Эрта юкланаётган масъулият, йўқотилаётган имкон ва қадрланувчи тарих – ҳиндистонлик тадқиқотчининг ўзбекистонлик ёшлар ҳақидаги таҳлили


Сақлаш
15:13 / 08.06.2026 152 0

Ҳиндистон ва Ўзбекистон... Бу икки юртни тарихий карвон йўллари, Бобур, Имом Мотурудий, Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд каби аждодларимиз мероси, ўхшаш маданият ва экранлардан кўнгилларга кўчган ҳинд киноси бирлаштириб туради. Аммо бугунги кунда Ўзбекистонни ичкаридан, хусусан, унинг эртаси бўлган ёшлар орқали ўрганаётган хорижлик тадқиқотчининг хулосаси қандай? Биз Ҳиндистоннинг нуфузли Жавоҳарлаъл Неру университети (JNU) Халқаро тадқиқотлар мактаби докторанти Манси Бҳагат билан суҳбатлашдик. Унинг илмий иши бевосита бизга – Ўзбекистон ёшларига бағишланган.

 

Мудраб ётган оҳулар

 

Мансининг илмий тадқиқоти жуда қизиқ даврни – 1991 йилдан то 2020 йилгача бўлган вақт оралиғида ўзбек ёшларининг ҳаёт йўллари, дуч келган қийинчиликлари ва имкониятларини қамраб олади. Унинг тадқиқот давомида нималарни ўргангани ва қандай хулосаларга келгани билан қизиқдим.

 

Тадқиқотим Ўзбекистон ёшларининг ўтиш даврига бағишланган бўлиб, “Ўзбекистонда ёшларнинг ўтиш даври: Ўзбек жамиятидаги муаммолар, имкониятлар ва ўзгарувчан ҳаёт йўллари” деб номланади. 1991 йилдан (мамлакат мустақилликка эришган йилдан) то 2020 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ёшлари ўзлигини шакллантиришда тарихий хотиранинг ўрнини аниқлаш тадқиқотимнинг энг муҳим қисми эди.

 

Ушбу изланишларим орқали Ўзбекистон ёшларининг таълимдан меҳнат фаолиятига, мустақил ҳаётга ва жамиятга қўшилиш жараёнларини қандай босиб ўтаётганини ўргандим. Оила, таълим муассасалари, давлат сиёсати, маданий анъаналар ҳамда глобаллашувнинг ёшлар камолотида кўрсатаётган таъсирини таҳлил қилдим.

 

 

Шу кунгача олиб борилган изланишларнинг дастлабки хулосаси шуки, ўзбек ёшлари ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан улкан ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Гарчи анъанавий оилавий қадриятлар ўз кучини сақлаб қолаётган бўлса-да, ёшларга рақамли технологиялар, дунё маданияти, янгича таълим усули ва карьера имкониятлари тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда.

 

Бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистонда ёшларнинг шаклланиш даври анъанавий ижтимоий тузилмалар ва замонавий глобал омилларнинг уйғунлиги остида кечяпти. Ёшларнинг муваффақиятли камол топиши учун таълим, иш ўринлари ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимлари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш талаб этилади.

 

Ўзбекистон ёшлари глобал дунё оқимига қўшилиб бораётган бўлса-да, ўзларининг анъанавий қадриятларига қатъий содиқ қолишлари мени ҳайратлантирди. Бироқ бир нозик жиҳат бор: ёшларнинг елкасига эрта тушадиган ҳаёт масъулияти уларни кўпроқ пул топиш ҳақида ўйлашга мажбур қиляпти. Бу эса уларнинг ўз мутахассислиги бўйича янги йўналишларни синаб кўриш, ёшлик гаштини суриш ва ўз устида кўпроқ ишлашни чеклаб қўяди. Кичик мисол келтирай, олий таълим муассасалари ва мактабдаги ҳолат билан танишарканман, кутубхоналар деярли бўшлигига гувоҳ бўлдим. Ёшлар елкасига жуда эрта тушган тирикчилик ғами айни ўзини ривожлантириши керак бўлган пайтда уларни мавсумий ишлар сари элтади. Аммо... ўша ёшларнинг қалб деразасидан ичкарига мўраласангиз, у ерда жуссасидан катта орзу-умидлар, ниятлар гўзал оҳудек мудраб ётганини кўрасиз.

