Адабиёт
Бир қарашда Вақт тушунчаси оддий, уни изоҳлаб тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқдек туюлади. Лекин бу шундай мураккаб тушунчаки, минг йиллардан буён олимлар вақт масаласида бир тўхтамга келишмаган. Баҳс-мунозаралар ҳали ҳам тўхтаган эмас. Ҳолбуки, вақт Аллоҳнинг энг буюк ва энг аслий неъматларидан биридир. Вақт бу инсон учун унинг борлиқда мавжудлик даври, ўз ҳаётидан оладиган фойдаси ёки зарари “жойлашган” муддатдир. Ҳаётидан фойда топмоқлик вақтнинг қадрига етмоқликдан. Аксинча, вақтнинг қадрига етмаслик, уни йўқотмоқ, инсоннинг Аллоҳ берган умр неъмати имконларига бефарқлиги унинг зарарда қолмоғидир. Зеро, ўтказиб юборилган вақтни қайтариб бўлмайди. Чунки вақт ўтиб тургувчи, боши ва адоғи ҳеч кимга маълум бўлмаган ва ўзича асло тугамайдиган, аммо инсон учун тугайдиган неъматдирки, унинг қадрини қилмоқ оқил кишининг ишидир. Қуръони карим сураларида ва Ҳадисларда вақт ва унинг қадри ҳақида кўп қимматли фикрлар келган.
Вақт – нуқсонсиз ва холис неъмат бўлганлиги сабабли макондан кўра шарафлидир. Ҳар қандай макон мутлақ холис вақт ичида мавжуддир. Аммо Аллоҳнинг ақл билан неъматлантирилган бандаси оламга кўз очибдики, ниманингдир бошланишини ва тугашини, туғилишини ва фавту мавтини кузатиш билан баробар ўша воқеликнинг қандайдир ўлчамини илғаб турган. Гул баҳорда очилиб ёзда хазон бўлади. Чўлларда баҳор ям-яшилб ёзда – сап-сариқ сомон. Дарахт гуллайди, мева тугади, пишиб етилади, аммо охири бор... Ҳаммасининг ўлчамида инсоннинг вақт тасаввурлари интуитив (туйғу орқали) ҳисоблаш тажрибасига айланиб бораверади. Булар ҳозирча инсон учун кундалик ва даврий кузатув, хoлос. Лекин бу кузатув кундан кунга, ойдан ойга, йилдан йилга такрорий намоён бўла бориши албатта улкан эмпирик (тажрибавий) билим кўламига айланади. Энди вақтни идрок этиш мавҳум тафаккур имкониятларидан фойдаланишга қараб тадриж топа бошлайди. Инсон кўкка боқар экан, унда аввало қуёш ва ойни кўради, тунда эса юлдузлар унинг ақлини шоширади. Қуёшнинг йил давомидаги ҳаракати йилдан йилга бир хилда такрорланиши, ойнинг ҳилол ҳолатдан тўлишгунича ва аста камайиб “кўринмай қолиши”, сўнгра шом уфқи устида янгидан ҳилол пайдо бўлиши булар инсон онгида вақт тушунчасини мавҳумликдан ҳаётий воқеликлар ўлчови сифатида реаллаштиргандек бўлади. Балки инсон ўша ҳолатда вақт ҳақида фалсафий мушоҳадаларга бориб улгурмагандир. Лекин “йил-ой-кун” тушунчаларининг ҳаётий ўлчамларида энди одам аҳли аниқ билимларга эга бўла бошлайди.
