Ўнлаб йиллар давомида ўзи севмаган касб билан шуғулланиб, умрини ёқтирмаган ишга бағишлаганларни “тоқатли” дея олқишлаб, қарорини тақдир тақозосига йўямиз-у, ҳаётининг чорак қисмига келгач, дейлик, 30-40 ёшлар атрофида касбини ўзгартирган, кескин бурилиш қил(моқчи бўл)ганларларга, замонавий тилда айтганда свитчерларга ҳайрат билан қараймиз. Аслида, бу ташқаридан кўринганчалик “қўрқинчли” қарор эмас, уни маълум маънода ўзликка қайтиш, дейиш ҳам мумкин.
Oyina.uz ёшидан қатъи назар орзулари йўлида ҳеч нарсани тўсиқ деб билмай, тўхтамаганлар ҳақида ҳикоя қилувчи “Мақсаддан кечмагунча кеч эмас” лойиҳасини бошлайди. Бу орқали жамиятнинг ҳар қандай стереотипи-ю ғайритабиий қарашларига чалғимай камолоти учун кун тартиби, касбий фаолияти ва ҳатто, одатларини ҳам ўзгартирганлар мисолида ўқувчига “ҳаёт давом этяптими, демак кеч эмас”, деган хабарни етказишни кўзда тутади.
Свитчер ўзи ким?
Ҳаётининг маълум даврига келиб иш алмаштириш, янги фаолият билан машғул бўлишни ўйлаб қолганлар ҳақида эшитганмисиз? Гап доимий муҳокама қилинадиган “ўрта ёш кризиси” эмас, балки тажрибали мутахассисларнинг ҳам онгли равишда бошқа профессионал йўналишдан кетиш истаги ҳақида бормоқда. Узоқ йиллик тажрибадан кейин касбини тубдан ўзгартирадиган одамлар свитчер деб аталади.
Ушбу қарорга келиш мотивлари турлича: масалан, профессионал фаолиятдаги статусини оширишга уриниш ёки янги кўникма ва билим талаб этадиган лавозимда юқорироқ ишонч билан фаолият юритиш иштиёқи бўлиши мумкин.
Бу ҳолат айниқса, 30 ёш атрофидагилар учун долзарб бўлиб, мазкур даврда одамлар мустаҳкам карьера даражасига етган, шу билан бирга, энергия ва профессионал ривожланиш учун янги амбицияларга эга бўлади. Буларга қўшимча равишда, мутахассислик кўникмаларини кенгайтириш, шу тариқа, юқорироқ даромадга интилиш, янги ютуқ ва муваффақиятлар орқали ўзини кашф этиш иштиёқи ҳам касбий фаолиятни ўзгартириш учун асос бўлиши мумкин.
Дунёга машҳур свитчерлар
Аслида, улғайган сайин қизиқишлар ўзгариб туриши инсон хилқатига болаликданоқ хос, нормал ҳолат саналади. Масалан, фарзандларингиз ёки ўз болалигингиздаги “катта бўлсам…” деб бошланадиган орзуларингиз неча марта ўзгаргани эсланг, мана шу ёрқин мисол бўла олади.
Бу ҳодиса инсон катта ҳаётга қадам қўяётганда, ҳатто, ундан кейин – профессионал фаолиятининг энг қизғин нуқтасида, 40, 50 ва ундан кейинги ёшларда ҳам кузатилиши мумкин. Биз кўпинча бу хоҳишни “вақтинчалик иштиёқ” деб, инкор қиламиз. Ички истак, асл қизиқишларга кўз юмиш турли кўнгилсизликлар, хусусан, руҳий хасталик ва агрессияга олиб келиши мумкин.
Бундай вазиятда ўзини тинглаш бўлса дунё тажрибасида яхши натижалар кўрсатган. XX аср афсонаси Дэвид Уорк Гриффит, “Олтин пальма япроғи”дан “Оскар” мукофотигача лойиқ топилган Роман Полански ва кино саноати ўрни беқиёс бўлган Жорж Лукас — уларнинг барчасини кино ва унга қадар босиб ўтган йўллари бирлаштиради. Шунингдек, уларнинг барчасини “муваффақиятли свитчерлар” дейиш мумкин.
Лифтёр, курьер, ўт ўчирувчи, ва ниҳоят дунёга машҳур режиссёр — Дэвид Уорк Гриффит
Америкалик режиссёр, продюсер ва актёр Дэвид Уорк Гриффит “Миллатнинг туғилиши” номли Америка фуқаролик уруши ҳақидаги эпик драмаси билан машҳур. У ХХ аср бошларининг энг кенг қамровли ва баҳсли кино-лойиҳаси саналади. Уч соат давом этувчи ушбу фильм 1,5 мингдан ортиқ саҳнани ичига олган. Фильм Оқ уйда расман томоша қилинган ва Францияда тақиқланган.
Гриффитнинг муваффақияти қийинчилик ва мағлубиятлардан сўнг, 32 ёшидан кейин келади: унинг кино оламидаги асл иқтидори “Долли саргузаштлари” номли илк қисқа метражли фильми ортидан юзага чиқади. Фильмда ижодкорнинг “томошабин қизиқишлари” билан ишлаш маҳорати яққол кўзга ташланади. Бу эса унинг аввалига “Байограф” студиясида бош режиссёр бўлишига ва вақт ўтиб, афсонага айланишига туртки бўлади.