 

Ўзбекистон ёшлари учун тарих фақат дарслик эмас

 

Жавоҳарлаъл Неру университети ҳамда Ҳиндистон Ижтимоий фанлар тадқиқот кенгаши (ICSSR) томонидан молиялаштирилган тадқиқот гранти менга Ўзбекистонда икки марта стажировка ўташ, бирламчи маълумотларни тўплаш, маҳаллий аҳоли, ўқитувчилар ва ёш зиёлилар билан бевосита мулоқот қилиш имконини берди.

 

Биринчи ташрифим 2025 йилнинг октябрига, иккинчиси эса 2026 йилнинг март охири ва апрели бошларига тўғри келди.

 

Мени тадқиқотимнинг муҳим қисми бўлган Ўзбекистон ёшлари ўз маданий ва тарихий меросини қай даражада қадрлашлари қизиқтирарди. Кўплаб ўзбек ёшларининг ўз ўтмишига мактабдаги дарслик сифатида эмас, ҳаёти ва ўзлигининг бир қисми сифатида қараши энг ҳайратланарли кузатувларимдан бири бўлди.

 

 

Суҳбат ва интервьюлар давомида респондентлар ўз фикри ҳамда мақсадларини тушунтириш учун кўпинча тарихий шахслар, урф-одатлар ва ўтмиш цивилизацияларини тилга олишарди. Масалан, ёшлар билан бўлган муҳокамалардан бирида биз Ипак йўли даврининг аҳамияти ва Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ ҳамда маданиятлараро мулоқот маркази сифатидаги тарихий ўрнини муҳокама қилдик. Уларнинг ишонишича, ўзбек жамиятига форс, турк, юнон, араб ва ҳинд маданиятларининг ўзаро таъсири катта бўлган. Ёшларнинг аксарияти бу тарихий очиқликни меҳмондўстлик, илмга эҳтиром ва кўп маданиятлиликни тушуниш каби замонавий идеаллар билан боғлашди.

 

Ислом цивилизацияси, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино ва бошқа тарихий алломалар тез-тез илҳом манбаи сифатида тилга олинди. Бир қатор респондентларнинг таъкидлашича, олдинги авлодлардан ўтиб келаётган энг асосий фазилатлардан бири бу – билимга интилишдир. Шунингдек, тарихий онгда Темурийлар даври муҳим ўринни эгаллаган. Иштирокчилар Амир Темур даврини илм-маърифат, меъморчилик ва маданий алоқалар юксалган давр сифатида эътироф этишди. Ёшлар Самарқандни тарихий шаҳар бўлишидан ташқари, билим ва ғурур рамзи сифатида ҳам таърифлашди. Саёҳатларим мобайнида, айниқса Наманган, Фарғона ва Андижонда ёшларнинг Бобур ва унинг тарихий мероси ҳақида тўлқинланиб гапирганларини кўп эшитдим. Қанчадан-қанча талабалар ва ёшларнинг ўз тарихига, туғилиб ўсган жойи тарихига қизиқиши, кенг муҳокама қилишларини кўриш кўпроқ ҳайратга солди. Тадқиқотим давомида мен кузатган Ўзбекистон ёшларига хос хусусиятлардан бири бу – уларнинг ўтмиш билан чуқур боғлиқлиги бўлди.

 

Қизлар таълими ва хорижга интилаётган ёшлар

 

Иккинчи ташрифим шу йилнинг баҳорига тўғри келди. Вақтимнинг асосий қисмини Тошкент ва Фарғона водийсида ўтказдим, у ерда мактаб, коллеж ва университет талабалари билан мулоқотлар олиб бордим, кундалик ҳаёт, таълим, келажакдаги режалар ва карьера мақсадлари ҳақида сўровномалар ўтказдим.

