билан қадрли ва тотли кечади. Йилбошида Наврўз таоми – сумалак пиширилса, Сомонтўй таоми ҳалим ёки ёрма. Сумалак ундирилган буғдой майсасининг ширасидан тайёрланувчи таом. Унинг муқобилида қишнинг таоми – ёрма ёки ҳалимда уруғ янчилиб, эт билан қўшиб пиширилади. Бу таомлар айнан икки даврдаги илик узилди вақтида инсон танига қувват бўлиши, дармондори вазифасини ўташи билан аҳамиятлидир.
Аслида табиат ва инсон уйғун яшаган. Ўсимликлар гуллайди, мева тугади, ҳосил пишиб етилади ва яна дарахт барг ташлаб, қиш уйқусига кетади. Бу табиатнинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши, шу каби инсон ҳам фаслларга уйғун яшаган. Лекин бугунги кунда шу мувозанат бузилмоқда, ҳамма нарса аралашиб кетди. Муқаддас таомлар одатий таомга айланмоқда. Ҳозир сумалак ёзда ҳам, қишда ҳам ейилаяпти, ҳалим, ош деярли ҳар кунлик оддий емак ўрнида.
Ўлчамлар ўзгариб кетди, авваллар инсон ҳаммасини ўрни-ўрнига, жой-жойига қўйган ва табиатга мос яшаган, экологик бузилишлар бўлмаган. Шу учун ҳам Наврўзнинг бизга ўргатадиган дастлабки сабоғи инсонни ўзлигига қайтаришида билинади.
Агар инсон ўзига қайтмаса, табиат ҳам, жамият ҳам издан чиқиб кетади. “Неки кўнгилда кечар, табиатга ҳам кўчар” дейилгани каби. Бу Йилбоши ва Сомонтўйнинг бизга уқтирадиган энг катта сабоғидир.
Жамила АСҚАРОВА суҳбатлашди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2026 йил 1-сон.
“Неки кўнгилда кечар, табиатга ҳам кўчар” мақоласи
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Жараён
Таълим-тарбия
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