
Дебоча
Хонгирей ва Зарема исми кўпчиликка Пушкиннинг «Боғчасарой фонтани» достони орқали таниш. Ғуссали тарих, ҳазин ҳикоя! Асарни оташнафас шоиримиз Усмон Носир ўзбек тилига таржима қилгани ғуссани янада кучайтиради. Қримдаги фаввора жувонмарг бўлган муҳаббатгагинамас, ёшлиги қамоқ ва сургунда хазон этилган Усмон Носир, машъум қатағонда қатл қилинган миллат ойдинлари, жадидларимиз, давлат арбоблари учун ҳам кўзёш тўкаётгандек туюлади.
Хонгирей номи ўзбек адабиётига ҳам бегона эмас. Ёзувчи Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» романи персонажи – ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари Масковда фаолият олиб борган жиноий тўда раҳбари ўзига шу лақабни олади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган Хонгирей эса 1930 йилларда репрессия тузоғига илинган қримтатар князидир. Унинг тақдири ҳам давр ва тузум эврилишига шоҳид бўлган юз минглаб замондошлариники каби ғоятда чигал, чалкаш. «Тақдир-у тасодифлар шамоли» (адабиётшунос Баҳодир Карим таъбири) бир-бири билан учрашмоғи душвор бўлган кишиларни юзма-юз қилади, бири бошқасининг тақдирига ё ижобий, ё салбий йўсинда таъсир кўрсатади. Алҳол, «Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади» деганлари рост.
Рус ёзувчиси Варлам Шаламовнинг «ХанГирей» ҳикоясини мутолаа қилганимдан кейин («Рукописи не горят». Из антологии русской прозы ХХ века. Москва, «Молодая гвардия», 1990) шу вақтгача юртимиз тарихининг энг қонли даврлари – хонликларнинг тугатилиши, миллий озодлик ҳамда жадидлик ҳаракатлари, қатағон даврига оид ўқиганларимдан қолган хотиралар худди оҳанрабо атрофига йиғилган маъдан парчалари каби бир жойга жам бўлди. Битикларимизда тадқиқот унсурлари оз-моз бўй кўрсатсада, уни том маънода тарихшунослик деб даъво қилиш фикридан йироқмиз. Сираси, буни илмий асар сифатида эмас, балки бир адабиётчи ёзарманнинг қораламалари деб қабул қилинг, азиз муштарий. Ёзувчи Александр Дюма таъкидлаганидек, «Тарихий фактлар ўтмиш деворидаги михлардир ва мен уларга ўз суратларимни илиб чиқаман».
Ғаройиб ва ғариб тақдир соҳиби
Шўро давлати 1930 йиллар қатағонигача ҳам «тозалаш» тадбирларини ўтказган, улардан омон чиққанлар ёки кичикроқ жазо билан қутулиб қолганлар «катта тозалаш»да барибир қатл машинаси домига тушган. Улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг фожеий қисмати бунга мисол. Аслзода хонадон вакили Хонгирей (1882 – 1938) ҳам бир неча бор қатағонга учраган ғаройиб ва ғариб тақдир соҳибидир.
«Александр Александрович Тамарин-Миреский аслида на Тамарин, на Миреский эди. У Николай Иккинчининг аёнларидан бўлмиш татар князи Хонгирейдир. Генерал Корнилов 1917 йилнинг ёзида шоҳга тахтини қайтариб олиб бериш учун Петрoградга юриш қилган чоғида Хонгирей ҳукмдорга ўта садоқатли Қофқоздаги ҳарбий қисмлар – Ёввойи дивизиянинг штаб бошлиғи эди. Корнилов Масков остонасида тор-мор қилингач, Хонгирей ғирт бекорчига айланди. Кейинроқ генерал Бурисиловнинг даъватига кўра Қизил армия сафига қўшилди ва қиличини кечагина дўст бўлган сафдошларига қаратди. Айни шу вақтда Хонгирей ғойиб бўлиб, ўрнида отлиқ кавалерия командири Тамарин пайдо бўлди. У фуқаролар урушида иштирок этди. Кейин эса ўзига бириктирилган ҳарбий қисм билан «босмачилар», Анвар пошога қарши жангларда мустақил равишда қатнашди. «Босмачилар» тор-мор этилади, деярли асирга олинган Анвар пошо эса қандайдир мўъжиза билан Бухоро яқинидаги қумли биёбонга қочиб кетади. Орадан бирмунча муддат ўтиб, яна ўз жангчилари билан муҳорабага кирган вақти ҳалок бўлади. Шу тариқа Совет Россиясига ғазовот эълон қилган истеъдодли сиёсатчи, лашкарбоши ҳаётига нуқта қўйилади. Анвар пошо ва унинг шериклари ҳар тарафдан ўраб олинган вақти қочишга муваффақ бўлган эди. Бу ҳолат юзасидан ўтказилган тергов Тамаринни гумондор деб топди. У айбсизлигини исботлаб берган эсада, барибир Анвар пошо кўзга кўринган арбоб эди. Тамарин истеъфога жўнатилди, бугуни ва истиқболидаги жамики имтиёзлардан маҳрум оддий одамга айланди-қолди.
