Жулқунбой Москвада ўқиганми?


Сақлаш
13:01 / 09.06.2026 16 0

ХХ аср бошларидаги ўзбек миллий матбуотида Жулқунбой имзоси билан босилган мақолаларни ўқиган киши муаллифини дарров англайди. Абдулла Қодирий ХХ аср янги ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси, 20-йиллардаги муҳим ижтимоий-маданий жараёнларнинг фаол иштирокчисидир. 

 

Бугунги кунгача адабиётшуносликда Абдулла Қодирийга оид тадқиқотлар жуда кўп қилинди. Унинг фаолияти ҳамда асарлари кўплаб олимлар томонидан ўрганилган. Ҳозиргача Қодирийга атаб қатор биографик асарлар ва кўплаб мақолалар мавжуд бўлса-да, у ҳақидаги изланишлар тўхтагани йўқ. Топилган янги манбалар Абдулла Қодирийга оид маълумотларни тўлдириш билан бирга мавжудларини асослаб келмоқда.

 

Бу жиҳатдан Абдулла Қодирий таълим олган муассасалар ҳақида маълумот берувчи тарихий манбалар алоҳида аҳамиятга эга.  Адабиётшунос олимлар  Наим Каримов ва Баҳодир Каримовлар шу мавзуда изланиш олиб бориб, адибнинг 1924-1925-йиллардаги Москва таълими ҳақида бир қанча фактлар асосида хулосаларини беради.

 

Қодирийнинг яқинлари ва замондошлари хотираларига асосланиб ёзилишича, у дастлабки таълимни мулла Олим, мулла Зия, Юсуфхон  каби домлалардан эски усул мактабида олган[1]. Эски усулда 2-3 йил таълим олгач, оиладаги шароит боис отаси уни бир бойга йилига 50 сўм маош эвазига хизматга беради. Бу бой савдогарнинг рус тилида ёзишни биладиган кишига эҳтиёжи бор эди. Шу сабабли у Қодирийни рус мактабига юборади. Бу эса Абдулла Қодирийга рус тилини чуқур билиш имкониятини яратди. Ҳабибулла Қодирий китобида бу рус-тузем мактаби “Самарқанд дарвоза маҳалласида Акром савдогарнинг ташқи ҳовлисида жойлашган бўлиб, 7-сонли рус-тузем мактаби” деб аталганлигини ёзади [1]. Мактаб тўрт йиллик бўлган. У мактабга 1908 йилда кириб, 1912 йилда битирган. Ўқиш билан бирга бойнинг уйида хизматини ҳам давом эттирган. Абдулла Қодирийнинг кейинги таҳсили 1915 йил қиш ойларида Бешёғочдаги Абулқосим Шайх мадрасасида давом этади[2]. Дархон маҳалласидан бўлган  Усмонқори домладан араб тили сарф наҳви ва форс тилларидан дарс олади[3]. 1917-1918-йиллардаги сиёсий жараёнлар унинг ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади[4].

 

ХХ асрнинг 20-йилларида туркистонлик бир гуруҳ иқтидорли ёшлар мамлакатдаги фан, маданият, қишлоқ хўжалиги ва техника каби соҳаларнинг тараққий этиши ва ушбу соҳаларга малакали кадрлар тайёрлаш учун хориж мамлакатларига юборила бошланди. Бу ҳаракат дастлаб иқтидорли маҳаллий ёшлар ташаббуси билан тузилган “Кўмак” номли жамият доирасида амалга оширилди[5]. Жамиятнинг кейинги фаолияти Туркистон Республикасининг Халқ Маориф Комиссарлиги қошидаги “Билим ҳайъати” таркибида давом этиб, Туркистон ёшларининг кўпчилиги Германия, Озарбойжон ва Россиянинг марказий шаҳарларига ўқишга юборилди. Ҳукумат тарафидан юборилган талабаларни дастлаб ўлка ҳукумати таъминлаб турди. Бу таъминотлар республикадаги турли ташкилотлар томонидан амалга оширилди.

 

Хусусан, Германияга ўқишга юборилган 11 нафар талабанинг 1923/24-ўқув йили учун таъминотини Халқ хўжалиги, ипакчилик, пахтачилик, ер ишлари ва маориф комиссарликлари ўз ҳомийлигига олган[6]. Талабаларни моддий маблағ билан таъминлашда Туркистонда ташкил этилган Вақф идоралари ҳам ташаббус кўрсатган. Бу ҳақида ХХ асрнинг 20-йилларида миллий матбуот саҳифаларида ёритилган. Жумладан: “Қизил Ўзбекистон” газетасининг  1926 йил 17 февраль сонидаги мақолада  Озарбойжон ўқув муассасаларида таълим олаётган Ўзбекистон талабаларининг моддий таминотига тўхталиниб, Самарқанддаги Эски шаҳар вақф шўбаси қарамоғидаги 30 нафар талабанинг 14 тасига вақфдан стипендия ажратилиши ҳақида маълумот берилади[7].

