Уруш қаҳрамонидан давлат раҳбарига айланган, юртига «илиқлик шамоли»ни олиб кирган инсон – Муҳиддинов йўли


Сақлаш
18:27 / 11.06.2026 75 0

Ўзбекистоннинг СССР таркибидаги даври, шубҳасиз, миллий тарихимизнинг қора саҳифаларга жуда бой давридир. Коммунизм байроғи остидаги 74 йил вайронкорлик (Қўқон қирғини, Бухородаги «кичик қиёмат»), қатағонлар, очлик, уруш ва турғунлик билан эсда қолди. Аммо ушбу қора кунларда ҳам келажакка умид берган оқ шуълалар ўзини кўрсатиб турган: Ўзбекистон ССРънинг баъзи сиёсий арбоблари қийин шароитларда ҳам мамлакатда қандайдир илиқлик муҳити яратишга уринганди.

 

1955 йилнинг декабрида СССР раҳбари Никита Хрущёв Ҳиндистон сафаридан қайтишда Тошкентда тўхтайди. Биринчи котиб ва бошқа юқори мартабали меҳмонлар шарафига Ўзбекистонда катта митинг уюштирилади. Уч юз мингга яқин ўзбекистонлик қатнашган митингда республиканинг бир қанча раҳбарлари сўзга чиқади. Навбат Хрущёвга етиб келади.

 

– «Салом қадрдон тожикларим! Биз сизга Ҳиндистон, Афғонистон ва Бирма халқларидан самимий салом келтирдик», дея гап бошлайди СССР раҳбари. Ҳамма унга ҳайрон қарайди.

 

Хрущёв эса нутқини давом эттириб, кутилмаганда шундай дейди:

 

– Сиз тожиклар, баракалла, яхши ишлаяпсизлар. Пахтадан юқори ҳосил олмоқдасиз. Қўшнингиз – ўзбекларнинг иши эса пачава. Энг аввалоси шуки, уларнинг раҳбарлари орасида аксилмеханизаторлар бор…».

 

Бутун майдон донг қотиб қолади. Йиғилган аҳоли ҳам, расмийлар ҳам совет давлати етакчиси гапига қандай муносабат билдиришни билмайди. Шунда Хрущёвга бир ўзбек амалдори яқинлашади ва унга «Никита Сергеевич, қаршингизда – тошкентликлар. Бутун Ўзбекистон аҳолиси сизни диққат билан тингламоқда» дея пичирлайди. Хрущёв дарҳол хатосини тўғрилайди.

 

Хрущёвга қаердалигини эслатган инсон – ўша пайтда Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши раиси (Бош вазири) бўлган Нуриддин Муҳиддинов эди.

 

Тошкент кўчаларида ўтган кунлар

 

Тошкент шаҳри яқинидаги Аллон қишлоғида яшовчи ўзбек оиласида 1917 йил чақалоқ дунёга келади. Оддий деҳқон-косиб оиласида туғилган бу болага Нуриддин деб исм қўйишади. Нуриддиннинг отаси Шомуҳитдин, пайғамбарнинг невараси, Ҳасан ибн Алининг авлодларидан ҳисобланган. Шу боис бола ёшликдан ўзбек ва рус тиллари билан бирга араб тилини ҳам чуқур ўрганган. Ва бу тил унга келажакда жуда асқатган.

 

1932 йил ёш Нуриддин мактаб комсомолига қўшилади ва тез орада пахта теримига жўнаб, у ерда сиёсий агитаторлик билан шуғулланади. Муҳиддиновнинг коммунистик ғоя ва тузум ҳақидаги жўшқин тарғибот нутқлари эътиборсиз қолмайди.

 

Нуриддин Муҳиддинов ўзининг «Кремлда ўтган йилларим» китобида ёшлигида икки забардаст ўзбек жадиди – Абдулла Авлоний ва Абдулла Қодирий билан учрашганини ёзади. Муҳиддинов бу учрашувлар унинг кейинги ҳаётида муҳим роль ўйнаганини таъкидлайди.

 

Мактабни тамомлаган Муҳиддинов сиёсий фаоллиги ва рус тилини яхши билиши ортидан Москвага ўқишга юборилади. Унинг иттифоқ марказига ташрифи 1938 йилги Сталин қатағонлари даврига тўғри келади. Муҳиддинов ва бошқа талабаларга «халқ хоинлари» устидан ўтказилаётган суд мажлисларидан бирига киришга рухсат берилади. Нуриддин ушбу суд залида «халқ душмани» деб айбланаётган Ўзбекистон етакчилари Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовни кўради. Тошкентга қайтгач эса Абдулла Қодирий ҳам шу айблов билан қатағон қилинганини эшитади.

