“Арканақун” – туркий достончиликнинг илк куртакларидан бири


Сақлаш
17:46 / 10.06.2026 68 0

“Арканақун” достони туркий халқлар оғзаки ижодига мансуб бўлиб, у ўзидан олдинги “Бўзқурт” (Кўк бўри) мифологик сюжетининг ижтимоий-тарихий жиҳатдан кенгайган вариантидир.

 

Этимологик жиҳатдан ёндашилганда, “Арканақун” атамаси мўғул тилида “ошиш қийин бўлган тоғли довон, тик чўққи” маъносини англатса, қадимги туркий манбаларда “бошпана топилган, ўрнашилган хавфсиз макон” мазмунини ифодалайди. Мирзо Улуғбек қаламига мансуб “Тўрт улус тарихи” асарида эса, бу ном “Тунд камар” (яъни тик, ўткир, баланд тоғ тизмаси/қири) деб изоҳланади. Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк”ида “Аркананинг маъноси тоғ камари, қуннинг маъноси тез ва ўткир демакдир”, дея қайд этилади. Мифологик географияга кўра, бу ҳудуд тўрт тарафи баланд тоғ тизмалари билан ўралган, ички қисмида деҳқончилик, чорвачилик ва металлургия (маъдан эритиш) билан шуғулланиш учун табиий ресурсларга эга бўлган ёпиқ макон сифатида тасвирланади.

 

Достоннинг бизгача етиб келишида икки йирик тарихий манба муҳим пойдевор ҳисобланади:

 

1) “Жомэъ ут-таворих” (XIII аср): Элхонлар (Эрондаги мўғуллар) давлатининг вазири, қомусий олим ва тарихчи Рашидиддин Фазлуллоҳ ўзининг форс тилидаги ушбу асарида достон элементларини илк бор тизимли равишда ёзиб қолдирган. Муаллиф мазкур достонни дашт кўчманчилари ва турк-мўғул уруғлари орасидаги оғиздан-оғизга ўтиб юрган оғзаки ривоятларга таяниб қайд этганини таъкидлайди.

 

2) “Шажарайи турк” (XVII аср): Хива хони ва тарихчи Абулғози Баҳодирхон ушбу достон вариантини туркий тил муҳитига мослаштириб, тарихий солномаларга киритган.

 

Шунингдек, мазкур достон Хондамирнинг “Хулосат ул-ахбор”, Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Шарафномайи шоҳий” ҳамда Мунис ва Огаҳий қаламига мансуб “Фирдавс ул-иқбол” асарларида ҳам акс этиб, Турон тарихчилик мактабининг доимий эътиборида бўлган.

 

Мифологик хронологияга кўра, туркларнинг Арканақун ҳудудидан кенг дунёга чиққан вақти астрономик қуёш тақвимига биноан 21 март кун ва тун тенглашган, қуёш Балиқ буржидан Қўй буржига ўтган кунга тўғри келади. Бу сана минтақа халқлари маданиятида табиатнинг янгиланиш фасли Наврўз билан уйғунлашган.

 

Туркий халқлар дунёқарашида тоғ ва ғор символлари илоҳий паноҳ ҳамда ҳаётнинг бошланиш нуқтаси сифатида қаралган. Хитой йилномаларида (масалан, “Суйшу” ҳамда “Тангшу” манбаларида) қадимги ҳунлар ва кўктуркларнинг муқаддас ғорга эга бўлгани, Турк хоқони ҳар йили ушбу ғор олдида ота-боболар руҳи учун қурбонлик келтириш маросимларига шахсан раҳбарлик қилгани ҳақида аниқ фактлар мавжуд.

 

“Дада Қўрқут” эпосида: Қаҳрамон Басат элга хавф туғдирган Тепакўзни тоғ ғорида маҳв этади.

 

Эрон ва курд мифологиясида: Темирчи Кова золим Заҳҳокни тоғ тепасидаги ғорида ўлдириб, бу ҳақда халққа олов ёқиш орқали хабар беради.

 

Бу қиёсий ўхшашликлар қадимги Турону Эрон халқлари мифологиясида тоғ, ғор, олов ва темир тушунчаларининг муштарак семантик вазифага эга бўлганини исботлайди.

 

Қадимги даврда туркий қавмлар ва қўшни қабилалар ўртасида ҳудудий ҳамда сиёсий ҳукмронлик учун узлуксиз урушлар олиб борилган. Қўшни қавмларнинг ҳарбий иттифоқи натижасида туркий қабилалар мудофаага ўтишга мажбур бўлади. Ўн кунлик шиддатли жанглардан сўнг, душман томони ҳарбий ҳийлага қўл уради.

