Адабиёт
Ўзбек халқи тарихида кўплаб оғриқли қора саҳифалар бор. Шундай қора саҳифага ёзилган даҳшатли воқеалардан бири 1918 йилнинг 18-21 февраль кунлари содир бўлганди. Қўқон шаҳрида уч кун давом этган ўзбеклар қирғини натижасида минглаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлган, ўзбек халқининг асрий орзуси: мустақил, барча тенг ҳуқуқли бўлувчи демократик давлат — Туркистон мухторияти қонга ботирилган эди. Аммо миллатнинг ёрқин келажаги учун курашган юртнинг асл ўғлонлари халқ хотирасида абадий қолди.
Туркистон мухторияти
Туркистон мухторияти — мусулмон ва туркий оламдаги илк демократик, дунёвий давлатлардан биридир. Гарчи, Туркистон мухторияти Озарбойжон Демократик республикасидан олдинроқ тузилган бўлсада, ОДР мустақил республика сифатида, Туркистон эса мухторият сифатида ташкил топганди. Шу боис ҳам мусулмон ва туркий оламидаги биринчи демократик, дунёвий давлат мақоми ОДРга тегишли дея ҳисобланади.
Озарбойжон Демократик республикаси ҳукумати аъзолари
Туркистон мухторияти расман 1917 йилнинг 27 ноябрида ташкил топади. 26—28 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Бутун Туркистон мусулмонларининг фавқулодда 4-қурултойи ўлкада барча инсонлар ва миллатлар тенг ҳуқуқли бўлувчи, дунёвий, демократик миллий давлат тузилишини эълон қилади. Йиғилганлар янги тузилажак давлат Россия совет федератив социалистик республикаси таркибидаги мухторият бўлишини маъқуллайди. Ушбу давлат Туркистон мухторияти деб номланади.
«Яшасун Туркистон мухторияти!
Туркистон мусулмонларининг дўртунчи фавқулодда қурултойи Туркистон ўлкасида бўлғон халқларнинг хоҳишлари бўйича буюк Русия инқилоби тарафидан берилган асосларга биноан фидирация асосига қурулғон Русия жумҳурияти ила бирликда қолғони ҳолда, Туркистонни ерлик мухториятли, яъни «территориалний автономия» деб эълон қиладур. Бу мухториятнинг на суратда вужудға қўюлмоғини яқин орада йиғиладурғон Умумтуркистон халқининг «учредителний собирание»си(Туркистон мажлиси мусулмони)ға топшурадур.
Шунинг ила баробар Туркистон ўлкасида ақаллият ташкил қилғон миллатлар ҳуқуқларининг ҳар жиҳатдан сақланилмоғини ҳам тантанали суратда баён этадур», дейилади қурултой қарорида.
Таъсис мажлиси (парламент) чақирилгунига қадар қурултой аъзоларидан иборат Туркистон Муваққат кенгаши мухториятини бошқариб туриши белгиланади. Муваққат кенгаш аъзоларидан 8 кишилик ҳукумат тузилади.
Ушбу ҳукумат таркибига Муҳаммаджон Тинишбоев (бош вазир), Ислом Шоаҳмедов (бош вазир ўрибосари), Мустафо Чўқай (Ташқи ишлар вазири), Убайдулла Асадуллахўжаев (ҳарбий вазир), Ҳидоятбек Юрали Агаев (ер ва сув бойликлари вазири), Обиджон Маҳмудов (озиқ-овқат вазири), Абдураҳмон Ўразаев (ички ишлар вазири ўринбосари) ва Соломон Ҳерсфелд (молия вазири) киради.
Кейинчалик, ҳукумат таркибида бир нечта ўзгаришлар юз беради, жумладан Носирхонтўра Камолхонтўра ўғли, Саидносир Миржалолов, Миродил Мирзааҳмедов, Рафаэл Потеляхов, Маҳди Чанишев, ака-ука Ёқуб ва Цион Вадяевлар ҳукуматга қўшилади.
Туркистон мухторияти ҳукумати аъзолари
Бундан ташқари, 32 кишидан ташкил топган Миллат Мажлиси ҳам сайланади. Шу тариқа янги давлатнинг бошқарув тизими шакллантирилади.
Мухториятнинг пойтахти этиб, Қўқон шаҳри танланади, чунки бу пайтда Тошкент Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари совети, яъни большевиклар назорати остида эди ва улар Туркистон мухториятни тан олмасди.
Мухториятнинг қўллаб-қувватланиши ва фаолияти
Туркистон аҳолиси мухторият тузилгани ҳақидаги хабарни жуда катта хурсандчилик билан кутиб олади. Қўқон ва Наманган шаҳарларида мухториятни қўлловчи митинглар бўлиб ўтади.