 

Адабиётшунос олим Баҳодир Каримов “Жулқунбойнинг Москвага жўнаши” номли мақоласида Туркистон газетасининг 1924 йилдаги 15-сонида босилган Тақдир этарлик бир иш деб номланган хабар-мақолани келтириб ўтади. Унда: Эски шаҳар вақф бўлинмаси Жулқунбойни ўз таъминотига олиб, Масковга ўқушға юборди. Жўнатиш олдидан беш ойлик маошини қўлиға нақд беруб, бир ойлик мукофот ҳам берди. Иқтисодий идораларимизнинг шундай қадр қилиб қилғон ҳимматлариға офарин деймиз ва ўртоғимиз Жулқунбойға муваффақият тилаб, ўзи узоқ кетса ҳам, қаламининг яқинда туришини умид қиламиз”, деб ёзилади[8]. Бу маълумотлардан кўриниб турибдики, хорижда таълим олган талабалар Вақф идоралари томонидан ҳам қўллаб-қувватланган.

 

Абдулла Қодирийнинг 1924-1925-йиллардаги Москвадаги таълимида вақфдан ёрдам олганлигини ўзи ёзган ариза ҳам тасдиқлайди. Ушбу ариза Ўзбекистон Миллий архивидаги “Маориф Халқ комиссарлиги”га оид 94-фондда сақланади. Ариза араб имлосидаги эски ўзбек ёзувида қалам билан ёзилган.  У 1926 йил 3 сентябрда Тошкент шаҳар Бешёғоч даҳаси тўртинчи Эшонгузар маҳалласида яшовчи Абдулла Қодирий томонидан Ўзбекистон Марказий Ижроқўми (СИКС)га ёзилган[8]. Унда дастлаб муаллиф 1924-1925-йилларда Тошкенд Вақф шўбаъсининг стипендиясидан Москвадаги Валерий Брюсов номи билан очилган адабиёт институти*да таҳсилда бўлганини келтириб ўтади. Бу маълумот орқали Қодирийнинг ушбу йилларда Москвадаги таълимига Тошкент Вақф шўбаъси ҳомийлик қилгани ва қайси таълим даргоҳида ўқигани аниқлашади.

 

Шунингдек, мактубда у 1926-1927-йилларда Москвага бориб таълим олиши учун стипендия олувчилар таркибига қабул қилишларини сўраган. Шу билан бирга, “Оилали бўлғоним учун ёрдамни олий даража билан белгиланиши тинч таҳсилимга йўл очар”, деб қўшимча қилади[8]. Абдулла Қодирий Маориф Комиссарлиги томонидан талабаларга стипендия бериш тартибидан хабардор бўлган. Архив ҳужжатларида стипендия олувчи талабаларнинг ижтимоий аҳволи ҳамда марказий стипендия комиссияси белгилаган тартиблардан келиб чиқиб уларга тоифа (катигория 1, 2.) ва аввал ишлагани ҳисобидан малака даражаси (разряд 17, 15,12,10) га қараб Ўзбекистон ҳукумати томонидан стипендия ажратилган [10]. Қодирий ҳам ана шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда юқори даражада стипендия беришларини сўраб мурожаат қилган бўлиши мумкин.

 

Қодирий аризасида кейинги ўқиш даври ҳақида ҳам тўхталади ва “Аризам қабул қилинғон тақдирда Масков мактабларининг адабиёт, ижтимоиёт ва фалсафа шўбаъларинда соме (тингловчи – Й.А.) бўлуб давом этарман”, деб кўрсатади[8]. Аризага изоҳ кўринишида унинг жавоби учун манзил кўрсатган ва унда: “Тошкент давлат нашриётида. Самадовга, Жулқунбойга топширилсин”, деб ёзилган[8].

 

Ариза 1926 йил  21 сентябрда №14531 рақами билан Марказий Ижроия қўмитаси томонидан рўйхатга олинган ва сиёҳ ёзув билан “Маориф комиссарлигина тегишли чора кўриши учун”[8], деб ёзилиб, имзо қўйилган. Имзонинг кимга тегишлилиги кўрсатилмаган.

 

Ушбу аризага бевосита боғлиқ бўлган яна бир ҳужжат Марказий Ижроия қўмитаси томонидан Маориф Халқ комиссарлигига ёзилган хатдир. Ҳужжат ёзув машинкасида араб имлосидаги эски ўзбек ёзувида ёзилган. Унда Абдулла Қодирийнинг стипендияга қабул қилишларини сўраб ёзган аризасида Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Қосим Хўжаевнинг резолюциясига мувофиқ тегишли чора кўрилиши сўралган. Унинг жавобидан аризачини ҳам (кўрсатилган манзилига) хабардор қилиш таъкидланган[11]. Маориф халқ комиссарлигига юборилган хатда Ўзбекистон Марказий Ижроком Раёсат котибиятининг ўринбосари Илёс ўғли ҳамда котиб Расулзода томонидан имзо қўйилган.