Дастлаб соддагина одам ҳар бир кунни қоя тошлар сиртига, дарахт танасига ва ҳоказо, битта чизиқ қилиб белгилаб борди. Қараса, қуёшнинг бир йиллик оғиш нуқталари орасидаги чизиқлар, яъни кунлар сони 365 тага тўғри келибди. Қуёшнинг осмондаги ҳар йилги ҳаракат узунлиги бир хилда 365 кунни ташкил қилиши маълум бўлгач, бунга турли халқлар турлича ном бердилар, лекин барчасининг маъноси ўзбекча “йил” сўзи билан айнан бир бўлди. Шундай қилиб, йил вақтнинг бир ўлчамига айланди. Бир йил ичида ойнинг ўн иккки марта янгиланиши, ойнинг ҳилолидан янги ҳилолигача ўттиз ва йигирма тўққиз кун эканлиги яна бир кашфиёт бўлди. Ой фазалари (ҳилолдан ой баркашининг чорагигача, ундан тўлин ойгача, камайиш давомида учинчи чораккача ва, ниҳоят янги ҳилолгача) ораси етти кундан экани ҳам вақт ўлчамининг муҳим қисмига айланди. Бу ўлчам ҳафта номини олди. Одамлар етти кунлик ҳафтанинг йиғиндиси йигирма саккиз кундан янги ҳилол кўрингунча яна бир кеча-кундуздан ортиқроқ вақт ортишини ҳам фарқладилар. Натижада бир ой ҳракати давраси 29 кун ва бир неча соатдан иборат ҳисобланди. Бу эса қуёш йилидан 11 кун ва бир неча соатга кам эди. Шундай қилиб ой ҳаракати бўйича бир йил 354 кун ва бир неча соатдан иборат бўлди. Ушбу бир неча соат қўшимча туфайли ой ҳисобидаги йилнинг бир ойини 29, иккинчи ойини 30 кундан ҳисоблаш қабул қилинди. Худди шу каби қуёш йилининг 365 кунидан ҳам бир неча соат, минут ва секундлар қолдиқ чиқади. Бу фарқни жойига келтириб аниқ вақтни белгилаш учун тақвимга ҳар бир тўрт йилда бир кун (феврал ойининг охирида) қўшиб ҳисоблаш жорий этилган. Бу бир кунлик қўшимчаси бор ой мазкур тўртинчи йилни кабиса йил деб аталишига сабаб бўлди. Дарвоқе, биз ҳозир беихтиёр “тақвим” сўзини ишлатиб ўтдик. Хўш, тақвим ўзи нима? Тақвим пайдо бўлмасидан аввал одамлар вақтни қандай ҳисоблашган? Инсоният тарихида тақвим пайдо бўлишининг сабаблари борми? Илк тақвимлар қачон ва қаерларда пайдо бўлган? Тақвим тузишда нималарга асосланилган?
Қадимги тақвимлар тарихи археологик кузатувлар асосида ибтиоий даврлар сари етаклайди. Ибтидоий даврлар тақвимлари ҳам қуёш, ой ҳаракатлари, кеча-кундуз алмашувига асосланган. Илк тақвимлар ҳали ёзув йўқ вақтлар билан боғлиқ тош қурилмаларда акс этган. Ғарбий Африкада яшовчи қадимий даврлардан маълум йоруб халқи яратган тақвим жаҳонда энг қадимий тақвим ҳисобланади. Йоруб маданиятининг тан олинган 10 000 йиллик узлуксизлиги тақвимда акс этган илк маданий ҳодиса сифатида юксак илмий маъно касб этган. Хусусан, йоруб тақвими бўйича бизнинг ҳисобдаги 2026 йилни 10 068 йил деб кутиб олинди. Бу санадан бизнинг 2026 ни айирсак, йорублар 8042 йил аввал ўз тақвимларни жорий этишган экан. Англияда археологлар ва астрономлар текширишлари натижасида салкам 5000 йиллик Стоунхенж тош қурилма кўринишидаги иншоот ҳам қуёш тақвими деб тасдиқланмоқда. Ҳозирда 17 дона менгир (тик ўрнатилган тош устунлар) сақланган. Олимларнинг фикрича уларнинг асли сони 30 дона бўлган. Уларнинг баъзилари устига тўсин қилиб қўйилган тош билан бирлаштилган. Менгирларнинг жойлашуви қуёш, ой ва юлдузлар айланишини кузатишга мўлжалланган.
Инсоният тарихида ёзув пайдо бўлиши, унинг типларидан қатъи назар, Яқин Шарқ ва Узоқ Шарқ ҳамда Жанубий Ўсиёда илк аниқ тизимлаштирилган ва ёзма равишда қайд этилган тақвимларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Қадимги ой-қуёш тизим асосида яратилган Шумер тақвими шуларнинг биринчиси эди. Бу тақвим йилнинг икки даврини ҳисоблашга асосланган. Биринчи қисми совуқ ва намлик, иккинчи қисми қуруқ ва иссиқ даври. Йил 12 ойдан иборат бўлган. Тўрт фасллик тизим ишлатилмаган. Ой ва қуёш йили ҳисоби орасида тўпланган фарқни тўғрилаш учун бир неча йилда бир марта ярим йиллик орасига бир ой (ўн учинчи ой) қўшимча киритилган. Шумерларнинг йил боши Дажла ва Фрот дарёлари тошқинидан кейинги биринчи янги ойдан ҳисобланган. Баҳор мавсуми бошоқли экинларга ўроқ тушганида байрам қилинган. Қадимги Шумернинг Ниппур, Ур, Лагаш, Умма, Урук каби бир қатор шаҳарларида олиб борилган археологик қазишмаларда тақвим билан боғлиқ хўжалик ва маъмурий миххат ҳужжатлар кўплаб топилган. Шумер тақвимида ой номлари баъзан сиёсий, диний, кўпроқ хўжалик ҳаёти билан боғлиқ бўлган. Масалан, ибодатхона тахти(курсиси)га, Ҳўкизни омочга қўшиш, ғишт қуйиш, уруғ экиш, олов ёқиш, Инанна маъбудасига бағишланган ой, муқаддас тепалик ойи, омочни ердан олиш ойи, ўрим ойи ва бошқалар.