Кўчага қувилган Тамариннинг эски кўнгилочар машғулоти – адабиёт билан шуғулланишга вақти бисёр эди. Энди у Миреский тахаллуси остида газеталарда адабий эсселар чоп этиб тирикчилик юргиза бошлади. Ҳаёти изга туша бошлаган паллада Анвар пошонинг қочишига доир тергов иши қайтадан кўрилди. Тамарин яна сўроққа тортилди. Айбини бўйнига олганида жазо енгилроқ бўлармиди… 1928 йили у уч йиллик қамоққа ҳукм қилинди…» (В. Шаламовнинг «Хонгирей» ҳикоясидан)
Ёзувчи Варлам Шаламовнинг (1907 – 1982) ўзи ҳам икки марта қатағон қилинган, беш йил умри Шимолий Урал, ўн етти йиллик умри Колима лагерларида кечган. Адиб тутқунгоҳда Хонгирей билан учрашиб суҳбатлашади. Кейинроқ унга бағишлаб ҳикоя ёзади. Қизиқ, қримлик Хонгирей ва истанбуллик Анвар пошо қачон, қаерда, қай тариқа учрашиб қолган?..
Саркарда, ислоҳотчи, инқилобчи
Анвар пошо (1881 – 1922) – атоқли давлат арбоби, саркарда, «Ёш турклар» ҳаракати, «Иттиҳод ва тараққий» партияси раҳбарларидан бири. 1903 йили Истанбул Бош штаб академиясини тугатган. Усмоний давлатининг Берлиндаги элчихонасида ҳарбий атташе бўлиб ишлаган. 1908 йили Туркияда давлат тўнтаришига раҳбарлик қилган. Анвар пошо гарчи усмонийлар хонадонига куёв бўлсада, султон Абулҳамид Иккинчи ҳокимиятини чеклаб қўяди. Султон расман давлат бошлиғи бўлсада, мамлакатни уч-тўрт партиядан сайланган депутатлар мажлиси бошқарар эди. Буни Ислом оламидаги илк буржуа инқилоби деб аташ мумкин. Анвар пошо 1913 йили Талъат пошо, Жамол пошо каби обрўли ҳарбий саркардалар билан иттифоқ тузади. Мустафо Камол Отатурк (1881 – 1938) бошчилигидаги «Ҳуррият ва иттиҳод» партияси ҳукуматдан четлатилади. Триумвриат (учлик) раҳбарлигини қўлга олган Анвар пошо Германия билан ҳарбий иттифоқ тузиш ва Биринчи жаҳон урушида қатнашиш ташаббускори бўлади.
Биринчи жаҳон урушида у усмонийлар давлатининг бош қўмондони, султоннинг ноиби сифатида армияга раҳбарлик қилади. Туркия урушда енгилгач, 1917 йили Камол Отатурк раҳбарлигида миллий озодлик инқилоби амалга оширилади. Уй қамоғига ҳукм қилинган султон Абдулҳамид 1918 йили вафодор хотини Мушфиқанинг қўлида вафот этади. Бу вақтда султоннинг оила аъзолари чет элга бадарға қилинган эди.
Анвар пошонинг давлат арбоби, моҳир сиёсатчи, иқтисодий ислоҳотчи ва султон оиласининг куёви сифатида Шарқу Ғарбда обрўси баланд эди. Туркистон мусулмонлари турк султони исмини билмаса ҳам Анвар пошо номини яхши биларди. Турк қўшини Болқон яриморолидаги жангда ғалаба қозонганидан кейин кўпчилик туркистонликлар чор Русияси истибдодидан халос бўлишда Анвар пошо кўмагига умид қила бошлади. Ўша кезлар Анвар энг кўп қўйиладиган исмлардан бири эди. (Абдулла Қодирий ҳам «Меҳробдан чаён» романи қаҳрамонига Анвар номини беришда ўша анъанага суянган бўлса ажаб эмас.)
