«Биз ҳам маданият бойлигига ўзимизникини олиб бориб қўшайлик» – Германияда ўқиган ва Туркияда қолган жадид


Сақлаш
12:56 / 09.06.2026 61 0

Тошкентда туғилиб ўсиб, жадидчилик ҳаракатининг иштирокчиларидан бирига айланган Сайидали Усмонхўжа Германияга таълим олишга кетган 70 дан ортиқ туркистонлик ёшлар сафида эди. У Туркистондаги таълим ва бошқа соҳалар ҳақида ўткир мақолалар ёзган, кейинчалик Туркияга кетиб, машҳур олимга айланган.

 

Сайидали Усмонхўжа ёшлигидаёқ ўз иқтидори билан жадидларнинг эътиборига тушган. Абдулҳамид Чўлпон «Табиатга» номли шеъри остига «Сайидали Хўжага бағишлаб» дея ёзиши шундан дарак беради.

 

Сайидали Усмонхўжанинг мақолалари Туркистон миллий матбуотида нашр этиб борилган. Хусусан, Тошкентда 1920 йил Абдурауф Фитрат бошчилигида «Тонг» журнали нашр этилган. Журнал идораси Тошкентдаги Бухоро коммунистлар партияси бошқармаси жойлашган 21-уйда эди.

 

«Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас» шиори билан миллий ўзликни тиклаш йўлида фаолият юритган мазкур журнал иши, афсуски, мустаҳкамланиб бораётган большевиклар ҳукуматига ёқмаган. Шу боис журнал узоқ фаолият юритмай ёпилган. Ушбу журналнинг 3-сонида «Сайидали» имзоси билан «Табиатда баҳор» номли мақола нашр этилган. Ушбу мақолада муаллиф мажозий йўл билан Туркистон қайғусини ифодалашга ҳаракат қилади.

 

Биргина мақоланинг кириш қисмидаги ушбу сатрлардан унинг мазмунни англаш мумкин: «Табиат гуллар ила безанадир, ҳайбат қиладир. Турли чечаклар қуёшға қараб лабларини шодлиқ билан жилмайтурарлар. Бироқ, меним кўнглимда эса қўрқунч, қора булутлар ҳар нафасда гулдурос билан олов чоқнотарлар. Бағримда ёнғон ўтли ёмғурлар икки кўзимдан икки вулқон каби қайнаб чиқадир. Мени ботирадир, эритадир. Борлиғим; қурқунч буронлар орасинда қолмиш, эзиладир».

 

Усмонхўжа ушбу мақоласига 1917 йил 15 апрель санасини қўйган. Бундан билиш мумкинки, унинг ижоди шу йиллардан бошланган. Мақола айни баҳор чоғида ёзилиш билан бирга ундаги ўхшатишларда бевосита 1917 йиллар Туркистондаги жараёнлар акс этган. Шу ўринда нега Чўлпон «Табиатга» шеърини «Сайидалихўжага» деб бағишлагани ҳам аён бўлади.

 

Унинг яна бир мақоласи «Табиатдан жавоб» деб номланиб, мақола сўнгига 1918 йил санаси ёзилган. Сайидалининг ушбу мақоласи 1922 йили Тошкентда нашр этилган «Армуғон» журналининг 8 апрель сонида босилган. Унинг мақолалари зиёлилар томонидан эътироф этилган ҳолда миллий матбуотда мунтазам босиб борилган.

 

Ушбу мақоласида ҳам муаллиф табиат манзараси ва ундаги ўзгаришлар орқали Туркистоннинг совет мустамлакаси остидаги кўринишини ифодалаб беришга ҳаракат қилган.

 

Жумладан: «Олам бир равишда турса сен зерикасан деб мен вақтни ҳам 4 палла ила алмаштириб турдим. Ёз кунлари қуёшнинг олтин тусли шуъласи сенга қандай наъшалар, пишган мевалар қандай лаззат берар. Куз кунлари ҳамманинг туси сарғайиб, йиғи ила кўк кўз ёшларини тўкадир. Бу ҳам сенга таъсир қилмайдирми? Сен ўзинг ила қўшилиб йиғлайдирган бир йўлдош, бир ғамдош топасан. У ила қўшилиб йиғлаганда кўнглингдаги ғам юклари кетиб енгилланасан. Қиш кунлари ҳамма қор тойиб оқарадир. Қор илиқ совуғи жонинг томир-томирларида юрадир. Аммо, бу кексайишдан ер ўлмайдир. Ёшликнинг қайтишига бу бир ибрат. Аммо, одам болалари кексайганидан сўнг ёшликка қайта олмайлар, ўладирлар. Бунинг сабаби фақат ўзларида. Мен тирикликни бердим, ўлимни бермадим. Баҳор кунлари бу ёш олам сизни нафақат кўнглингизни очар ва хушлантирадир».

 

Тошкентда нашр этилган «Қизил байроқ» газетасида унинг «Санойи нафисамиз ўлди» номли мақоласи нашр этилади. Ушбу мақола Шарқ маданияти ва Туркистон санъатининг қанчалик улуғворлигини, одамларнинг унга муносабатини кўрсатиб берган. Меъморчилик, рассомлик, мусиқа ва рақс санъати бетакрор эканлигига алоҳида урғу берилган.