 

Урушда ўтган ойлар

 

Москвадан келгандан сўнг Муҳиддинов Бухоро вилояти партия тизимида ишлашга жўнатилади. Бу орада унинг тўйи ҳам бўлиб ўтади. Бухорода бироз ишлагандан кейин уруш бошланади ва Муҳиддинов фронтга йўл олади.

 

Аввалига у Киевда сиёсий ходимлар тайёрловчи махсус курсда ўқийди. Кейинроқ уни 19-махсус понтончи-кўприкчи полк (бу турдаги отрядлар қўшинлар ва ҳарбий техникаларни сув тўсиқларидан тезликда олиб ўтиш учун дарёларда понтон ҳамда вақтинчалик кўприклар қурган) сафига сиёсий ходим сифатида юборишади.

 

Муҳиддинов ушбу полк таркибида Украина ғарбидаги жангларда қатнашади ва барча совет қўшинлари каби ортга чекинади. 19-махсус полк Сталинград жангида ҳам қатнашади. Ушбу қонли жанг давомида Нуриддин бир неча марта жароҳат олади, айниқса, унинг оёғи жиддий шикастланади. Шифокорлар Муҳиддиновга бир оёғини кесиб ташлашни маслаҳат беради, бироқ ёш зобит буни рад қилади. Операциядан кейин, 1942 йил Муҳиддинов Тбилисига, у ердан эса Томскдаги Ҳарбий билим юртига жўнатилади.

 

Сибирдаги таълимдан сўнг Муҳиддинов яна фронтга қайтади. У энди радиоразведка қўшинларида хизмат қила бошлайди. Лекин бу сафар Муҳиддиновнинг ҳарбий қисми фронт чизиғидан анча узоқда, хавфсиз ҳудудда жойлашганди.

 

Нуриддин Муҳиддинов ғалабадан кейин ҳам 1946 йилгача армияда қолади. Уруш давридаги қаҳрамонликлари учун унга «Сталинград мудофааси учун», «1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун» медаллари ҳамда 2-даражали «Улуғ Ватан уруши» ордени берилади.

 

Сиёсий ўсиш

 

Урушдан жангчи шон-шуҳрати билан қайтган, сиёсий билимга эга Муҳиддинов тез орада республика юқори доираларига жалб қилинади. У 1946 йилда Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий қўмитасига (КП МҚ), сиёсий маърузачи сифатида ишга олинади. Республикадаги энг кучли ташкилотда ишлаш Нуриддинов обрўсига катта таъсир ўтказади.

 

Орадан икки йил ўтгач, Нуриддинов Наманган вилояти Компартия МҚ’нинг Биринчи котиби (ҳозирги ҳоким вазифасига тўғри келади) этиб тайинланади. Бу Муҳиддинов учун жиддий сиёсий ўсиш эди. У Намангандаги ҳокимлик даврида ўзини яхши кўрсатади, вилоятда йирик қурилиш ишлари амалга оширади. Натижада 1950 йил Муҳиддинов иттифоқнинг олий мукофоти – Ленин ордени билан мукофотланади. Шундай кейин, яъни иттифоқ маркази эътирофидан сўнг Муҳиддиновнинг сиёсий зинапоялардан кўтарилиши янада тезлашади.

 

Наманган ҳокимлигидаги икки йилдан сўнг, Муҳиддинов бирваракайига уч йирик лавозимига тайинланади. У Ўзбекистон ССР Олий Совети раиси, Марказий қўмитанинг Идеология бўйича котиби ва Тошкент вилояти Компартия МҚ Биринчи котиби (ҳокими) этиб тайинланади. Бу ҳодиса Ўзбекистон сиёсий ҳаётида Муҳиддинов ўрни кескин ортганини кўрсатади. Бунга «эски элита» – Биринчи котиб Усмон Юсупов, Бош вазир Абдужаббор Абдураҳмонов ва бошқалар ёппасига ишдан олиниши сабаб бўлганди.

 

1950-1951- йилларда Муҳиддинов ва республиканинг янги раҳбарияти муҳим ютуқларга эришади. Хусусан, республика устидан Москванинг бевосита назоратини амалга оширувчи институт – КП Марказий қўмитасининг Ўзбекистон бўйича вакили аппарати тугатилади. Бу Ўзбекистон ССРда маҳаллий бошқарув органларининг роли ва таъсирини тиклайди.

 

Шунингдек, махсус идораларнинг «миллатчилик» айби бўйича иш юритиши тўхтатилади. Миллий зиёлиларни ҳимоя қилишга уринишлар амалга оширилади.