Сиёсий вазият ўзгариб, дўппи тор келиб қолгач, Анвар пошо Туркияни тарк этади. Аввал Озарбойжонга, у ердан Германияга йўл олади. Кейин давлат тўнтариши уюштирган инқилобчи, РСФСР Халқ нозирлари кенгаши раҳбари Владимир Ленин (Улянов) билан учрашгани Россияга келади. Турк сиёсатдони шўро доҳийсини Ўрта Осиёда оддий халқ оқпошшо тарафдорларига қарши исён кўтаришига ишонтиради. Эллик ёшларга бориб қолган Ленин ўттиз олти ёшли Анвар пошони янги турк жумҳуриятидан экани, боз устига, ўзи каби Германиядан мусофирликдан қайтганини инобатга олиб, унга бино ва моддий кўмак ажратади.
1920 йилларнинг бошида «Ёш бухороликлар» ҳаракати раҳбари, йигирма тўрт ёшли Файзулла Хўжаев (1896 – 1938) Масковда яшаётган эди. Тақдири илоҳий Анвар пошо ва Файзулла Хўжа йўлини ҳам туташтирди.
Дор остидан қайтиш
Файзулла Хўжаевга Масков ўз уйидай бўлиб қолган эди. У бу шаҳарга ўн бир ёшида келиб, кадетлар мактабига ўқишга киради. Отаси Убайдуллахўжа Масков дўконларига қоракўл тери етказиб берувчи бадавлат савдогар бўлиб, рус ва татарлардан таниш-билиши кўп эди. 1912 йили отасидан айрилган ўн олти ёшли Файзуллага жуда катта мерос қолади.
Ф. Хўжаевнинг савдогарзодадан инқилобчига эврилиш йўлини Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор «Бухоронинг жин кўчалари» асарида маромига етказиб тасвирлаган. Бухоро ва хорижий шаҳарлар ўртасида илм-маърифат, таълим ва шаҳарсозлик борасида фарқ-тафовутни кўрган ёш Файзулла қалбида юртни жаҳолатдан халос этиб, тараққий сари бошлаш орзуси алангаланади. У отамерос савдогарлик касбини шунчаки давом эттиришда маъни-мазмун кўрмайди. Сираси, бойлигини кўпайтиришдан кўра Алишер Навоий каби топганини эл-юрт фаровонлиги йўлида харжлаш, эзгу ишларга бош бўлиш иштиёқи ғолиб келади. Унинг катта орзуларидан бири – Бухородан Макка шаҳригача темир йўл қуриш эди.
Садриддин Айний (1878 – 1954) ва Туркияда ўқиб қайтган Абдурауф Фитрат (1886 – 1938) Бухородаги жадидчилик ҳаракатининг сардорлари эди. Улар 1910 йилларда амирлик таълим ва судлов тизимини ислоҳ қилиш ташаббуси билан чиқади. Бухоро амирлиги чор Русияси ҳукми остида бўлган кезлар амир маъмурияти маърифатчи Аҳмад Дониш, унинг шогирдлари, кейинроқ пайдо бўлган жадидчилик ҳаракати аъзоларига кучли тазйиқ ўтказишдан чўчирди. 1917 йилги Октябрь инқилобидан кейин тузилган РСФСР ҳукумати Бухоро амирлигини мустақил давлат дея тан олиб, мустамлака мақомини бекор қилгач, Амир Олимхон «Ёш бухороликлар» ҳаракатига қақшатқич зарба беради. Хусусан, Садриддин Айний зиндонбанд этилади ва дарраланади. Бундан дарғазаб бўлган «Ёш бухороликлар» ҳаракати аъзолари амирликни тугатиб, дунёвий республика ўрнатиш ҳаракатига тушади. Шу вақтгача улар амир ҳукумати билан муроса қилса бўлади деган кайфиятда эди.