Хамураппи даврида Бобилнинг ўз тақвими бўлган. Бир кеча-кундуз ути дейилган, кун урру, Сутка 12 қисмга бўлинган ва ҳар бир бўлими беру деб аталган. Биринчи бўлак Варху, 7-бўлак себуту дейилган. Ой тўлган кун шабаттунинг эртасига қурбонликлар қилинган. Йил боши кузги тенг кунликдан бошланган. Йилнинг биринчи ярми Шабаттум маҳриту, иккинчи ярми эса аркитишабаттум, яъни “кейинги ярим йил” деб аталган.
Қадимги Хитой маданиятида ҳам тақвим алоҳида роль ўйнаган. Хитой тақвимининг ёши 3000 йилдан ортиқ дейилади. Мил.авв. XVI–XI асрларда амал қилган Шан даври билан боғлиқ ҳисобланади. Тақвим асосида ой-қуёш аралаш ҳисоб ётади. Шунингдек, деҳқончилик мавсумлари, диний маросимлар вақтини белгилаш, фол очиб башорат қилиш амалиёти ва бошқаларда тақвим, астрономик ҳамда об-ҳаво ҳолатини кузатиш орқали вақтни ҳисоблаш эҳтиёжи кабилар тавимни муқим қилиш заруриятини белгилаган.
Шан давридан кейин Цзинь (мил.авв.221 йилда), кейинроқ Хан империяси даврида (мил.авв. III-II асрда) қадимги хитой тақвими янгидан ислоҳ қилинган. Хан даври 60 кунлик тақвимни жорий қилган. Бунда ўн, йигирма эмас, 20, 40, 60 кунлик тизим орқали ҳисоб юритилган.
Хитой тақвимида йилда ўн икки ойнинг ҳар бирини алоҳида жониворлар ёки ҳайвонлар номи билан аташ амалиёти қадимдан мавжуд. Бу анъана кейинчалик жаҳон бўйлаб тарқалди. Қадимги Нефрит подшолиги номи билан аталувчи ровий Нефрит подшо йилларнинг кетма-кетлигини тартибга солиш учун жониворлар ва ҳайвонлар пойгасини ўйлаб топган эмиш. Қайси жонивор ёки ҳайвон унинг саройига биринчи бўлиб етиб келса, ўшанинг номи биринчи ойга қўйилган эмиш. Саройга биринчи бўлиб етиб келган каламуш номи биринчи йил номига айланган эмиш. Иккинчи ном сигир, учинчи ном йўлбарс, тўртинчи – қуён, бешинчи аждаҳо, олтинчи – илон, еттинчи – от, саккизинчи – эчки, тўққизинчи – маймун, ўнинчи – хўроз, ўн биринчи – ит, ўн иккинчи – чўчқа номларини олибди. Ҳар бир ҳайвон йилига хос белгилар асосида фол очиш, йилнинг келишини башорат қилиш каби обдатлар ҳам кенг тарқалган.
Мазкур ҳайвон йил ҳисоби анъанасининг тарихий илдизини туркий халқлар билан боғлиқ талқини ҳам мавжуд. Бунда каламуш ўрнида сичқон, аждаҳо ўрнида балиқ, эчки ўрнида қўй, чўчқа ўрнида ҳўк, яъни ҳалол этли қабон номлари амал қилган. Ҳайвон циклининг ўзаги асли туркий бўлса ажаб эмас. Ўзлаштириш жараёнида туркийлар ҳалол ҳисоблаган ҳайвонлар номларини хитойлар қисман ўзлари кундалик истеъмол қиладиган, лекин туркийлар ҳаром ҳисоблайдиган ҳайвон номлари билан (балиқ ўрнига аждаҳо, қабон ўрнига чўчқа) алмаштирган бўлсалар керак.
