Одамларга нима бўляпти? Ижтимоий таҳлил


Сақлаш
12:00 / 11.06.2026 73 0

Голливуд фильмларини кўрган бўлсангиз, бу саҳнани яхши эслайсиз: чаккасига тўппонча тиралган қаҳрамон, тарашадек қотган, нафас олишга ҳам қўрқади, бутун танасини совуқ тер қоплаган, бир неча сония унинг ҳаётини ҳал қилиши мумкин... Бу саҳна мажозий маънода замонавий дунёдаги таранг муносабатларни тасвирлаб беради. Мамлакатлар ўртасидаги тинимсиз низолар, об-ҳаво ифлосланиши, сунъий интеллект туфайли ишсиз қолиш қўрқуви – ҳар кеча ухлашдан олдин барчасини бирма-бир кўз олдимиздан ўтказиб, у ёнбошдан бу ёнбошга ағдарилиб, амаллаб тонг оттирамиз-да, эрталаб яна минг бир хаёл билан апил-тапил нонушта қилиб, ишга жўнаймиз. 

 

“Маънавий чарчоқ” (“burn out”), руҳий жароҳат, хавотир сўзлари луғат бойлигимизга чуқур ўрнашиб улгурган. Бугун биз психологларга ҳар доимгидан кўра кўпроқ эҳтиёж сезяпмиз. Сўнгги пайтларда жамиятимизда тажовузкорлик, ғазаб ва агрессия ҳаддан ташқари кучайиб кетгандек. Кундалик ҳаётдаги арзимаган нарса жаҳлимизни чиқариб, жанжалга сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳам камдек, ижтимоий тармоқда кунда-кунора болаларни ураётган боғча тарбиячилари, жониворларни қийноққа солаётган ваҳшийлар, бир-бирини самосуд қилаётган мактаб ўқувчилари ҳақида видеолар чиқиб туради. Нега бунчалик агрессивлашиб кетдик. Одамларга нима бўляпти?

 

Қондирилмаган эҳтиёжлар бадали

– Аслида агрессия инсоннинг ҳимоя механизми ҳисобланади, дейди психолог Гулшан Каттахўжаева. – Агар одам жиззаки ва тажовузга мойил бўлса, демак ҳаётининг қайсидир жабҳасида у ўзини хавфсиз ҳис қилмаяпти. Шунингдек, агрессия болаликдан шаклланган одат бўлиши ҳам мумкин, яъни у азалдан шу йўл билан ўз мақсадларига эришиб келган. Жамиятда агрессиянинг ортиб кетишига қисман борлиқ ҳақидаги тасаввур ва реалликнинг мос келмаслиги, молиявий қийинчиликлар ҳам сабаб бўлади. Негаки, ҳозир пул муносиб ҳаёт кечириш, маълум доираларда ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиш учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Раҳмдиллик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш каби қадриятлар урбанизация туфайли аста-секин йўқ бўлиб бормоқда.

 

Эҳтиёжларимизнинг қондирилмаслиги ҳам бевосита агрессияга сабаб бўлади. Бу вақтида ухлаш, маънавий ҳордиқ чиқариш ва овқатланиш каби физиологик эҳтиёжлар бўлиши мумкин. Агар улар қондирилмаса, агрессия ортиб боради. Масалан, менинг бир мижозим – икки фарзандли она болаларининг кўп жанжаллашишидан шикоят қиларди. Кейинчалик унинг ўзи болаларига кўп бақириши, уришиши маълум бўлди. Бунинг сабаби, у институтда 4-5 соат дарс ўтиши, уйдан эрталаб 6:00 да чиқиб кетиб, кечки 19:00-20:00 ларда кириб келиши, пулни тежаш учун баъзан ҳатто тушлик қилмаслиги экан. Яъни, бу жараёнда унинг тўйиб ухлаш, вақтида овқатланиш, яқин инсони томонидан қўллаб-қувватланиш эҳтиёжлари қондирилмаётганди. Шу ўринда жамиятда агрессия кўпайишининг олдини олишда давлатнинг муҳим ўрин тутишини ҳам айтиб ўтмоқчиман. Ёш болали аёлларнинг ишлаши учун маълум қўшимча шароитлар яратилиши, дейлик, Европа мамлакатлари тажрибасига мувофиқ, 4 кунлик иш ҳафтасини жорий этиш фойдали бўларди. Ҳозирги шароитда ходимлар ҳафтада 5 кун 9-12 соатлаб вақтини ишда ўтказади, уйга чарчаб келади, у ерда эса маиший ёки бола тарбияси билан боғлиқ вазифалар кутиб турган бўлади, оқибатда уларда шунчаки дам олишга шароит бўлмайди. Ичидаги негатив энергия ва жаҳлни болаларига сочади ва бу занжир жамиятдаги умумий агрессивликни кучайтираверади. Қолаверса, узоққа қатнаб ишлайдиганларда йўл чарчоғи ҳам қўшилади.