Лекин Гриффит бу даражага осонлик билан эришмайди. Ижодкорнинг ўзига тўқ, плантатор отаси 1882 йилда тўлиқ инқирозга учрагани тўғрисидаги ҳужжатни қолдириб, вафот этади. Унинг оиласи ўқитувчилик қилиб, укасини ҳам ўзи ўқитган опасининг даромади орқали кун кечиради.
Гриффит ўзини жуда кўп касбларда синаб кўради. Газетада редактор бўлиб ишлайди, соатбай ишлар қилади, ўт ўчирувчи, металлург, кутубхоначи, лифтёр ва ҳатто, етказиб берувчи бўлиб ҳам ишлайди. Мана шу босқичлардан кино оламига келган ижодкорнинг “ихтиро”лари ҳали-ҳануз қўлланилади.
Хусусан, тасвирга олиш майдончасидаги “Чироқ, камера, мотор!” иборасини илк бор Уорк Гриффит ишлатган, ва ҳалигача ҳеч бир экран маҳсулоти бу буйруқсиз суратга олинмайди. Йирик план ва параллел монтаж ҳам айнан шу режиссёрнинг кашфиёти саналади.
Аутизмда гумон қилиниб, велоспортда омади чопмаган “Оскар”, “Олтин пальма япроғи” ва “Сезар” мукофотлари совриндори Роман Полански
Поланскининг шахсий ҳаёти намунавий даражада эмас. Фильмларининг ваҳима, жирканчлик, зўравонлик ва ўлим саҳналарига бойлиги ҳам бежиз эмас. Келиб чиқиши поляк-яҳудийлардан бўлган Романнинг болалиги Нацистлар Германияси даврида Краковда кечади. 10 ёшида у бор-будини йўқотиб, Краков Геттосининг йўқ қилиниш жараёни гувоҳига айланади.
Краковдан қочиб кетгач, турли оилаларда ўгай фарзанд бўлиб кун кечиришига, куни бўйи боғда ишлаб, баъзан чириган картошка, баъзан ҳатто, қайнатилган дарахт пўстлоғи ёки ёввойи гуллардан тайёрланган шўрва билан таомланишига тўғри келади. Уруш даврида ҳужжати бўлмагани учун мактабга боролмаган ва ўқишни жуда кеч – 13 ёшидан бошлаган, атрофдагилардан бегонасирайдиган ва ҳатто, Аутизм синдроми бор дея гумон қилинган Романнинг бир кун келиб юлдузга айланиши ҳақида ҳеч ким тасаввур ҳам қилолмаган.
Полански урушдан кейин у қадар мос бўлмаган жисмоний ҳолатига қарамай, велоспорт билан фаол шуғулланиб, келажагини шу машғулот билан боғлашга қарор қилганида навбатдаги фожиа содир бўлади. У қотил рецидивист Януш Дзюбага тўқнаш келиб, калтакланади ва бор-будини йўқотади.
Узоқ давом этган тикланишлардан сўнг Полански якуний тўхтам – фақат кино билан шуғулланиш қарорига келади. Руҳиятни етарлича “ишдан чиқариши” мумкин бўлган мураккаб болалик даври ва катта ҳаётдаги кўплаб қийинчиликларга қарамай, Поланскининг қатъияти уни муваффақият томон етаклайди: режиссёр "Rosemary's Baby" номли даҳшат жанрининг ҳақиқий дурдонасини яратиб, кўплаб кино мукофотларига, хусусан, Оскар, “Олтин пальма япроғи” ва “Сезар” каби мукофотларга лойиқ топилади.
Унинг “Оскар”га сазовор бўлган “Пианист” фильми томошабинга уруш воқеликларини ичкаридан ва жонли ифода билан етказади. Кинокартина Польшанинг энг яхши пианистларидан бирининг немис фашисти билан тўқнашуви ҳақида ҳикоя қилади.
Пойгадан кинога: Жорж Лукас карьераси
Фантастик блокбастерлик оламида пешқадам, Канн кинофестивалининг фахрий “Олтин пальма япроғи” совриндори Жорж Лукас “Юлдузлар жанги”гача узоқ вақт умуман бошқа касбни орзу қилган. У мактабда қониқарли ўқир, имтиҳонларни зўрға топширар ва ҳатто, тўғри ёзишни ҳам билмас эди.
Кино оламидаги бўлажак афсонани фақат пойгалар қизиқтирган. Лукаснинг куни ўзининг севимли кўчалари бўйлаб ота-онаси совға қилган Autobianchi Bianchina’дашуғилланиш билан ўтарди.
Пойгачининг ушбу карьерасига фожиавий фалокат нуқта қўяди: 17 ёшли Лукас даҳшатли аварияга учрагач пойгалар унинг ўтмишида қолади. Шундан кейин Лукас режиссёрлик йўлидан боришни танлайди ва “Юлдузлар жанги” франшизасининг тарихдаги энг кассабоп 6 фильмни ўз ичига олган “Юлдузлар жанги: 4-эпизод – янги умид”ни яратади. Қизиғи шундаки, миллионлаб мухлис севиб томоша қиладиган мазкур фильмни режиссёр шунчаки оилавий “совунли опера” (теле ва радио-сериал формати) деб атаб, уни катта ютуқ сифатида кўрмайди.