Хитойнинг қадимий маданиятига хос 24 мавсумлик яна бир тақвим амал қилган. Бу тақвим асосан қишлоқ хўжалиги ишларини бошқаришга қаратилган бўлиб, йилни ҳар бири 15 кундан 72 мавсумга бўлган. 24 мавсум тақвими асосан Хуанхе дарёси ҳавзасида шаклланиб, Хитойнинг шарқий қирғоқ бўйларигача тарқалган. Император У-ди (мил.авв. 141–87 йиллар) 24 мавсум тақвимини “Тайчули” тақвимига мил. авв. 104 йилда қўшимча сифатида киритган. Бу тақвим осмон гумбазининг шимолий марказий нуқтаси (Қутб юлдузи – туркий тилда “Олтин қозиқ”) атрофида айланувчи чўмич кўринишидаги “Катта айиқ” юлдуз туркумининг дастаси баҳорда шарққа, ёзда жанубга, кузда ғарбга, қишда шимолга қараб туришидан келиб чиқиб, унинг айлана бўйлаб ҳаракатини 15 градуслаб бўлиб чиқиш ҳисобидан йилни 24 мавсумга тақсимлаган. Ҳар бир 15о градус оғишда табиатда такрорланувчи муайян ўзгаришлар кузатилиши деҳқончилик ишларини вақтида бажаришга асос бўлган. Масалан, қуёшнинг йиллик ҳаракатидаги 315о градус хитойча Личун – “баҳор”ни нишонлаш куни бўлиб, григориан тақвимининг 4-5 февралига тўғри келади. Бу сана 24 фаслликда 12 ҳайвон туркумининг ҳам боши ҳисобланади.
Хитой тақвимининг яна баъзи ўзига хос жиҳатлари бўлган. Масалан, йил бошини улар қиш фасли иккинчи ой бошидан ўн кун ўтказиб нишонлашган. Бу одат замонавий хитойларда ҳозир ҳам сақланган. Бундан ташқари хитойларда йил ойларини беш хил табиат унсури – дарахт, олов, тупроқ, метал ва сув билан боғлаб тасаввур қилишганки, бу анъана хитой фалсафасида инсоннинг табиат билан бирлигини ифодалаган.
Ҳиндистон ҳам тақвимлар тарихи масаласида бой анъанларга эга. Аввало, ҳинд халқи ой ва қуёш йилига асосланган Панчанга номли тақвим асосида яшаганлар. Бироқ қуёш ҳаракатига асосланган Сака тақвими қадимдан ҳиндларнинг миллий тақвимига айланган. Бундан ташқари ой фазалари асосида амал қилувчи Викрам Самват тақвим ҳам мавжудки, бу асосда диний маросимлар ва анъанавиий Дивали, Ҳоли каби байрамлар вақти аниқланган.
Умуман Ҳиндистонда тарихан маълум тақвимлар сон 30-40 тага боради. Уларнинг аксарияти маҳаллий ва тарихан маълум даврда амал қилиб, кейин унутилган. Улардан ташқари миллий тақвим мақомига кўтарилиб ҳозиргача ишлатилаётганлари ҳам бор. Жаҳон миқёсида амал қилаётган григориан тақвими расмий ҳолатларда қўлланади. Зеро, Ҳиндистон ҳам глобал муносабатларнинг фаол иштирокчиси.
Яҳудийлик тақвими ҳозирги Исроил давлатининг расмий тақвими. Шунингдек, исроилда григориан тақвими ҳам фаол амал қилдади. Яҳудийлик тарихий тақвими ҳам ой цикли ва қуёш ҳаракати асосига қурилган бўлиб, ҳафтада тафовут вақти-вақти билан ислоҳ қилиб борилади. Яҳудийликда йил ҳиобининг боши милодий 359 йилда бўлиб ўтган халқ мажлиси Иккинчи Гилеля қарорига кўра мил.авв. 3761 йилнинг 7 октябри этиб тайинланган. Ҳозирги яҳудий анъанавий тақвими ой ҳаракатига асосланган 12 ой бўлиб, шана пшута дейилади. Кабиса ойи шана меуберет йил ҳисобига қўшимча ой демакдир. Йил ойлари 29-30 лик галма-гал алмашувчи тарзда ҳисобланади. Шунда фарқни тўғрилаш учун 29 кунлик Хешван ойига бир кун қўшилган ёки 30 кунлик кислев ойидан бир кун камайтирилган. Шундай қилиб йилнинг тўғриланган ойлари кунлар ҳисобида 354, кабисада эса 384 кун, бир кун тўлдирилган йил кунлари 355–385 кун, кислевдан олиб ташлаган кун ҳисбидан эса 353–383 кун. Шундай қилиб баҳорги (нийсан) ойининг 15-куни нишонланадиган Песаҳ диний байрамнинг вақти аниқ бир нуқтага келтириб турилган. Бундан ташқари ой йили ва қуёш йилини мувофиққа келтириб туриш учун яҳудийликда 19 йиллик цикл ҳам амал қилади. 