 

Синфхоналарда ўқувчи қизларнинг сезиларли даражада кўплиги эътиборимни тортган ҳайратланарли факт бўлди. Мен ташриф буюрган таълим муассасаларида қизлар ўғил болалардан кўпдек туюлди, бу Ўзбекистонда қизлар учун таълимнинг муҳим эканини кўрсатади. Кўплаб ёшлар олий таълимни хорижий университетларда давом эттириш, касбий малака ошириш ва мамлакат ривожланишига ҳисса қўшиш истагини билдирди.

 

Замонавий технологиялар ва глобаллашув ўзбек ёшларига янги имкониятлар бермоқда. Ўқувчилар ёшлик пайтиданоқ инглиз ва бошқа хорижий тилларни, чет элдаги таълим дастурларини ўрганмоқда ва интернет платформаларидан бемалол фойдаланмоқда. Шундай бўлса-да, улар ўз оилалари ва кичик жамиятлари билан яқин муносабатларни сақлаб қолишган. Маҳаллий грантлар ва Эл-юрт умиди жамғармаси ёшларга орзуларини ушалтиришга ёрдам бермоқда.

 

 

Шу ўринда, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ёшларини ўзаро солиштириш катта адолатсизлик бўлар эди, чунки Ҳиндистон 1947 йилда, Ўзбекистон эса 1991 йилда мустақилликка эришган. Ҳиндистон босиб ўтган мустақил тараққиёт йўли Ўзбекистонникига қараганда анча узун. Шу боис, ҳаётни фаровонлаштириш учун яратилган имкониятлар ҳам Ҳиндистон ёшларида кўпроқ.

 

Бироқ Ўзбекистоннинг ёш авлоди дунёда технологик юксалиш (бум) бошланиб бўлган бир даврда майдонга чиқди. Айнан шу сабабли ўзбек ёшлари кўплаб қийинчиликларга ҳам дуч келяпти, зеро технологик тараққиёт шиддати жуда юқори. Рақобат ҳам беқиёс, лекин Ўзбекистон эндигина мустақил бўлгани ва ёшлар ҳали изланиш жараёнида эканлиги сабабли технологиялар кўламини тўлиқ англаб етиш учун уларга маълум вақт керак бўлиши табиий.

 

Ҳиндистон анча аввал мустақил бўлган ҳамда технология, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширган. Шунга қарамай, биз ҳар икки мамлакат ёшларини тушунишимиз керак. Улар ўртасида фарқ қидиришдан кўра ҳаётларини яхшилашлари ҳамда икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада юқори босқичга олиб чиқишлари учун уларга кенг йўл ва кўплаб имкониятлар яратиб бериш лозим, деб ўйлайман.

 

Менинг ҳозирги кунгача бўлган илмий саёҳатим ва тажрибамнинг энг эътирофли, ёруғ жиҳатларидан бири шуки, ўзбек халқининг мислсиз очиқкўнгиллиги ҳамда ёш авлоддаги ҳайратланарли ғайрат-шижоат, юксак ва гўзал орзу-интилишларининг шахсан гувоҳига айландим.

 

Чорзу бозори, қалампир ва “гап”

 

Ҳиндистон маданиятига ўхшаш ўзбек маданияти жуда манзур келди. Намангандаги Чорсу бозорининг файзу таровати ҳақида соатлаб гапирсам ҳам тугамайди: қаерга бормай, бесабаб совғалар улашишган, расталарда мева сотаётган онахонлар қўярда-қўймай халтага мевалардан солиб беришган, санасам, илтифотларнинг адоғи йўқ. Таомларга келсак, тандирдан узилган иссиққина нон, шоҳона ош, кабоб, кўк чой, сомса, писта, ўрик, хурмо, сумалак, Қўқон ҳолваси ҳамда ўзбекона усулда қовурилган товуқ ва балиқ каби неъматлардан баҳраманд бўлдим. Ўзбекистоннинг ўнга яқин шаҳарларини айланиб, айтоламанки, Наманган таомлари қалбимнинг тўридан жой олди.

 

Бахтимга, октябрь ойида – айни шафтоли пишиғи охирлаб қолай деганда Ўзбекистонга борибман. Ўзбекистон шафтолиси мен ҳаётимда татиб кўрган энг ширин мевалардан бири бўлди. Шунингдек, шоколадга беланган сархил хурмоларни ҳам севиб тановул қилдим.