 

Чегаралар бузилганда

Яна бир жиҳат – ходимларда агрессив ҳамкасб, раҳбар устидан шикоят қилиш имконияти бўлиши зарурати. Ҳозирги пайтда одамларнинг аксариятида кредитлар борлиги учун ишни йўқотиш боши берк кўчага кириш билан баробар. Шу сабаб улар қўпол ҳақоратлардан тортиб, ишдаги токсик муҳитгача – ҳаммасига чидаб, мослашиб ишлашга мажбур бўлади. Оқибатда ичга ютилган агрессия қандайдир касалликларни келтириб чиқаради. Ишда ходимларни ҳимоя қиладиган механизмлар бўлиши шарт.

 

– Вазиятни тарозига қўйиш керак, сиз учун нима муҳимроқ, руҳий хотиржамликми ёки иш? Агар агрессор оила аъзоси бўлса, бу энди мураккаброқ вазият. Психологияда “юқоридан қараш” деган тушунча бор. Масалан, қайнонангиз сизга доимий агрессив муносабат кўрсатиб келаётган бўлса, сиз унинг нега бундай қилаётганини тушунишга ҳаракат қиласиз. Яъни воқеаларга унинг назари билан қарайсиз. Балки унинг оиласида агрессия нормал қабул қилинган ёки у қачонлардир агрессия қурбони бўлгандир. Шунда вазият бирмунча юмшайди, дейди Гулшан Каттахўжаева.

 

Агрессия қаерда туғилади?

Май ойи бошида Тошкент шаҳридаги мактаблардан бирида рўй берган воқеа – ўқитувчи томонидан ўқувчининг калтакланиши атрофидаги муҳокамалар ҳанузгача тингани йўқ. Бир томон ўқитувчини айбласа, бошқа томон мактаб ўқувчиларининг ҳаддан ташқари тажовузкор бўлиб кетаётганини айтмоқда.

 

– Авваллари мактаб ахлоқий қарашлар ва инсоний қадриятлар шаклланишида муҳим ўрин тутарди. Ҳозир у мана шу таъсирини йўқотган, дейди Гулшан Каттахўжаева. Шахсий кузатувларим бўйича, ота-оналар “боламни мактабга топширдим, энди қолгани билан ўқитувчи шуғулланиши керак”, деб ҳисобласа, ўқитувчилар тарбия масаласида бола билан унинг ота-онаси шуғулланиши керак, деган фикрда бўлади. Оқибатда ўсиб келаётган авлод тарбияси бой берилади. Мактаблар буллинг, рақобат ва ижтимоий тенгсизлик урчиган жойга айланмоқда. Паст маошлар, бюрократик босим ва ота-оналар томонидан кўрсатиладиган доимий тажовузкорлик шароитида ишлаб келаётган ўқитувчиларда ҳам, табиийки, болаларга сифатли таълим беришга ресурс бўлмайди. АҚШ иқтисодий тадқиқотлар миллий бюроси аниқлашича, мактаб ўқувчилари ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари таътил ва локдаунда онлайн шаклга ўтилган пайтда камайгани ва мактабга қайтиш даврида яна ортган. Сабаб – болаларнинг буллингга дуч келиши. Бундан чиқаришимиз керак бўлган хулоса шуки, жамиятдаги агрессивлик илдизларини оиладан, мактаблардан, керак бўлса боғчалардан излаш лозим.