19 йилнинг 7 йили кабиса, булар – 3-, 6-, 8-, 11-, 14-, 19-йиллардир. Ҳар қандай ҳисобдан қатъи назар яҳудий йилининг биринчи куни Тишрей ойининг биринчи кунига келиши шарт ҳисобланади. Хуллас, яҳудий тақвим асосида, юқорида қайд этганимиз, оламнинг яралиш тарихининг боши мил. авв. 3761 йил бўлиб, унинг ҳатто соат, минут дақиқа ва секундлари ҳам ҳисобланган. Бу 5 соату 11 минут, 204 секунд тушдан кейинга, яъни 17 соат 11 минут 20 секундга тенг бўлади. Бир соат эса 1080 лаҳза ҳисоланиб 7 дан бошқа сонларга қолдиқсиз бўлиниши эътиборга олинган. Йил ойларининг юлдуз туркумларига мослиги ҳам алоҳида ҳисобда турган: Нисан-овен, Ияр-Бузоқ боши, Сиван-Эгизаклар, Таммуз-Қисқичбақа, Ав-Арслон, Элул-Сумбула, Тишрей-Тарозу, Хешван-Камончи, Тебет-Эчки, Шват-Қовға, Адар-Балиқ (фақат кабиса йилида қўшилган). Бу йил яҳудий йил ҳисобида 5787 йил киради.
Зардуштийлик тақвими Турон-Туркистон ва Эрон маданий-маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Бу қуёш тақвими бўлиб, 12 ой, ҳар бир ойда 30 кундан, бир йил эса 360 кунга тенг ҳисобланган. Тропик йилнинг узунлиги 365, 2542 эканлигидан келиб чиқиб, зардуштийлар (Эронда ва Ҳиндистоннинг Гужарот вилояти ҳамда Мумбай зардуштий жамоаларида) Наврўз арафасидаги 5 кунни Гоҳанбар кунлари дея, ҳозиргача жамоавий байрам қиладилар. Бу қўшимча кунларнинг алоҳида номи Андаргоҳ, яъни “киритилган вақт” деб аталади. Андаргоҳнинг охирги куни Навруз – бизнинг тақвимдаги 21-22 март кунига тўғри келади. Зардуштийлик тақвимининг аниқлик даражаси шундайки, 365 кундан ортган минут секундлар ҳисобига 120 йилда бир қўшимча ой киритиб, ундан кейин вақт ҳисобини тўхтатилган жойидан давом эттирилган. Қўшимча кирган ой ҳисобидан эса солиқлар олинмаган.
Йил давомида олти байрам, уларнинг ҳар бири фасллар алмашуви ҳисобига тўғри келган. Зардуштийлик тақвими олти байрам тизими рāту (тартиб) деб аталиб, уларга байрамлар бириктирилган: мадюзарема, мадюйишма, пайитишаҳя, аясрима, машдияря, намаспатмаеда байрамлари. Зардуштийлар ой номларини Аҳура Мазда яратган самовий маъбуд зотлар, ҳамиша барҳаёт фаришталар, табиатнинг муҳим унсурлари номлари билан атаганлар. Шунингдек, ой ичида ҳар бир кун ҳам шу тартибда аталган. Мана кун номларининг қаратқич келишиги шаклидаги рўйхати: 1. Аҳураҳе Мазда; 2.Ванғҳеуш мананғҳў(Ваҳумана); 3. Ашаҳе ваҳиштаҳе; 4. Хшатраҳе вайреҳе; 5. Спентая арматўиш; 6. Ҳаурвататў; 7. Амеретатаў; 8. Датушў; 9. Атрў; 10. Апам ванғуҳинам; 11. Ҳварехшаетаҳе; 12. Манғҳаҳе; 13. Тиштреҳе; 14. Геуш урване; 15. Датушў; 16. Митраҳе, 17.Сраўшаҳе; 18. Рашнаўш; 19. Фравашинам; 20. Веретрагнаҳе; 21. Раманў; 22. Ватаҳе; 23. Датушў; 24. Даеная; 25. Ашўиш ванғҳуа; 26. Арштатў; 27. Атшў; 28.Зэмў; 29. Манғтраҳе Спентаҳе; 30. Ананғҳранам раўчанғҳам.