 

1951 йил Нуриддин Муҳиддинов янги лавозимга ўтади. У Ўзбекистон ССР Вазирлар кенгаши раиси, яъни Бош вазир этиб тайинланади. Республика даражасидаги мансабга ўтган Муҳиддинов яна заводлар қуриш соҳасига эътибор қаратишда давом этади.

 

1953 йилда Сталин вафот этгач, СССРда ҳокимият қисқа вақт Ички ишлар вазири Лаврентий Берия қўлига ўтади. Берия ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун иттифоқ бўйлаб махсус буйруқлар юборади. Улардан бирига кўра, республикалардаги барча раҳбар кадрлар миллий-ҳудудий келиб чиқишга кўра янгиланиши керак эди. Яъни, ҳар бир республика раҳбариятини шу республикада яшовчи миллат ташкил қилиши белгиланганди.

 

Ўзбекистон ССРда бу қарорга Бош вазир Муҳиддинов қарши чиқади. У бундай қадам миллий зиддиятларга сабаб бўлиши, бошқа республикаларда ишлаётган ўзбеклар ҳуқуқига дахл қилишини таъкидлайди. Бериянинг шахсан ўзи қўнғироқ қилиши ҳам натижа бермагач, 1953 йил май ойида Ўзбекистон МҚ Бюроси йиғилишида Муҳиддинов Бош вазир лавозимидан бўшатилади. У Бош вазир ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири этиб тайинланади.

 

Бироқ кўп ўтмай Бериянинг ўзи ҳам ишдан олиниб, суд қилинади ва отиб ташланади. У туфайли лавозими пасайтирилган Муҳиддинов дарҳол «оқланади» ва Бош вазирликка қайтарилади.

 

Тез орада СССРнинг янги раҳбари Никита Хрущёв ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги етакчиси, КП МҚ Биринчи котиби Амин Ниёзов ўртасида келишмовчилик юз беради. Гап шундаки, Ниёзов Сталинга содиқ кадрлардан бири эди ва Хрущёвнинг Сталинга қарши ҳаракатларини қўлламасди.

 

1955 йил декабрда Ҳиндистондан қайтаётган Хрущёв Тошкентга ташриф буюради. Унинг ташрифидан кўп ўтмай, Амин Ниёзов лавозимидан озод этилади ва Нуриддин Муҳиддинов Ўзбекистон Компартияси МҚнинг Биринчи котиби этиб тайинланади.

 

Ўзбекистон ССРда «илиқлик шамоли»

 

Нуриддин Муҳиддиновнинг Ўзбекистонга раҳбарлик даври СССРдаги «илиқлик даври»га тўғри келди. Хрущёвнинг Сталин шахсига сиғинишни қоралашидан бошланган «илиқлик» мамлакатдаги тотал диктатура ва назорат ипи бироз бўш қўйилиши билан характерланади.

 

Чунончи, 1956 йил Тошкентда Ўзбекистон зиёлиларининг I қурултойи бўлиб ўтади. Муҳитдинов унда сўзга чиқиб, СССРда биринчи марта Сталин даврида қатағон қилинганларнинг оммавий реабилитация қилинишини очиқ эълон қилади.

Шу йилнинг ўзида 40 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қатағон қурбонлари номи оқланади.

 

Муҳитдинов, шунингдек, Амин Ниёзов даврида репрессияга учраб, сургун қилинган ёзувчи ва шоирларни ҳам ортга қайтаради. Уларга миллий тарихни тиклаш, шу пайтгача гапирилмаган мавзулар – русларнинг ХIХ асрда Марказий Осиёни эгаллашидаги мустамлакачилик характерини очиш вазифаси топширилади.

Нуриддин Муҳитдинов ҳомийлиги остида Тошкентда СССР Фанлар академиясининг Ядро физикаси институти очилади. Андижонда эса тиббиёт олийгоҳи ташкил қилинади.

Муҳиддинов шунингдек, Сталин даврида мажбуран Марказий Осиёга кўчирилган халқларни ўз ватанига қайтариш, уларга қўйилган чекловларни бекор қилиш масаласини ҳам кўтаради. 1957 йилданоқ Кавказ халқларини ватанига қайтариш бошланади.

 

Тошкентда 1956 йил ноябрда илк телевизион марказ ишга туширилади ва биринчи марта аҳолига телеэфир узатилади.

 

Муҳитдиновнинг миллий руҳдаги ҳаракатлари марказга ва марказнинг Ўзбекистондаги вакилларига, табиийки, ёқмайди. Хрущёв томонидан «истиқболли кадр» дея аталган Муҳитдинов 1957 йилда КПСС Марказий қўмитаси Президиуми аъзоси ва КПСС МҚ котиби этиб сайланади ҳамда Москвага чақирилади. Шу орқали у республикадан узоқлаштирилади.