 

Биз атрофдагиларнинг ҳиссиётларини “кўчирамиз”

– Одамларнинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари, кутилмалари ва одатий турмуш тарзи кескин ўзгариб кетди. Кўпчилик ноаниқликдан қўрқади, вазият назоратдан чиқиб кетгандек туюлади. Айримларда эса ҳеч нарсани ўзгартира олмаётганидан айбдорлик ҳисси пайдо бўлади, Гулшан Каттахўжаева

 

Мутахассиснинг таъкидлашича, хавотир ва доимий ички таранглик инсоннинг атрофдагиларга ҳам душмандек қараш ҳиссини кучайтириши мумкин. Бундай ҳолатларга, айниқса, болалар жуда сезгир бўлади. Улар катталарнинг ҳиссиётларини ўзига сингдириб, гўё кўзгу каби акс эттиради.

 

Психолог яна бир муҳим жиҳатга – оммавий ҳиссиётларнинг «юқиши» ҳодисасига эътибор қаратади. Психологияда одамнинг гуруҳ ичида ўзини қандай тутиши узоқ йиллардан бери ўрганиб келинади. Одам кўпчилик ичида шахсий масъулият ҳиссини қисман йўқотади, бошқаларнинг ҳиссиётларига тақлид қилади ва омма орасида баъзан якка ҳолатдагидан кўра кучлироқ агрессия намоён қилиши мумкин.

 

Ижтимоий тармоқлар ҳам бу жараённи кучайтириши эҳтимолдан холи эмас. Лайклар, эътироф ва адолат ҳиссига бўлган эҳтиёж қондирилмаганида инсонда фрустрация — яъни ички норозилик ва агрессия пайдо бўлади.

 

Ҳафсала пир бўлиши ва агрессия ўртасидаги боғлиқликни машҳур психологлар Рожер Баркер, Тамара Дембо ва Курт Левин ўтказган тажриба ҳам тасдиқлайди. Тадқиқот давомида болаларга хилма-хил ўйинчоқларга тўла хона кўрсатилган, аммо маълум вақт давомида ўйнашга рухсат берилмаган. Кейин эса ўйинчоқлардан фойдаланиш имконияти берилган. Натижада аввал кутиш ва тушкунликни бошдан кечирган болалар ўйинчоқларни синдириш, деворга отиш каби ҳаракатларни кўпроқ намоён қилган. Дарҳол ўйнаш имконига эга бўлган болалар эса хотиржам ўйнаган. Бу тажриба қондирилмаган эҳтиёжлар ва йиғилиб қолган норозилик агрессияни кучайтириши мумкинлигини кўрсатади.

 

Соатлаб навбат кутаётган катталар орасида тажовузкорликнинг ортиши ҳам бунга яққол мисол: одамда “мен қолиб кетаман”, “менга етмайди” деган хавотир кучая бошлайди. Аммо 1.5 млрд аҳолига эга Хитойда бу масалага оддий математика ечим бўлган. Яқинда Шанхайга борганимда музқаймоққа тўлов қилдим ва навбатга турдим, мендан олдинга мижоз музқаймоғини олиб кетгач, чекдаги рақамни музқаймоқчига кўрсатсам, “йўқ” дея ишора қилди. Таблодаги тартиб рақами бўйича мендан олдин яна битта буюртма бор экан! Яъни ҳатто музқаймоқ олишда ҳам тартиб ўрнатилган ва бу мижозларга нисбатан адолатнинг кичик бир кўриниши.

 

Хавотир қуршовидаги дунё

Одамларнинг руҳий ҳолатига бугунги глобал вазиятнинг таъсири ҳам катта бўляпти. Интернет ва смартфонлар хотиржам ухлашга қўярмиди. Иқтисодиёт ва тинчлик институти (Institute for Economics and Peace) томонидан тайёрланган Global Peace Index 2025 ҳисоботига кўра, дунёда тинчлик даражаси индекс тарихидаги энг паст кўрсаткичлардан бирига тушган. Мутахассислар бу даврни «Буюк парчаланиш» деб аташмоқда. Ҳисоботга кўра, 2024–2025 йилларда 87 та мамлакатда вазият ёмонлашган, 74 та давлатда эса яхшиланиш қайд этилган. Қуролли можароларнинг аксарияти йиллар давомида ҳал қилинмай, чўзилмоқда. Урушлар давом этгани сари жамиятларда қўрқув, чарчоқ ва ички таранглик кучайиб бориши, табиий.