Ой ичида номи келтирилган кунлардан ўн уч кун (1-, 3-, 13-, 14-, 15-, 16-, 17-, 18-, 19-, 20-, 21-, 25-, 26-) Аҳура Мазда “ўзим яратганман уларни ҳам”, - дея Зардуштга тушунтирган (Меҳр Яшт 1-банд) ва улар ҳам эътиқод, намоз ва эҳсонлар қилишни ҳалол қилган маъбуд ва маъбудалар номлари билан аталган. 2-, 3-, 4-, 5-, 6-, 7-кунларга Аҳура Мазданинг эманациялари (тажаллилари) номи берилган. 11-, 12-, 27-кунлар осмон ёритқичлари номларида келган. 9-, 10-, 22-кунлар табиат ҳодисалари номларини улуғлаган. 19-кун иймонли бандаларнинг руҳларига бағишланган. 24-кун дин-диёнат номи билан даена деб аталган. 28-кун Ерни улуғлаб зам дейилган. 29-кун муқаддас сўз “мантра” деб аталган. Бу сўз ҳар бир киши қалбида жо ва ҳеч кимга ошкор этилмайди ва сўз эгасини ҳарқандай бало-қазо, офатлардан сақлагшига ишонилган. Ниҳоят, 30-кун номи битмас-туганмас ёлқин, нурафшонлик деб аталган.
Абу Райҳон Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида зардуштийлик тақвимининг тафсилотларини баён этган ва бу тақвимнинг хоразмча, суғдча шаклларини ҳам келтирган.
Қадимги туркий тақвим Буюк турк хоқонлиги даврига оид битикларда ёдга олинган. Маҳмуд Кошғарий “Девону луғот ат-турк” асарида бу тақвим пайдо бўлиши ҳақида маълумот келтиради. Жумладан у ёзади: “Турклар ўн икки ҳайвонни танлаб, уларнинг отлари билан ойларни атадилар. Шу ўринда Маҳмуд Кошғарий бир ҳикоя келтиради: “Турк хоқонларидан бири ўзи тахтга келмасидан бурун бўлиб ўтган уруш ҳақида маълумот олиш истаги билан суриштириб кўрса, йиллар чалкашиб, аниқ маълумот юзага чиқмабди. Шунда у кенгаш чақириб, “бизларки уруш вақтида адашдик, биздан кейингилар ҳам янглишадилар. Шундай экан, келинглар йилларни 12 лик такрорланувчи қилиб, уларга от қўйиб чиқамиз. Шу ўн икки ойнинг айланиб қайтишидан воқеаларнинг вақтини аниқлаб борамиз ва биз учун улар унутилмас эслатма бўлиб қолади”, дебди. Шундан кейин хоқон овга чиқибди. Буюрибдики, одамлари ҳайвонларни Или дарёси бўйига тўплашсин. Қайси ҳайвон дарёдан биринчи бўлиб ўтса, ўшанинг оти биринчи ойга қўйилсин. Бу пойгада сичқон биринчи бўлиб дарёдан ўтибди. Сигир иккинчи, барс учинчи, товишқон тўртинчи, нек (тимсох, ёки наҳанг – катта балиқ) бешинчи, илон олтинчи, от еттинчи, қўй саккизинчи, бежин (маймун) тўққизинчи, тақоғу (товуқ) ўнинчи, ит ўн биринчи, тўнғиз ўн иккинчи йил номига айланибди.
Қадимги туркий аждодларимиз ҳар бир йилга унинг номидан келиб чиқувчи инончларни, ирим-сиримларни ҳам қўшганлар. Шу билан бирга 12 йиллик даврий йил айланишини мучал дея, алоҳида ҳисоб юритганлар. 12 ёш – умрнинг бир мучали. Бунга бағишлаб эҳсонлар, хайру худойи ўтказилган. Бола ёки қизнинг кийимларини муҳтожларга бериб, янги сидра кийимлар кийдирилган. 24 – иккинчи, 36 ёш – учинчи мучал ва ҳоказо. Мучал билан боғлиқ маросимлар шаклланган.
Туркий аждодларимиз йил бошини кўкламнинг биринчи кунидан, яъни 21-22 мартдан бошлашган. Тақвим, юқорида айтилганидек, 12 йиллик ҳайвон номлари билан аталган ойлар тизими асосига қурилган. Бу тақвим экин-тикинчилик учун ҳам, чорвани яйловга олиб чиқиш учун ҳам ишончли бўлган.
