Ватан бордир ватандан ташқарида – Боболар изидан… Олтойга


Сақлаш
20:27 / 02.08.2024 632 0

Шу йилнинг 5-17 июль кунлари бир гуруҳ ўзбек олимлари, шоир, ёзувчи ва журналистларидан иборат илмий-ижодий экспедиция Тошкент, Ўтрор, Чимкент, Тароз, Олмаота, Семей, Барнаул, Горно-Альтайск, Уст-Кан, Красноярск, Абаканда бўлиб қайтди. «Боболар изидан…» деб номланган экспедиция сафида «XXI asr» газетаси махсус мухбири Фаррух Жабборов ҳам бор эди. Ўн икки кунлик сафар таассуротларидан бир шингил илиндик. 

 

2024 йил 5 июль. «Боболар изидан…» илмий-ижодий экспедицияси Олтойга қараб йўлга чиқди. Тонгда Ўзбекистоннинг Ғишткўприк ва Қозоғистоннинг Жибек жоли чегара постидан ўтдик. Филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анвар Бўронов, тарих фанлари бўйича фалсафа докторлари Баҳром Ирзаев ва Бекзод Абдуримов, тадбиркор Ғафур Ғафуров, рассом Эркин Орол, журналист Сафарали Қурбонов, оператор Нозим Толипов, ёзувчи Жавлон Жовлиев, шоирлар Элёр Мурод ва Нажмиддин Эрматов – жами ўн бир киши тўғри Ўтрор қалъаси томон отландик. Бу манзилда уч муҳим фактни эслаб ўтиш лозим. 1151 йил илгари Буюк мутафаккир Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Узлуғ Тархон Форобий (873–950) туғилган. Орадан уч ярим аср ўтиб, 1219 йили бу шаҳар Хоразмшоҳларнинг Чингизхон қўшинидан илк йирик мағлубиятига гувоҳ бўлган. Жаҳон ҳукмдори Амир Темур 1405 йили 18 февраль куни Ўтрорда вафот этган. Мана шундай қадимий қалъа қолдиқлари археологлар томонидан ўрганилиб, очиқ осмон остидаги музейга айлантирилган. Қозоқ гид бизга Соҳибқирон солган жоме масжидининг бугунгача сақланиб қолган пойдеворларини кўрсатди. Унинг айтишича, улуғ саркарда Темурбекнинг сўнгги кунлари бугун биз деворларини кўриб турган Бердибек саройида ўтган.