 

Тадқиқот муаллифлари яна бир хавотирли тенденцияни қайд этади. Сўнгги йилларда зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, аҳоли орасидаги хавфсизликка оид қўрқувлар ва ижтимоий кескинлик ортиб бормоқда. Бугун дунё бўйлаб 110 миллиондан ортиқ инсон уруш ва зўравонлик сабабли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Бу эса кўплаб мамлакатларда ижтимоий таранглик ва ксенофобиянинг кучайишига олиб келмоқда.

 

Шу маънода, агрессияни фақат инсоннинг шахсий хусусияти сифатида баҳолаш тўғри эмас. Кўп ҳолларда у жамиятдаги ноаниқлик, қўрқув, чарчоқ, иқтисодий босим ва қондирилмаган эҳтиёжларнинг ташқи ифодасидир. Қонунлар ҳамма учун бирдек ишламайдиган, ижтимоий мақоми ва моддий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқи кафолатланмайдиган муҳитда ижтимоий шартнома инқирозга юз тутади. Аксар масалалар таниш-билишчилик орқали ҳал қилинадиган, «оғзи қийшиқ бўлса ҳам, бойнинг ўғли гапирадиган» жамиятларда инсон қадри фақатгина унинг моддий имкониятлари билан ўлчана бошлайди. Маблағингизга қараб сифатли тиббий ёрдам ёки муносиб таълим оладиган, акс ҳолда тизимдан сиқиб чиқариладиган муҳитда инсонлар ўртасида яшаб қолиш учун кураш кескинлашиб кетади.

 

Бундай жамият тинчлик, муроса ва маданият устувор бўлган ижтимоий макон мақомини йўқотиб, инстинктлар бошқарадиган ёввойи тизимга айланишга маҳкум. Таниқли француз файласуфи Жан-Жак Руссо айтганидек, «агар қонунлар фақат бойлар ва кучлиларни ҳимоя қилиб, камбағалларни жазолаш учун хизмат қилса, унда жамият қонунийликни эмас, балки тизимли зўравонликни бошдан кечираётган бўлади». Тизимли зўравонлик ва адолатсизлик шароитида инсонийликка хос энг олий қадриятлар – ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва маданият ўз-ўзидан йўққа чиқади. Қонунга ва давлат адолатига ишончи қолмаган одамлар ўз муаммоларини ўзлари, кўпинча зўравонлик ва куч ишлатиш йўли билан ҳал қилишга ўтади. Натижада, жамият «жунгли қонунлари» бошқарадиган тартибсизлик гирдобига ғарқ бўлади.

 

Инглиз мутафаккири Томас Гоббс ўзининг «Левиафан» асарида бундай аянчли ҳолатни «ҳамманинг ҳаммага қарши уруши» (Bellum omnium contra omnes) деб атаган. Унинг фикрича, умумий ва адолатли қонунлар кучини йўқотган тақдирда, жамият ўзининг табиий, ёввойи ҳолатига қайтади. Бундай муҳитда эса, Гоббс таъкидлаганидек: «Инсон умри ёлғизлик ва қашшоқлик ичида, шафқатсизлик ва хавфларга тўла ҳамда қисқа бўлиб қолади».

 

Замонавий социологик тадқиқотлар, хусусан, профессор Ричард Уилкинсон ва Кейт Пикеттнинг «The Spirit Level» номли изланишлари ҳам бу фикрни илмий жиҳатдан исботламоқда. Таълим, тиббиёт ва қонун олдидаги тенглик бузилган жамиятларда ижтимоий ишонч даражаси минимал нуқтага тушади. Инсонлар бир-бирига жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида эмас, балки ресурслар ва яшаб қолиш учун курашаётган рақиб, хавф туғдирувчи душман сифатида қарай бошлайди.

 

Қонун устуворлиги ва ижтимоий адолат шунчаки баландпарвоз сиёсий шиорлар эмас. Улар жамиятни ёввойиликдан, «жунгли тартиблари»дан асраб турувчи энг ишончли қалқондир. Ана шу қалқоннинг заифлашиши қандай оқибатларга олиб келишини англаб етиш учун ҳали кечмас. Фарзандларимизга нафрат ва адолатсизликдан холи, уларнинг иқтидори ва ҳуқуқлари қадрланадиган хавфсиз ҳамда порлоқ келажакни қолдириш учун ҳар биримиз ва ҳозироқ ҳаракат қилишимиз керак.

 

Висола ҚАРШИБОЕВА,

журналист

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 36699
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//