 

«Кремлда ўтган йиллар»

 

 

Муҳитдинов СССРдаги энг қудратли ташкилот – КПСС Президиуми аъзоси сифатида 4 йил (1957-1961 йиллар) ишлайди. Бироқ бу ерда у Хрущёвга яқин кишилар билан келишмовчиликларга боради.

 

Муҳиддинов кадрлар сиёсати борасида Хрущёвнинг энг яқин одами – Фрол Козлов билан зиддиятга боради. Айниқса, Козловнинг Тожикистон ССРда амалга оширган кадрлар соҳасидаги «тозалаш»ини қоралайди.

 

Муҳиддинов шунингдек, СССРнинг бош идеологи Михаил Сусловнинг иттифоқ таркибидаги барча халқларни рус тили ва маданиятига ўтказиш ҳамда шу орқали ягона совет миллатини яратиш ғоясини ҳам ёқламайди. Оқибатда у ва Суслов алоқалари дарз кетади.

 

Иттифоқнинг қудратли шахслари билан кескинлик юз бераётган бир пайтда Муҳиддинов ҳаётига суиқасд ҳам уюштирилади. 1961 йил МҚ котиби ва унинг оиласи ўтирган автомобилга юк машинаси келиб урилади. Муҳиддинов ва ҳайдовчи ўрта даражада жароҳат олади. Унинг аёли ва фарзанди эса енгил шикастланади. Замондошлари ва мутахассислар бу суиқасд ортида СССР КГБ раиси Иван Серов турганини таъкидлаган.

 

1961 йилги навбатдаги иттифоқ съездида Хрущёв Муҳиддиновни СССР Бош вазири ўринбосари лавозимига тайинлашни режалаштиради. Бироқ Нуриддин Муҳиддинов Сталин қабрини кўчиришга қарши чиққач бу фикрдан қайтади. Мусулмон Шарқида ўсган Муҳиддинов марҳумни безовта қилиш Шарқ халқларида ножўя иш эканини таъкидлайди ва шу боисдан ҳам Сталин қабри кўчирилишига қарши чиқади.

 

Шундан сўнг, у юқори элитадан узоқлаштирилади.

 

Чет элдаги «асрлар»

 

1961-1968 йилларда Нуриддин Муҳиддинов нисбатан қуйи марказий лавозимларда фаолият олиб боради.

 

1968 йилда эса СССРнинг янги раҳбари Брежнев унга элчилик миссиясини таклиф қилади. Араб тилини ёшликдан яхши билган Муҳиддинов СССРнинг Суриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланади.

 

9 йиллик элчилик давомида Муҳиддинов кўплаб араб давлатлари етакчилари билан учрашади, СССРнинг Яқин Шарқдаги сиёсатида муҳим роль ўйнайди.

 

СССР Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари лавозимига тайинланган Муҳиддинов 1977 йил Москвага қайтади. У бу ерда Михаил Горбачёв ҳокимиятга келгунга қадар ишлайди. 1986 йил пенсияга чиқади ва ниҳоят Ўзбекистонга қайтиб келади.

 

Ватанига келгач ўзбек сиёсатининг ветерани дастлаб, 1986-1989 йилларда Ўзбекистон ССР Вазирлар Кенгаши маслаҳатчиси лавозимида хизмат қилади. Кейинчалик, то 2008 йилгача Ўзбекистон Республикаси Тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш жамияти Президиуми раиси бўлиб ишлайди.

 

Ўзбекистон тарихида муҳим из қолдирган, II Жаҳон уруши қатнашчиси, тажрибали дипломат Нуриддин Муҳиддинов 2008 йил 27 августда Тошкентда вафот этади. У кўплаб ўзбек сиёсатчилари каби Чиғатой қабристонига дафн қилинади.

 

Муҳиддинов СССР тарқаб кетгандан кейин ҳам Ўзбекистонда қолган ва умрининг охиригача ватанида яшаган кам сонли Ўзбекистон ССР раҳбарларидан бири эди. У коммунистик тузум қуласа ҳам чет элга кетмади ва нафақат Ўзбекистонда қолди, балки умрининг охиригача масъул лавозимда ҳам ишлади. Чунки у совет тизимининг оғир даврида ҳам халқи ва ватанига содиқ қолган ҳамда унинг манфаатларини қўлидан келганча ҳимоя қила олган инсон эди.

 

Муҳаммадқодир Собиров

Oyina.uz

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 36700
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//