Ҳаракатнинг йигирма икки ёшли дангалчи ва бадавлат аъзоси Файзулла Хўжаев ташаббусни қўлига олиб, Тошкентдаги Совет Туркистони Халқ комиссарлари кенгаши раиси Фёдор Колесов билан учрашади ва ундан Амир Олимхонни тахтдан ағдаришда ёрдам сўрайди. 1918 йилнинг мартида Тошкентдан Когон шаҳрига қизил аскарлар бўлинмаси етиб келади. Амирга истеъфо бериш талаб қилинган ультиматум юборилади. Аммо амир қўшини катта хунрезликни амалга оширади. «Ёш бухороликлар»нинг бир ярим минг нафари ҳалок бўлади, минглаб киши Бухорони ташлаб кетади. Амир Олимхон Ф.Хўжаев ва шерикларини тутиб, дорга осиш ҳақида фармон беради. Ф. Хўжаев бир неча cафдоши билан Россияга қочади. Масков йўлида уларни оқпошшо армияси атамани Александр Дутов қўлга тушириб, ўлимга ҳукм қилади. Ф.Хўжаев ва шериклари жонига Россиядаги туркчилик ҳаракати дарғаларидан бири, Бошқирдистон мухторияти идеологи Аҳмад Закий Валидий (1890 – 1970) ора кириб, уларни ўзи билан олиб кетади. Валидий бу вақтда большевиклар билан муросага келиб, ҳамкорлик қилаётган эди. Мажбурий мусофирот «Ёш бухороликлар» ҳаракати вакилларини большевиклар билан янада яқинлаштиради. Ф. Хўжаев икки йил мобайнида ташқи ишлар вазирлигида хизмат қилади, Ленин ва инқилобнинг бошқа йўлбошчилари билан танишади. 1920 йили Тошкентга қайтиб, «Ёш бухоролик инқилобчилар» партиясини бошқаради.
Оқпошшо зобитлари ва аскарлари Бухоро амири паноҳида жон сақлаётган эди. Афғонистондаги Англия элчихонаси билан алоқа йўлга қўйилган эди. Авомнинг Амир Олимхонга ихлоси ҳамон баланд бўлиб, улар «Ёш бухороликлар»га эргашишни истамасди. Шу сабаб Ф. Хўжаев бошчилигидаги ҳаракат фаоллари вақтинча коммунистлар либосини кийишга ҳам рози эди. 1920 йил 27 августда «Ёш бухороликлар» ҳаракати бошлаган инқилобга совет Туркистони ҳарбий бўлинмалари ҳам қўшилди. Бухоро аэропландан бомбаланиши оқибатида 1 сентябрда амир ва унинг аёнлари Аркни ташлаб, жанубий сарҳадлар томон қочади. У кезлар ҳарбий ҳаво кучлари ҳал қилувчи аҳамият касб этмай, кўпроқ психологик таъсирга эга эди.
Бухоро асосан совет Россияси армияси босқини туфайли қўлга киритилганига қарамай, мустақил Бухоро Совет Халқ республикаси таъсис этилиб, Файзулла Хўжаев Халқ нозирлари кенгаши раиси, Абдурауф Фитрат таълим нозири лавозимини эгаллайди. Ёш республика таъсири унчалар катта эмас эди. Амир Олимхон ҳамон жанубий ҳудудларни ўз назоратида тутар, Сурхонда аскар тўплаб пойтахтга юриш қилишга шайланмоқда эди.
Анвар пошо туркчилик ғояси тарафдори экани аён бўлгач, Ленин асосий эътиборни Туркия раҳбари Мустафо Камол Отатуркка қаратади. Пошо эса имкон борида этакни йиғиштириб, Бухорога йўл олади. Ф. Хўжаев унга ҳарбий нозир лавозимини таклиф қилади. Бироқ жони жасадига сиғмаган саркарданинг нияти бундан-да каттароқ эди: Ироқдан то Хитойгача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган туркий давлат тузиш! Анвар пошо Амир Олимхонга мактуб юбориб, Бухоро хазинаси ва ислом қўшинини ана шу улуғ мақсад йўлида сафарбар этиш, Туркистондаги ер ости ва усти бойликларини олмон мутахассисларини жалб қилиб қайта ишлаш, инглиз зобитларини маслаҳатчиликка ёллаб кучли армия тузиш режаларини баён қилади. Таклиф Амир Олимхонга ҳам маъқул келиб, уни «Ислом лашкари бош қўмондони» лавозимига тайинлаш орзусида эканини билдиради.