Айтилганлардан ташқари халқона вақт ҳисобларининг турли хиллари ҳам амалиётда кенг қўлланилган. Масалан, қалдирғоч келиши баҳор ўз ҳукмини ўтказиб совуқ кунлар ортда қолганидан нишона, энди токларни бемалол очиб ишком-сўриларга тараш мумкин. “Сариқ сумалак” қишнинг оғир кунлари тугаб, илиқлик бошланганидан далолатки, қалин қорлар аста эриб, қамиш бордон билан ёпилган томдан силқиган эрувгарлик суви кечаси совуқда музлаб бўғотларда сарғайиб осилиб туради. Лайлак, жиблажибон, кўкқарға, попишак каби қушларнинг қайтиши ҳам баҳорнинг ишончли паллага кирганини, экин-тикинлар экишни бошлаш кераклигидан дарак беради. Қуёш балиқ юлдуз туркумига кирган пайт хут ойи деҳқончилик ишларининг тараддуди бошланадиган, ариқ-зовурларни ўтган йилги лойқа, суғутилардан тозалаш ишлари бажарилган. Ҳут ойидан чиқиш баҳор бошланиши бўлиб, дала ишлари авж олган. Турналарнинг паст учишига қараб деҳқонлар йилнинг фаровон келишига ишонганлар. Баланд учган турналар иссиқ кунларга ишорат қилган. Олма гуллаганда анҳор ва ариқларда тошқин кутилган ва олдиндан эҳтиёт чоралари кўрилган. Май-июнь бошлари жавзо дейилиб, дон экинлари пишган ва ўроққа тушилгани демак. Чиллаки чумак урса, узум пишиғи бошланади. Қовун пўчоғи ерга тушдими, куздан дарак ҳисобланган. Мезон иплари учса росмана куз палласи бўлиб, ҳосил йиғини бошланган. Қавс ойида туруп серсув бўлиб етилган ва ҳоказо. Буларнинг бари халқона тақвим бўлиб, меҳнаткаш халқ донолигининг далолати бўлиб келган.
Дарвоқе, тақвим сўзини кўп ишлатдик. Шу ҳақида бир неча сўз айтсак. Бу сўз арабча “ҳисоблаш”, вақт билан боғлиқ маъноси эса, бирор ҳодисани “белгилаб қўйиш”, вақтга нисбатан режалаштириб (ният қилиб) вақтини тайин қилиш каби маъноларни англатади. Қадимда туркий халқлар орасида “йил-ой-кун” ибораси машҳур бўлган. Умуман тақвим тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, неолит даврида инсоният ҳаётида инқилобий ҳолат юзага келган. Табиат неъматларини териб топиб, тирикчилик қилиб келган одамлар илк бора ерга уруғ қадаб ҳосил олиш мумкинлигини англаганлар. Бу емиш заҳирасини барқарор қилган. Ёввойи ҳайвонларни қўлга ўргатиб, чорва хўжалигини ташкил қилганлар. Экинни вақтида экиш, чорвани табиатнинг қулай паллаларида яйловга олиб чиқиш сингарилар вақтни аниқ ҳисоблаш заруриятини келтириб чиқарган.
Асрлар давомида инсон табиат ҳодисаларини кузатиб тўплаган билимлари энди асқотиб қолган. Айни шу тажрибалар асосида Қадимги Миср жаҳонда биринчилардан бўлиб Қуёшнинг йиллик ҳаракати ҳамда Катта ит юлдуз туркумининг альфа, яъни энг ёрқин Тир (Сириус) юлдузининг авж нуқтасига келишидан ҳисоб олишган. Чунки ҳар йили Тир юлдузи апогей (юқори нуқтага) етган кунлари Нил дарёсининг тошқин палласи бошланган. Тошқин эса Миср тупроғини минералларга тўйинтириб, янги йил ҳосилининг юқори бўлишига хизмат қилган. Мисрликлар қуёшнинг йиллик эклиптик ҳаракати 365 кунга тенглигини ҳисобга олиб, энг қадимги қуёш тақвимига асос солганлар. Миср қуёш тақвимини Рим императори (ўша вақтда Миср Римга бўйсинар эди) Юлий Цезар мил. авв. 45 йилда ислоҳ қилиб, яъни 365 кундан ортиб қолувчи 0,2425 суткани ҳам ҳисоблаган ҳолда юлиан тақвимини жорий қилган. Ушбу тақвим 1582 йилгача Европада амал қилган ва, ниҳоят тақвимда кичик хатолик ҳисобидан йиғилиб қолган вақт астрономик аниқ вақтдан орқада қолгани, натижада черков фаолиятида марсоимларни белгилаш қийинлашгани, хўжаликда вақт чалкашликлари пайдо бўлгани, солиқ тўловлари вақтида баҳслар кўпайгани ва бошқа сабабларга кўра Рим папаси (олий христиан дини пешвоси) Григорий XIII ташаббуси ва раҳбарлигида тақвим ислоҳоти ўтказилиб, вақт ҳисоби қуёш ҳаракати билан мослаштирилган. Аммо бу ҳисобда ҳам камчилик юзага чиқиб, ниҳоят 1918 йилда совет ҳукуматининг “Вақт ҳақида декрет”и билан григориан тақвимидаги йил боши 12 кунга орқага сурилган. Натижада янги йил 1 январда нишонланадиган кун григориан тақвимининг 13-кунига тўғри келадиган бўлган. Бугунги катта авлод хотирасидаги “янгича янги йил” ва “эскича янги йил” деган тушунчалар мазкур ислоҳот натижаси эди.