 

Душман лашкари чекинаётгандек кўрсатиб, туркларни пистирмага етаклайди. Тартибсиз қувиб келган турк қўшини оғир мағлубиятга учрайди, уларнинг ўтовлари талон-торож қилинади.

 

Ушбу урушда турклар ҳукмдори Элхоқон ва унинг деярли бутун оиласи ҳалок бўлади. Фақат унинг кенжа ўғли Қайи (Қаёд) ҳамда жияни Тўққиз Ўғуз асирликдан қочишга муваффақ бўладилар. Улар ўз оилалари ва омон қолган бир оз чорвалари билан душман етиб бора олмайдиган хавфсиз ҳудуд излаб, хавфли тоғ довонлари оша ичкарига йўл оладилар.

 

Тоғлар орасида ёввойи табиат ресурсларига бой, ёпиқ экотизимли водийга дуч келгач, шу ерда ўтроқ ҳаёт тарзига ўтадилар ва бу маконни Арканақун деб номлайдилар.

 

Орадан роппа-роса 400 (баъзи манбаларда 450) йил вақт ўтади. Бу давр мобайнида Қайи (авлодлари Қиётлар) ва Тўққиз Ўғуз (авлодлари Тўққизлар ва Турулкенлар) насли кўпайиб, водийнинг иқтисодий аҳволи яхшиланиб, аҳоли сони ортиб кетади. Натижада, жамоа бошлиқлари ташқи дунёга чиқиш ва қадимги яйловларни қайта эгаллаш масаласида Олий Кенгаш (Қурултой) чақирадилар.

 

Ташқи дунёга олиб чиқувчи табиий йўл топилмагач, гуруҳ таркибидаги маъдан устаси (темирчи) тоғ қатламларида темир моддаси юқори эканини аниқлайди. Тоғнинг ўша қисмига ўтин ва кўмир тўпланиб, буқа терисидан ясалган етмишта улкан кўрик (дам) ёрдамида юқори ҳарорат ҳосил қилинади. Темир конининг эриши натижасида тоғда юкли туя ўтиши учун сунъий йўлак очилади.

 

Анъанавий тотемистик қарашларга кўра, гуруҳ йўл йўқотиб турган пайтда, уларнинг олдида йўл кўрсатувчи сифатида Мовий ёлли Бўзқурт (Кўк бўри) пайдо бўлади. Жамоа ушбу тотем ортидан эргашиб, муқаддас ҳисобланган кунда Арканақун ҳудудини тарк этади.

 

Арканақундан чиқиш даврида жамоага Қайихон сулоласидан бўлган ҳарбий етакчи Бўртачина бошчилик қилади. Ташқи муҳитга чиққан туркий қабилалар ўзларининг ҳарбий ва демографик салоҳияти ёрдамида қўшни ҳудудлар билан қайтадан сиёсий алоқалар ўрнатадилар ҳамда тез фурсатда минтақадаги қадимги давлатчилик тизимини (Буюк Турк хоқонлигини) ва геосиёсий таъсирини қайта тиклайдилар.

 

Достондаги асосий култлардан бири – темирчилик ва сандон рамзидир. Тоғни эритиб, ташқи дунё билан алоқа ўрнатилган куннинг хотираси сифатида кейинги давр туркий давлатчилик анъаналарида рамзий маросим шаклланган. Унга кўра, ҳукмдор (хоқон) қиздирилган темирни сандонда қисқич ва босқон ёрдамида уриб, маросимни бошлаб берган. Бу анъана жамиятда металлургия ҳунарининг ижтимоий-иқтисодий мавқейи нақадар юқори бўлганини ва сандоннинг дахлсиз табу (тақиқ) ҳисобланганини кўрсатади. Тарихчи дОссоннинг ёзишича, Чингизхон авлодлари ҳам ушбу озодлик шарафига ҳар йилнинг биринчи кунида эритилган темирни болғалашган.

 

“Арканақун” достони – асрлар давомида уруғлар тўқнашуви, оғир сиёсий инқирозлар ва синовларни бошидан кечириб, ўзлигини йўқотмай қайта қад ростлаган туркий халқларнинг тарихий хотирасидир. Ушбу дурдона асар қадимги аждодларимизнинг металлургия сирларини мукаммал эгаллаганликларини, табиат қонуниятлари ва давлатчилик анъаналарини нечоғлик юксак даражада ривожлантирганликларини исботловчи жонли бадиий ва илмий кўзгудир.

 

Зафар ШАМСИДДИНОВ,

тадқиқотчи

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 36700
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//