 

Абдулла Қодрийнинг аризаси марказий стипендия комиссиясининг 1926 йил 28 октябрдаги 2-сонли йиғилишида кўрилган. Ушбу йиғилиш баённомасида адибнинг шахсий стипендия олиш учун ёзган аризасига “Адабий асарлари билан Ўзбекистон учун аҳамиятли бўлган А.Қодировнинг аризаси инобатга олиниб марказий қўмитанинг котибиятига юборилсин”, дея қарор қабул қилинади[11].

 

Марказий стипендия комиссиясининг 1926 йил 13 декабрдаги 6-сонли йиғилишида* кўрилган 15 та масала қаторида Абдулла Қодирийнинг аризаси ҳам кўриб чиқилади. Унга кўра “Марказий  Стипендия комиссиясининг 28 октябрда ўтказилган 2-сонли йиғилиш баённомасининг 7-бандида кўрилган Қодирийнинг мурожаати рад этилади ва стипендия ажратилмайди[12].

 

Абдулла Қодирий кейинги таълимни давом эттириш учун Москвага кета олмаган. Бу тўғрида Ҳабибулла Қодирий икки хил сабаб кўрсатади.  Биринчи сабаби отасининг ёзганларидан келиб чиқиб, Москвага ўқишга боришидан аввал Туркистон Компартияси Марказий Комитети матбуот бўлими мудири бўлган Комилжон Алимов томонидан олиб қолинган. У Қодирий билан Москвада 6 ой бирга яшагани ва уни яхши билганлигини ёзади. Иккинчисига эса уй-рўзғор ташвишлари сабаб қилиб  кўрсатади[13]. Ўша вақтда Қодирийнинг қарамоғида: турмуш ўртоғи Раҳбар (30 ёш), қизи Назифа (9 ёш), ўқувчи ўғли Ҳабибулла (7 ёш), қизи Адиба (3 ёш) ва онаси Жосият бибилар (65 ёш) бор эди[14].

 

Адибнинг юқоридаги аризасига эътибор қаратсак, у Москва талабаларига бериладиган стипендияни юқори миқдорда ажратишларини сўраган. Оиласи ҳамда ўзининг ўқиш давридаги эҳтиёжлари учун етишини тахмин қилган бўлиши мумкин. Чунки архив ҳужжатларининг Москвада таълим олувчи талабаларга оид – аризаларида оила таъминоти учун жавобгарлиги, оилада ўзидан бошқа ишга яроқли эркак киши йўқлиги сабаб қилиб кўрсатилган мурожаатлар учрайди[8].

 

Москвада ўқишини давом эттириш учун Абдулла Қодирийнинг бормаганини ушбу ҳужжатлар таҳлили моддий таъминотнинг йўқлиги ҳамда оилани тебратиш масъулияти билан изоҳлайди. Янги тадқиқотларда шундай манбаларнинг ўрганилиши адиб ҳаёт ва фаолиятининг чалкаш, мавҳум томонларини ёритишда муҳим аҳамиятга эгадир.

 

Абдували ЙЎЛДАШЕВ,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган манба ва адабиётлар:

1.                 Қодирий Ҳ. Отам ҳақида: Хотиралар. Тўлдирилган иккинчи нашр. Тошкент 1983. 10, 12-бетлар.

2.                 Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. 1-жилд Т., 2000. 23-бет.

3.                 Қодрий Ҳ. Отам ҳақида: Хотиралар. Тўлдирилган иккинчи нашр. Тошкент 1983. 23-33-бетлар.

4.                      Салимхон. Кўмакнинг жавоби // Туркистон, 1923 йил 29 июль.

5.                 Ўз МА 34-фонд, 1-рўйхат, 1382-иш, 251-варақ.

6.                 Йўлдош М. Озорбойжонда Ўзбекистон ўқувчилари // Қизил Ўзбекистон, 1926 йил 17 февраль.

7.                 Карим Б. Жулқунбойнинг Масковга жўнаши.  ҳттп://уза.уз/оз/cултуре/зҳул-унбойнинг-масковга-зҳ-наши-06-09-2019

8.                 Ўз МА 94-фонд, 1-рўйхат, 482-иш, 14-варақ.

9.                 Ўз МА 94-фонд, 1-рўйхат, 185-иш, 1-варақ.

10.            Ўз МА 94-фонд, 1-рўйхат, 482-иш,13-варақ.

11.            Ўз МА 94-фонд, 1-рўйхат, 482-иш,12-варақ.

12.            Ўз МА 94-фонд, 1-рўйхат, 482-иш, 11-варақ.

13.            Қодрий Ҳ. Отам ҳақида: Хотиралар. Тўлдирилган иккинчи нашр. Тошкент 1983. 52-бет.

14.            Қодирий: иймоним тазйиқи остида сўзлайман. //Ёш ленинчи” 1988 йил 4 февраль.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 35507
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//