 

Хусусан, рассомчилик ҳақида тўхталар экан: «Рассомликда Туркистон ўзининг буюк истеъдодини кўрсатди. Жонлик нарсаларнинг расмини солув ёмон деганларидан сўнг унинг ўрнида бўлган кучини ҳеч қаерга сиғдира олмай ҳар турли гўзал ҳеч ким кўрмаган ва эшитмаган оғочлар, бошсиз жониворлар яратди (шундай бўлса қиёмат куни жон сўралмайдир).

 

Бу гилам, палак, чойшаб, қийиқ ва дўппилардаги гуллар, расмлар кўп вақт Оврупонинг энг буюк рассомларини ҳайрат бармоқларини тишлатмакка мажбур этди. Бу гўзал олақуроқ чопонлардаги қуёш нури каби ранглар кимларнинг кўзини роҳат билан аллаламайди? Шоирона ёқдан Туркистонда етишган ул гўзал чечаклар тўғрисида мен энди кўп сўзламай», дея ёзади ёш олим.

 

Мусиқа ва рақс санъати ҳақида эса: «Ҳозир Бухородан топилган асарларимиз бизда қандай мусиқашунослар ва мусиқий шоирлар (бастакорлар) етишган эканлигини кўрсатади. Баъзи бизда топилган мусиқий товушлар Оврупода йўқ экан. Дугоҳ ҳозир энди Европада етишган мусиқага бўлган қарашлар бизда илгари бўлган эканлигини кўрсатади. Бизларнинг у буюк мусиқий шоирларимиз одамнинг сўзини ўксик (ноқис) эканлигини англаб, бутун миядаги, кўнгилдаги тилакларни сўз билан айтиб бўлмаслигини, кўнгилда бўлган у нозли ўюнларни, дардларни ёлғиз чолғу (мусиқий) орқали дунёға-тошқориға чиқарув, ёлғиз мусиқий куйлар билангина бўлатурғон эканлигин тушунганларини Дугоҳ каби бир мусиқа (опера) билан дунёга билдирганлар. Бизда мусиқийга тушунув нақадар буюк эканлигини мана шу қисқагина чиройлик легенда кўрсатадир....

 

Биздаги ўюн(рақс)нинг чиройлилиги ҳар бир кўрганга очиқ белгили бўладир. Ҳар ҳолда бир-бирига ўхшамаган у тана ҳаракатларининг чиройлилигига ҳар ким хуштор бўладир. Халқ ўюнларига тоза кўнгил билан қарайдир. Ўюн вақтидаги ўюнчининг теккан нарсаси халқ учун авлиёнинг сарқити каби табаррук бўлур», деб ёзади.

 

Сайидалида ватанпарварлик руҳияти кучли эканлиги мақолаларида ҳам сезилади. У ўзбек халқининг миллий санъатини кўкларга кўтариш баробарида, ундаги муаммоларга ҳам эътибор қаратади. Тарихий меъморий ёдгорликлардаги безаклар, ғиштларни бузиб чет элликларга сотувчи, «нақшфурушлик»ни касб қилган кишиларнинг ишларидан нолийди. Ўзи яшаб турган даврда Европа кийим-кечаклари, миллий рамзларимиз, яъни қийиқча, чўпон, дўппиларни сиқиб чиқараётганини ачиниш билан тилга олади.

 

Октябрь воқеаларидан кейинги мусиқа санъатига тўхталар экан, большевиклар ҳукумати даврида ташкил этилган консерватория ҳақида тўхталиб ўтади. Европа мусиқасининг Туркистонда ўргатилишига ўз фикрини билдириб: «Агар булар Оврупо мусиқасига ўрганиб ўзлариникидан хабарсиз қолсалар ул вақт бизнинг мусиқий товушлар уларга янглиш кўриниб, у вақт улар Туркистон мусиқасини илгарига олиб бора олмаслар», деб ёзади.

 

У Туркистонга кириб келаётган янгиликларга қарши бўлмаган, фақат миллий санъат йўқолиб кетиши керак эмас, аксинча, «Токим биз ҳам маданият бойлигига ўзимизникини олиб бориб қўшайлик», деган ғояни илгари сурган.

 

Ҳаттоки Сайидали Усмонхўжа ўз мақолаларидан бирида рус мусиқачиларининг етакчи намояндаларидан Миронов, Успенский ҳақида тўхталиб, ўзбек санъатини ўрганиш, тадқиқ этиш масалаларига эътибор қаратган. Успенский ҳақида: «... бу киши Туркистон мусиқасининг мажнуни. Успенский французлар руҳида мусиқа ёза олатурған мусиқий шоири (композитор) бўлса ҳам Туркистон мусиқийси учун мана шу истеъдодини йўқотди», деб ёзган эди . Чунончи, Успенский 1918 йилдан бошлаб Тошкентда яшаб, Туркистон бўйлаб саёҳатлар ташкил қилган ва ўлка мусиқаси ҳамда ноталарини ўрганган. 1923 йили Бухоро Шашмақомини ёзиб олиб, 1924 йилда нашр эттирган.

 

Абдували Йўлдашев

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 36700
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//