“Қалин” сўзи “Девону луғотит-турк”да – “қалынг” шаклида келтирилган ва шундай изоҳланган: “قَلِنکْ қалïң – қалин, сеп. Мақолда шундай келган: қалïң бӭрсä қïз алïр, кӭрäк болса қïз алïр. Маъноси: қалин берса, келинликка қиз олади, агар киши бирор нарсага муҳтож бўлса, қиммат (қïз) бўлса ҳам ўша нарсани олишга мажбур бўлади” (Бу ерда “қïз” сўзи икки маънода: дастлаб – “қиз”, иккинчи марта – “қимматбаҳо” маъносида ишлатилган. ДЛТ. III. Т. 1963. 382).
Бу сўз деярли барча туркий тил ва лаҳжаларида: “қалың”, “қалын” “қалым” каби шаклларда мавжуд бўлиб, асосан тўйдан олдин келин учун бериладиган муайян миқдордаги маблағни билдиради. Баъзи мутахассислар қалин – келиннинг тушган хонадонида бир умрга қолиши учун гаров сифатида берилган тўлов, деган мантиқдан келиб чиқиб, бу сўз “қолмоқ” феълидан ясалган, фаразини илгари суришган. Албатта, “қалин” сўзи – “қал-” (“қолмоқ”), “келин” эса – “кел-” ўзагидан ясалган, деган қараш жозибали туюлади.
Аммо туркшунос олим Г.Дёрферга кўра, “қалин” сўзининг ўзаги “қал-” эмас, балки қадимда “солиқ” маъносини билдирган “қалан” сўзига боғлаш ҳақиқатга яқинроқ. “Қалан” сўзи “Қадимги турк тили сўзлиги”да: “деҳқончилик билан шуғулланадиган аҳолидан давлат фойдасига (асосан пул эмас, маҳсулот шаклида) ундириладиган асосий солиқ”, деб изоҳланган (ДТС. Л. 1969. 410). Уйғур ёзувида бизгача етиб келган қадимги ҳужжатлардан бирида шундай дейилади: “Қалан кесип инчу бағчиларқа қалан кесмиши йоқ”, – маъноси: “солиқ солинганда меросхўр боғ эгаларидан солиқ олинмайди”. Чингизийлар даврида ҳозирги Эрон ҳудудида мавжуд бўлган уч солиқ (қалан, қубчур, тамға)дан бири ҳам қалан бўлган (ЭСТЯ. V. 240). Хусусан “Фарҳанги забони тоҷикӣ” луғатида бу сўз “қалон” (“قَلان”) шаклида келтирилган ва: “тарихий сўз: Ширвон вилоятида мавжуд бўлган солиқлардан бири”, деб изоҳланган (ФЗТ. II. М. 1969. 671).
Ш.Раҳматуллаев ҳам ўзининг “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да “қалин” сўзининг келиб чиқиши ҳақида: “қадимги туркий тилда мавжуд бўлган, лекин луғатларда ўз аксини топмаган “қал-” ёки “қалы-” феълидан бўлса керак”, деган тахминий хулоса билдиради (ЎТЭЛ.II.Т.2000.517). Менимча, бу фаразни ҳам ўрганиб кўриш керак, агар шундай бўлса, “солиқ” маъносидаги “қалан” ва “қалин” сўзлари ўша “қал-” ўзагига бориб тақалиши мумкин. Хуллас, “қалин” сўзи этимологияси ҳақида ҳозирча аниқ бир тўхтамга келинмаган.
Абдувоҳид ҲАЙИТ
Маънавият
Адабиёт
Маънавият
Жараён
Таълим-тарбия
Жараён
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