Ф. Хўжаев Анвар пошонинг сўрови билан Масковга Бухорода ўрнашган РСФСР аскарларини олиб чиқиб кетиш талаб қилинган мактуб йўллайди. Бу масалада ўзаро ихтилоф бор эди. Закий Валидий бошчилигидаги «Миллий бирлик» тарафдорлари ва Бухоро Марказий ижроия қўмитаси раиси Усмонхўжа Пўлатхўжаев шўролар билан очиқ жанг қилиш йўлини танлайди. Ф. Хўжаев ва Фитрат тарафдорлари эса шўро тузуми доирасида миллий давлатчиликни маъқулларди.
Бухородан қизил армиячиларни олиб чиқиб кетиш талаби акс таъсир кўрсатиб, ўлкага қўшимча ҳарбий бўлинмалар ва ўқ-дори юборилади. Эллик ёшлардаги Хонгирей ҳам шу тариқа отлиқ гвардияси билан Бухорога келиб қолади.
Ажал кўланкаси
Анвар пошо Бухородан Амир Олимхоннинг Сурхондаги лашкарига қўшилиш ниятида йўлга тушади. «Амирул-мўминин» унвонига мушарраф кўрилган Иброҳимбек уни дастлаб Бухоро Халқ республикаси жўнатган хуфия деган гумон билан ҳибсда сақлайди. Афғонистонда вақтинча бошпана топган Амир Олимхондан келган номада пошога бемалол ишониш мумкинлиги баён қилинган эди. Анвар пошо Иброҳимбекка ҳарбий маслаҳатчилик қилади, қизиллар билан бўлган бир қатор жангларда ғалаба қозонади. Шўро ҳукумати Анвар пошони қўлга тушириш учун қўшимча куч жўнатишга, мукофот таъсис этишга мажбур бўлади.
Ғаним билан жанглардан бирида катта талафот кўрган ислом лашкари тоғ орасига кириб жон сақлайди. Қамалда қолган Анвар пошо рақиб бўлинма командири Хонгирей билан музокара олиб бориб, муқаррар асирликдан қочишга муваффақ бўлади. Оқибатда, мақола аввалида баён қилганимиздек, Хонгирей ҳарбий унвонлардан маҳрум этилиб, истеъфога чиқарилади.
Йиқилиб курашга тўймаган Анвар пошо яна Сурхон тоғларида беркиниб юрган мусулмон қўшини сафига қайтиб, тарғибот ишларини кучайтиради. Фарғонадаги Шермуҳаммад қўрбоши, Хивадаги Жунаидхон билан яқин алоқа ўрнатиб аскар сонини йигирма мингга етказади. Афғонистон ҳукумати ва Англия элчихонаси Амир Олимхон қўлидаги Бухоро хазинаси эвазига қурол-аслаҳа етказиб туради. 1922 йилги жангларда Қизил армиянинг қўли баланд келади. Анвар пошо шу йил 4 августда Балжувондаги (Тожикистон Республикаси ҳудудидаги қишлоқ) тўқнашувда ҳалок бўлади. Ислом лашкари кичик гуруҳларга бўлинганча тарқаб кетади.
1924 йили янги ташкил этилган Ўзбекистон ССР раҳбарлигига Файзулла Хўжаев тасдиқланади. Турк шоири ва маърифатпарвари Тавфиқ Фикратнинг «Нечун йўлнинг сўнгида жарлик?!.» деган сатри бор. Бу мисра мақоламиз қаҳрамони бўлган уч тарихий шахсга ҳам тааллуқлидек. 1937 йилнинг кузагида Иттифоқ бўйлаб қатағон машинаси ишга тушади. Дастлаб олий рутбадаги раҳбарлар, кейин ўрта ҳалқадагилар, кейин қуйидагилар жазоланади. Ф.Хўжаев 1937 йил 9 июль куни аксилшўро фаолиятда айбланиб қамоққа олинади. У 1938 йил 12 март куни бўлиб ўтган суд мажлисида, сўнгги сўзида бундай дейди: «Биз тарихга бирор бир эзгу ишимиз билан кира олишимизга кўзим етмай қолди». Бу сўзларда ҳақиқат устунмиди ёки заҳарханда – унинг ўзигагина маълум. Ф. Хўжаев уч кундан сўнг «халқ душмани» деб топилган собиқ катта мансабдорлар – Николай Бухарин, Алексей Риков, Генрих Ягода, Акмал Икромов қатори отиб ташланади…
«Менга қўйилган айбларни бошдан-оёқ рад этаман. Ҳақиқат йўлида ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман. Агар отмоқчи бўлсалар, кўкрагимни кериб тураман…» – булар Абдулла Қодирийнинг ўлим арафаси, терговда айтган сўнгги сўзлари…
Қафас аҳли ҳур яшай олурми?