Ўша кунларда чоп этилган «Улуғ Туркистон» газетасида ёзилишича, 1917 йилнинг 6 декабрда Тошкентда мухториятни қўллаш учун Саидғани Махдум бошчилигида катта митинг ўтказилади ва унда 60 минг инсон иштирок этади. Митингда, шунингдек, Мунавварқори Абдурашидхонов, Шерали Лапин ва Миён Бузрук каби жадид дарғалари ҳам иштирок этади. Йиғилганлар мухториятни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, Туркистонда энди ушбу муваққат ҳукуматдан бошқа ҳеч қайси ҳукумат тан олинмаслигини эълон қилади.
Худди шу куни Жалолобод волости(тумани)даги Хонобод қишлоғида ҳам мухториятни олқишловчи намойиш ўтказилиб, унда Ҳусейн Валидий ва Абдулла эшон йиғилганларга мухториятинг моҳияти ва мақсадини тушунтиради. Хонободликлар мухториятга ёрдам учун 500 сўм миқдорида пул ҳам йиғади.
Туркистоннинг қолган қисмларида ҳам мухторият эълон қилингани кўтаринкилик билан кутиб олинади. Самарқандда бўлиб турган Фитрат мухторият эълон қилинган кунни «миллий лайлатул қадримиз» деб атайди. Чўлпон Туркистон мухторияти учун «Озод Туркистон» маршни ёзади. Ушбу марш кейинчалик мухторият мадҳиясига айланади.
Туркистон мухторияти ҳукумати ҳақиқий миллат фидойилардан ташкил топганди. Улар ўша вақтда кузатилаётган очлик муаммосини ҳал қилиш учун турли тадбирлар уюштиради, озиқ-овқат марказлари ташкил қилади, маҳаллий бойларни хайрия тадбирларига жалб қилади, Шарқий Туркистондан озиқ-овқат келтириш масаласи кўрилади.
Ҳарбий вазир Убайдулла Асадуллахўжаев раҳбарлиги миллий армия тузилади. Унинг таркибидаги аскарлар сони минг нафаргача етади. Бундан ташқари Қўқонда Кичик Эргаш бошчилигида милиция бўлинмалари ҳам тузилади.
Туркистонда маҳаллий аҳолининг мустақил давлати ташкил топиши ва мустаҳкамланиши, шубҳасиз, Москва ва Тошкентдаги большевикларга ёқмасди. Улар Туркистон Мухториятининг кучайиб кетиши, аҳоли томонидан катта қўллаб-қувватловга эга бўлиши ва охир-оқибат тўла мустақилликка эришишдан хавотирга тушади.
Туркистон мухториятнинг қонга ботирилиши
Мухторият ташкил этилган илк кунларданоқ большевиклар етакчилик қилувчи ўлка Халқ комиссарлари совети унга қарши кайфиятни кўрсата бошлади.
1917 йил 13 декабрь куни Тошкентнинг эски шаҳар аҳолиси «Мухториятли Туркистон учун!» шиори остида тинч намойиш ўтказишга қарор қилади. Аммо Тошкент шаҳар совети большевиклари бу ташаббусга кескин муносабат билдиради ва ҳарбий куч ёрдамида оломонни тарқатиб, шаҳарда тартиб ўрнатишга буйруқ беради. Қизил аскарлар тинч аҳолига қарши қуролдан фойдаланади ва митингнинг 16 нафар иштирокчиси отишма қурбони бўлади.
1918 йил январь ойидан мухториятни тугатиш учун жиддий ҳаракатлар бошланади. 19-26 январь кунлари Тошкентда ишчи, аскар ва деҳқон депутатларининг биринчи фавқулодда съезди бўлиб ўтади. Съезд Туркистон мухториятини қонундан ташқари деб эълон қилади ва мухторият ҳукумати аъзоларини қамоққа олиш ҳамда Қўқонга ҳарбий юриш қилиб, мухториятни тугатиш ҳақида қарор қабул қилади.
Туркистон Халқ Комиссарлари Совети (ТХКС) мухториятни ағдариш учун ҳарбий тайёргарлик кўришни бошлайди. ТХКС раиси Фёдр Колесов мухториятни йўқ қилиш учун Москвадан ёрдам сўрайди. Марказ Туркистонга 11 та эшелонда 10 мингдан кўпроқ аскар жўнатади. Уларга арман дашноқлари ҳам қўшилади.
13 февраль куни Фарғонада қизил аскарлар ва маҳаллий аҳоли орасида илк тўқнашувлар юз беради. 14 февраль куни Фарғона вилоятида ҳарбий ҳолат эълон қилинади. Қўқондаги Туркистон мухториятини қулатиш операциясига Қўқоннинг янги шаҳар совети раиси большевик Ефим Бабушкин раҳбарлик қилади. Шаҳарга 200 яқин аскар билан биринчи ҳужум бошланади.