 

Ўзбекистонда мен билан юз берган энг қизиқ ва кулгили ҳолатлардан бири  –ҳиндлигимни билган одамлар менга нуқул яшил аччиқ қалампир тутишгани бўлди. Улар ҳиндларни ўзининг оғизни жаззиллатиб юборувчи аччиқ таомлари билан машҳур, деб ўйлашар экан. Шунақа кичик, самимий ҳаракатлар кўпинча Ҳиндистон, унинг маданияти ва кундалик ҳаёти ҳақидаги қизғин, ширин суҳбатларга уланиб кетарди. Кўпчилик ўзбекистонликлар болалигидан ҳинд фильмлари ва телекўрсатувларини томоша қилиб вояга етганликлари учун ҳиндистонлик меҳмон билан юзма-юз кўришишдан бошлари осмонга етганини қувонч билан изҳор этишди. Яна Ўзбекистондалигимда энг кўп берилган савол: “Турмушга чиққанмисиз?” бўлди. Бу кулгили туюлиши мумкин, лекин шу оддий савол ўзбеклар учун оила муҳим қадрият эканини англатади.

 

Дастлабки сафарим чоғида Наманган, Фарғона, Қўқон, Уйчи, Ахсикент, Термиз, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби муқаддас манзилларни зиёрат қилдим. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан чамбарчас боғлиқ тарихий қадамжо – Ахсикентга ташрифим ҳаётимдаги энг унутилмас ёрқин хотиралардан бирига айланди. Юртингизнинг ўзига хос маросимлари – “гап”лар, тўйлар ва тўкин ош базмлари каби кўплаб ижтимоий йиғинларда қатнашдим.

 

Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги – одамлари

 

Аёл тадқиқотчи сифатида Ўзбекистонда ўзимни жуда хавфсиз ва хотиржам ҳис қилдим, эркин ишлай олдим. У ерда қаерга борманг, одамлар доим сизга ёрдам беришга, оғирингизни енгил қилишга астойдил ҳаракат қилишади.

 

Ўзбекистоннинг энг эсда қоларли жиҳатларидан бири бу – халқнинг меҳр-оқибати ва меҳмондўстлигидир. Ўзбекистонда ўзингизни бегона ҳис қилмайсиз. Биргаликда дастурхон атрофида ўтириш, самимий суҳбатлар ва анъаналар инсонда ўзини шу ерга дахлдордек, худди ўз уйидагидек ҳис қилдиради.

 

 

Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар, Тошкент ва Фарғона каби тараққий этган кентлар, шунингдек, ўзининг тенгсиз меҳмондўстлиги билан танилган Наманган, Термиз, Ахсикентт ва Қўқон шаҳарлари билан боғлиқ хотираларимни умр бўйи унутолмасам керак. Уларда асрлар оша давом этиб келаётган маданий алмашинувлар, илм-фан ва цивилизация нафаси уфуриб туради. Мамлакатнинг бой мероси, гўзал меъморчилиги ва қадриятларга бўлган юксак эҳтироми уни янада бетакрор қилади.

 

Оилам, ота-онам ҳам Ўзбекистонни унинг хавфсизлиги, самимий инсонлари, мустаҳкам оилавий қадриятлари, мазали таомлари ҳамда маданият ва таълимга бўлган чуқур ҳурмати учун қадрлашади. Оддий одамлар кўрсатган меҳр-мурувват кўпинча ҳар қандай тарихий обида ёки диққатга сазовор жойдан кўра кучлироқ ва илиқроқ таассурот қолдириши мумкин.

 

Шу сабаб айтишим мумкинки, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги унинг қадимий ва бой тарихи, ақл-ҳушни олувчи меъморчилиги ёки оламшумул маданий меросигина эмас, бу азиз халқнинг иссиқ меҳри, туганмас тантилиги, бағрикенглиги ва самимийлигидир. Ўзбекистонга қайта-қайта борсам дейман.

 

Севара АЛИЖОНОВА суҳбатлашди.

Нью-Деҳли, Ҳиндистон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 36700
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//