Қатағон даврида отувга ҳукм қилинганларнинг аксари ўрта ёки кекса ёшдагилар бўлган. Ёш, кучга тўлган маҳбуслар умрбод ёки узоқ муддат қамоққа ҳукм қилинган. Албатта, бу борада истиснолар ҳам бор. Қаҳрамонимиз Тамарин кексайиб қолгани ва боғбонлик салоҳияти ҳисобга олиниб, қамоқхонага ажратилган ерларда деҳқончилик ишига раҳбар қилиб қўйилади. Қрим – атиргуллар ватани. Хонгирей ҳам ёшлигидан атиргул ўстиришнинг ҳадисини олган эди. Николай Иккинчи армиясида хизмат тугаб, пенсия ёшига етаётган аслзода князь кексалик даврида атиргулларнинг янги навларини етиштириш, Рим шоири Вергилий ижодини тадқиқ қилишни режалаштириб турганида кўз кўриб қулоқ эшитмаган ҳодисалар рўй берди: жаҳон муҳорабаси, оқпошшонинг тахтдан воз кечиши, Ленин бошчилигида йўқсилларнинг давлат тўнтариши, фуқаролар уруши, Ўрта Осиёда маҳаллий аҳолининг қўзғолонлари… Хонгирей озодликда тополмаган осудаликни қамоқхонада топади. Аммо у антик адабиёт тадқиқини четга суриб, агрономликка доир китобларни ўқишга берилади. Тутқунгоҳ иссиқхонасида сабзавотлар қаторида атиргуллар етиштиришни йўлга қўяди – қамоқхона бошлиғи бўлмиш ўттиз ёшлардаги Эдуард Берзиннинг столига ҳар куни янги очилган атиргул етказиб турарди.
Чор офицери бўлган Э. Берзин йигирма тўрт ёшида ҳаётини бутунлай бошқа изга буриб юборган ишга қўл уради. 1918 йили пойтахт Петроградда Буюк Британия, Франция ва АҚШ элчилари рус аксилинқилобчилари билан келишиб фитна ҳозирлайди. Аксилинқилобчилар сафида бўлган Э. Берзин бу ҳақда шўро ҳукуматига – Бутунроссия Фавқулодда ишлар қўмитасига чақув-маълумотнома етказади. Элчилар Россиядан чиқариб юборилади, фитна иштирокчилари қамоққа олинади. Берзин эса чекистлик ишига олиниб, лавозим зиналаридан кўтарила боради.
1930 йиллар бошида хориж матбуотида Анвар пошонинг мемуарлари чоп қилинади. Хотираларда Хонгирей зикр қилинмаган бўлса-да, китобга сўзбоши ёзган турк ҳарбийси Анвар пошонинг қизиллар қўлидан қутулишида унинг ҳиссаси борлиги, икковлон Николай давридаёқ мактуб ёзишиб турганини қистириб ўтган экан. Тамариннинг уч йиллик қамоқ муддати ўн йилга кўпайтирилиб, олис Колимага – олтин конлари очилган совуқ ўлкадаги қамоқхонага жўнатилади. Шу вақтда Э. Берзин ҳам ўша қамоқхоналар бошлиғи этиб тайинланади. Эски танишлар қайта учрашади…
«Колимада олтин борлиги эскидан маълум эди. Аммо бирор ҳукмдор олтмиш даражага етадиган совуқ иқлимда маҳбусларнинг оғир меҳнати эвазига олтин қазиб олишни хаёлига ҳам келтирмаган эди. Бунга фақат Сталин қўл урди…» («Хонгирей» ҳикоясидан)
Охота денгизи қирғоғидаги Магадан шаҳрига кемалар ҳар ҳафта юзлаб маҳбусларни етказиб келарди. Олтин конлари материкнинг тўрт-беш юз километр ичкарисида, Шимолий муз океанига қараб оқадиган Колима дарёси бўйидаги Таскан водийсида эди. АҚШнинг Аляскасида бундан эллик йиллар бурун авж олган «олтин жазаваси» энди Колима соҳилига етиб келган эди…
Таскан водийсида ишга яроқсиз бўлиб қолган маҳкумлар иссиқхона қуришга сафарбар қилинади. Уч ойгина давом этадиган қорсиз мавсумда сабзавот ва атиргул етиштириш қамоқхона бошлиғи Берзин ва кекса агрономнинг эҳтиросли машғулотига айланиб қолган эди. Тамарин ўжар шимол иқлимига мослашган карам, ошқовоқ ва картошка навларини яратди. Маҳкум ҳолида Узоқ Шарқ Фанлар академиясининг Колимадаги бўлимини бошқарар, Владивосток, ҳатто Масковга бориб маъруза ўқиб келарди.