Вазият шундай таҳликали тус олиб, бутун мамлакат ва миллат тақдири ҳал бўлаётган вақтда, афсуски, мухториятнинг ўзида бўлиниш юз беради. 18 февраль куни «Шўрайи Уламо» раҳбарлигида тўнтариш ўтказилиб, Мустафо Чўқай бош вазирликдан кетади ва Қўқонни тарк этади. Ҳокимият Кичик Эргаш қўлига ўтади.
Тез орада большевикларга Константин Осипов бошчилигида ёрдамчи кучлар келиб қўшилади. Қўқонни мухториятнинг минг кишилик армияси билан бирга ўн минглаб оддий аҳоли ҳимоя қилади. Аммо кучлар тенг эмас эди. Қўқонликлар қизил армиянинг замонавий қуролларига қарши болта, чўкич ва таёқ билан курашади. Шундай бўлсада, жасур мухториятчилар шаҳарни уч кун мардонавор мудофаа қилади.
Ефим Бабушкин ва Константин Осипов
Большевиклар ушбу уч кун давомида Қўқонни артиллерия тўпларидан тинмай ўққа тутади. Қўқон вайронага айланади, қизил аскарлар ва арман дашноқлари ҳеч кимга шафқат қилмайди. Минглаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлади.
«Улуғ Туркистон» газетаси ушбу қонли кунларни шундай тасвирлаган: «20 февраль Хўқанд тарихининг энг даҳшатли куни эди. Бунда арманилар айрича фаолият кўрсатганлар…
Хўқанд ҳозир ўликлар шаҳри».
22 февраль куни Қўқондаги Рус-Осиё банки биносида большевиклар томонидан тайёрланган «тинчлик шартномаси» имзоланади. Ушбу шартномага кўра, минтақа аҳолиси Халқ комиссарлари совети ва барча маҳаллий совет ташкилотлари ҳокимиятини тан олади. Шу тариқа 72 кун яшаган Туркистон Мухторияти хотима топади.
Қўқон воқеаларидан сўнг, дашноқ тўдалари бутун Фарғона бўйлаб тарқалиб, Чуст, Бозорқўрғон, Марғилон ва бошқа ҳудудларда погром уюштиради.
Большевиклар мухториятни қулатган бўлса ҳам унинг асосий аъзоларини қўлга олишга эриша олмайди. Чунки уларнинг аксарияти бу вақтда бошқа жойда эди. Хусусан, Мустафо Чўқайнинг ёзишича, Қўқон большевиклар томонидан қамал қилинганда, Носирхонтўра Наманганда, Соломон Ҳерсфелд Самарқандда, Убайдуллахўжа Ассадуллахўжаев Ашхобод-Самарқанд йўлида, Обиджон Маҳмудов Бухорода бўлган.
Қўқонда эса Миродил Мирзааҳмедов, Абдураҳмон Ўразаев, Ҳидоятбек Агаев ва Мустафо Чўқай қолган. Бироқ улар ҳам шаҳардан ўз вақтида чиқиб кетишга улгурган, фақатгина Ислом Шоаҳмедов большевиклар қўлига тушиб қолган ва қамоққа олинган. Муттасил қийноқлар ва босимлар натижасида ўзбек халқининг бу зиёлиси ақлдан озар даражага келтирилган. 1918 йил май ойида большевиклар томонидан Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тирик қолган аъзолари амнистия қилингач, қамоқдан чиқарилган. Бироқ орадан кўп ўтмай, 1922 йилда вафот этган.
Туркистон мухторияти — ўзбек халқи ўтмишидаги ҳам энг шонли, ҳам энг қайғули саҳифалардан бири. Оддий халқ бу давлат тимсолида узоқ кутилган эркинлик, тенглик, очиқликни кўрганди. Жадидлар ушбу мухторият орқали миллий давлат тузиш, Туркистон халқларини бирлаштиришни орзу қилганди. Аммо афсуски, большевиклар бошлиқ совет давлати ўзбек халқига келажагини ўзи ҳал қилишига йўл бермади.
Бироқ ўзбек халқининг эркинликка муҳаббати ҳеч қачон ўлмаган. Туркистон мухторияти қулатилгандан кейин бутун минтақа бўйлаб истиқлолчилик (совет адабиётларида «босмачилик») ҳаракати авж олади ва улар 1930 йилларгача курашни давом эттиради.
Туркистон истиқлолчилари
Ўзбекистон учун Туркистон мухторияти мероси жуда улкан аҳамиятга эга. Ҳозирги мустақилликни қадрлаш, уни мустаҳкамлашда, шубҳасиз, Туркистон мухторияти фаолияти ва унинг қулатилишидан керакли сабоқларни чиқариш лозим.
Муҳаммадқодир Собиров
Oyina.uz
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