Тақвим тарихига яна қайтиб, баъзи қизиқ тафсилотларга тўхталсак. Қадим замонларда ой фазаларидан келиб чиқувчи вақт ҳисоби кенг тарқалган эди. Бунинг асосида аввало “бир кун” – куннинг ёруқ ва қоронғи қисмининг бирлиги алоҳида рол ўйнаган. Ана шу куннинг бошланишини қайсидир халқ саҳар палладан олса, бошқаси куннинг қуёш тик келган палласидан олган ва ярим тунни (бизнингча тунги соат 12 ни) кейинги кун боши ҳисоблаган. Ойнинг тўрт фазаси етти кундан бир хилда такрорланиши етти кунлик вақт бирлигига, яъни ҳафта ҳисобига сабаб бўлган. Аммо, қизиғи шундаки, ой ҳамма вақт ҳам етти кунликларга бўлинмаган. Масалан, қадимги Миср ойни учта ўн кунликка ажратган. Қадимги Римда ойни 8 кунликларга бўлишган. Бу ҳисоб ноқулайликка сабаб бўлган. Чунки 8 кунлик ҳисоб 30 кунлик ой ичида бутун тақсимланмаган. Буни ой ҳисобини 30-31 кунлик қилиш орқали тўғрилашга ҳам ҳаракат қилинган.
Тақвимнинг қуёш ҳаракатига асосланган вариантида сайёрамиз Ернинг қуёш атрофида айланиб чиқиш вақти – тропик йил ва унинг ойларга ҳамда кунларга бўлиниши ҳисобга олинади. Бироқ тақвим кунлар ва ойлар бутун сонда бўлишини талаб қилади. Тропик йил эса бунга мос келмайди. Чунки тропик йилда тақвимга нисбатан ортиқча соат, минут, ҳатто секундларнинг минглардан бир ҳиссаларигача борки, бу ҳолат тақвимни вақти-вақти билан тропик йилга мослаштириб туришга тўғри келади. Ой тақвимида бу тафовут янада катта. Чунки бир ой 29,53 кунга тенг. Ислом дунёси фойдаланиб келаётган ой тақвимининг 29 ва 30 кунлик қилиб бутунлаб ҳисобланиши шундан келиб чиққан.
Мусулмон олами тақвими ой фазалари асосида шаклланган. Бу тақвим Ҳижрий-қамарий тақвим деб аталади. Унинг жорий қилиниш тарихи халифа Умар (р.а.) даври билан боғлиқ. Милодий 638 йилда, Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.)нинг Маккадан Ясрибга (Мадинага) ҳижратларидан 17 йил ўтиб, мусулмон эраси боши милодий 622 йилнинг 17 июль куни деб белгиланган. 12 ойнинг исломий тақвимдаги муборак номлари қуйидагича: Муҳаррам, Сафар, Рабиул аввал, Рабиус соний, Жумодул аввал, Жумодус соний, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда, Зулҳижжа. Исломий ойларда ўзига хос анъанавий муносабат тарихи ҳам бор. Масалан, Муҳаррам, Ражаб, Зул қаъда, Зул ҳижжа ойларида уруш қилиш манъ этилган.
Сўзимизни мухтасар қилиб, тақвим ҳақида айтганларимиз тўлиқ эмаслигини таъкидлашни истадик. Зеро, тақвим мавзусининг чеку чегарасини аниқлашнинг ўзи ҳам осон эмас. Тарихда ва ҳозир амалда юзлаб тақвимлар бор. Тақвим ҳақида кўплаб китоблар ҳам яратилган. Биз эса муҳтарам журналхонга шу масалада айрим муҳим ва қизиқарли маълумотларни тақдим қилдик.
Мирсодиқ ИСОҚОВ,
тарих фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2026 йил 4-сон.
“Вақт фалсафаси” мақоласи
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Фалсафа
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Ватандош
Санъат
//
Изоҳ йўқ