«Бир йилдан кейин лагерлар Колимаси биринчи тонна олтинни қазиб олди. 1935 йили Берзин Ленин ордени билан тақдирланди. Селекционер Тамариннинг фидокорона меҳнатлари муносиб баҳоланиб, унга қўйилган айблар бекор қилинди ва озодликка йўл очилди. Аммо Тамариннинг иссиқхоналар хўжалигини бошқаришдан воз кечгиси йўқ эди. Бу ерларга ўрганиб қолган, ёши етмишга қараб кетаётган эди» («Хонгирей»дан). Мирзо Абдулқодир Бедил ёзганидек, «Бу жаҳонда йўқ бўлиш ҳар кимсани хомуш қилур / Ким, қафас аҳлин яшашга беқафас имкони йўқ».
Ёш маҳбуслар меҳнатидан фойдаланиш уларни отиб ташлашдан кўра фойдалироқ экани амалда исботланди. Колима нафақат олтин, бошқа рангли металларга ҳам бой ўлка эди. Тайгада дарахт кесиш, конларга элтувчи темир йўллар ётқизишга ҳам текин ишчи кучи керак бўларди. Шўро давлати навбатдаги катта қатағонга ҳозирлик кўраётган эди.
«1937 йилнинг ноябрида Колима қамоқхоналари бошлиғи Берзинга меҳнат таътили берилди. Берзин йўлда ҳамроҳлик қилиши учун кекса Тамаринни ўзи билан олиб кетди. Тунда Масковга яқинлашган поезд Александровкада тўхтади. Берзин нимадир харид қилгани перронга тушиб кетганча вагонга қайтмади. Қирқ икки ёшли Берзин перроннинг ўзида ҳибсга олинганди. Бундан ўн тўққиз йиллар бурун, 1918 йилда махфий тарзда тайёрланган ва Берзин туфайли фош этилган чет эл элчилари фитнаси бўлмиш «Локкарт иши» ҳақида хорижда нашр этилган мемуаристик очеркларда Берзин энг фаол иштирокчи сифатида эсланган экан» («Хонгирей»дан).
Буни ўзига хос қасос усули дейиш мумкин. Хориж матбуотидаги мақолаларга шўроларнинг кўзга кўринган арбоблари номи тиркаб қўйилса бас – чекистлар пашшадан фил ясаганча ўша шахсни қамоққа тиқарди. Бундай «хўрак» текин ишчи кучига эҳтиёжманд шўро ҳукуматига ҳам керакдай эди.
Ўз даврида юзлаб «халқ душманлари»ни қамоққа тиққан, отилиб кетишига сабабчи бўлган Берзиннинг ўзи улардан бирига айланди. Ҳомийсидан айрилган кекса агрономни янги Масковда деярли ҳеч ким танимас эди. Колимада дуруст эди: мунтазам маош, ҳурмат-эҳтиром… Олтмиш беш ёшда қариб-чуриб қолган Тамарин ўзини Колимага жўнатишларини сўраб кўплаб идораларга арз-дод қилиб борди. Телбавор чолнинг сўзига ким ҳам қулоқ осарди?! Бу вақтда фашистлар Германияси Иккинчи жаҳон урушини бошлашга зимдан ҳозирлик кўраётган эди…
Оллоёр ХЎЖАНДИЙ
«Тафаккур» журнали, 2024 йил, 2-сон.
«Нечун йўлнинг сўнгида жарлик» мақоласи
Адабиёт
Тил
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